Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзолиги ўзидан кўра бошқалар учун фойдалироқ

08.04.2020 15:04:31

Ўзбекистон иқтисодиёти рақобатбардошлигини ва экспорт салоҳиятини ошириш давлат сиёсатининг асосий йуналишларидан бири ҳисобланади. Ушбу мақсадларга эришиш учун халқаро иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва Жаҳон бозорига интеграциялашув жараёнини жадаллаштириш зарур. Бунда энг аввало, Ўзбекистон Бутунжаҳон савдо ташкилоти, Европа Иттифоқи ҳамда Евроосиё иқтисодий Иттифоқи билан ҳамкорлик кун тартибига чиқмоқда.

Жумладан, ҳозирги карантин шароитида масофадан туриб ишни ташкил этган “Адолат” СДП фракцияси аъзолари бир қатор қонун лойиҳалари қатори Ўзбекистоннинг ЕОИИга иштирок масаласини ҳам кўриб чиқмоқда.

Албатта, унинг ижобий ва салбий жиҳатлари ҳақида кўпчилик ўз фикрини баён қилиб улгурди. Шу ўринда айрим масалаларга тўхталиб ўтишни лозим топдик.

Айрим экспертлар томонидан таъкидланганидек, ЕОИИга аъзо бўлишнинг ижобий жиҳатлари ҳам йўқ эмас. Булар, ташқи савдо айланмасини ошиши, маҳсулотлар, тармоқлар, умуман, иқтисодиётнинг рақобатбардошлиги ошиши, ташқи миграция каби йўналишларда намоён бўлиши қайд этилмоқда.

Иккинчи томондан, мазкур ташкилотга аъзолик кўпгина йўналишларда салбий ва муаммоли жиҳатларни ҳам келтириб чиқириши мумкин.

ЕОИИ ягона божхона тарифи қўлланилиши сабабли республикада ва аъзо мамлакатларда ишлаб чиқарилмайдиган технологик ускуналар ва хомашё импорти талаб этадиган йирик инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш қийинлашади, айрим ҳолларда бутунлай тўхтайди. Вазирлар Маҳкамасининг таҳлилларига кўра бу ерда гап нефт-газ, электроэнергетика, кимё, озиқ-овқат ва бошқа соҳалардаги қиймати 63 млрд АҚШ долларига тенг 361 та лойиҳа ҳақида кетмоқда.

Ўзбекистонга ЕОИИга аъзо мамлакатлар билан чегаралар орқали учинчи мамлакатлардан контрабанда товарларнинг оқими кучаяди.

Ҳозирда ЕОИИ бозорига кириш учун маҳсулотлар ва хизматлар учун 48 та техник регламент мавжуд. Ўз-ўзидан савол туғилади. Ўзбекистондачи?  Ўрганишларга кўра мамлакатимизда уларнинг атиги 5 тасигина амалиётда қўлланилади. 29 та регламент умуман мавжуд эмас. 14 та миллий регламент билан Иттифоқнинг техник регламентлари ўртасида жиддий тафовутлар мавжуд. Бу рақамлар эса ЕОИИ мамлакатлари биз учун эмас, улар учун Ўзбекистон салоҳиятли бозор сифатида кўрилмоқда.

Агар Ўзбекистон ЕОИИга юмшатувчи ва ўз шартлари билан кирмас экан, инвестиция фаоллигига сусайиб, ялпи ички маҳсулот ўсиш суратлари, ишлаб чиқариш ҳажмлари пасаяди.

Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, ЕОИИ ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларда иқтисодий ва бошқа йўналишлардаги манфаатдорлик бўйича тарози палласи тенг кўринишга ёки Ўзбекистон томонига оғмагунча ҳамкорлик масаласида қатъий қарор қабул қилишга ҳожат йўқ деб ҳисоблайман. 

Махфират ХУШВАКТОВА

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+