Партиядош шифокор маслаҳати: Сизга юрак “раҳмат” дейди!

11.04.2020 12:04:53

 

Инсоннинг фойдали одатлари турли жабҳаларда бўлади: оила, молия, таълим, иш, ташқи кўриниш ва ҳоказо. Бордию рўйхатимиз аввалида саломатлик турса, янада яхши. Соғлом бўлай десангиз, аввало юрагингизни асранг, уни мақташга, рағбатлантиришга киришинг. Қандай қилиб, дейсизми? Қуйидаги 5 олтин қоидани ҳаётимизда жорий қилиш орқали.

Бадантарбия – юракка совға

Спортнинг фойдаси қанча кўп тилга олинмасин, у билан доимий шуғулланиш имконияти ҳаммада ҳам мавжуд эмас. Аммо эрталабки бадантарбия танани чиниқтиришнинг осон, қисқа, қулай усулидир. Бу учун барвақт туриб, 10-15 дақиқа вақт ажратсангиз кифоя. Тонгда бажарувчи енгил машқлар бутун организмни уйғотади, тетиклаштиради, айниқса юракка қувват беради.

Демак, юрак ҳам тонгдан рағбатни қабул қилса, кун бўйи тетик юради.

Тонгги машқлар индивидуал белгиланади. Улар жуда мураккаб ва тез чарчатувчи бўлмаслиги лозим. Бошдан бошланг. Илк машқлар бош ва бўйин ҳаракатига қаратилиши даркор. Машқларни ритмик мусиқа садолари остида бажаринг. Нафас олиш ва юрак уриш ҳолатини назорат қилинг, пульс ва қон босимини ўлчанг.

Машқлар қулай жойда бажарилиши мақсадга мувофиқ. Ҳаво иссиқ бўлса, ташқарини танланг. Қулай, терлатмайдиган кийим кийинг. Машқларга киришиш олдидан ширин чой ичиш фойдали. Бу суюқлик қон бўйлаб тарқалади, шакар энергия беради ва натижада юракка босим кам тушади.

Бадантарбия тугагач, душ қабул қилинг ва нонуштага ўтиринг. Тўйиб овқатланишингиз мумкин. Эрталабки таомнома оқсил ва углеводларга бой бўлиши лозим.

Калий, магний, кальций– таомномадаги бош қаҳрамонлар

Юрак қон-томир хасталикларининг 5-10 фоизи наслдан наслга ўтади. Кўриб турганингиздек, бу жуда кам кўрсаткич. Дардни тилаб олувчи – инсоннинг ўзи, зарарли одатлари! Кардиомуаммоларнинг асосий сабаби нотўғри овқатланишдир. Туз, концентратлар, колбаса, сосиска, чипслар, приправалар – юрак қон томирлари душмани. Шунингдек, фруктозаси кўп ичимликлар, шакари кўп маҳсулотлар организмнинг “мотор”и учун хавфли.

Юракни сийламоқчи бўлсангиз, аскорбин кислотасига бой егуликларни кўп истеъмол қилинг. Бошқача айтганда, С витамини юрак қон томирларини яллиғланишдан асрайди, тромблар хосил бўлишининг олдини олади. Демак, ёрқин рангдаги мева ва сабзовотлар юракни севинтиради. Бу қарилик чоғингизга қадар юракни ёшартириб туради. Калий билан дўст тутиниш инсульт ва гипертониядан профилактика қилади. Магний юрак хасталикларининг кўплаб турларига қарши курашади. Кальций эса инфаркт эҳтимолини пасайтиради.

  Калийни картошка, томат, лавлаги, баргак, балиқ гўшти, қовоқ, апельсин, банан, нўхат, магиздан топасиз.

Магний манбаи писта, қовоқ уруғи, кунжут, ёнғоқ, какао, ясмиқ, буғдой, қўзиқорин, гуруч, петрушка, ер ноки ҳисобланади.

Кальций барча турдаги сут маҳсулотлари, дуккакли донлар, бодом, кўкатлар, анжир, туҳум, зайтун, узумда кўп учрайди.

“Яхши ёғлар”ни танланг

Ёғларнинг ҳам яхши-ёмони бўларканми, дейсизми? Албатта! Масалан, синтетик ёғлар юрак учун энг ёмонидир. Трансёғлар ҳақида ҳам худди шундай дейиш мумкин. Чунки улар ўсимлик ёғидан гидрогенизация йўли орқали олинади. Водород билан бойитиш жараёнида суюқ ёғ қаттиққа алмашади. Тадқиқотлар кўрсатмоқдаки, юрак қон-томир хасталиклари трансёғлар истеъмоли билан бевосита боғлиқ. Синтетик ёғлар эса юракка юк туширишдан ташқари жигар касалликлари, диабет, саратонни келтириб чиқаради. Шундан келиб чиқиб кундалик истеъмолдан маргаринни имкон қадар чеклаш тавсия этилади. Дўконларда сотиладиган пирожниелар, картошка-фри ва чипсларда трансёғлар жуда кўп. Ҳайвон ёғлари бу борада хавфсизроқ, аммо холестерин миқдорини ошириб юборади. Стеарин, пальмитин, миристин, лаурин ва бошқа ёғ кислоталари билан бойитилган ёғлар атеросклерозни ривожлантиради.

Демак, ўсимлик ёғи – идеал танлов. Овқат учун шуни ишлатиш керак. Бундан ташқари, ёнғоқ, бодом, арахис, писта таркибидиги ёғ ҳам юрак учун кони фойда.

Юракни сув билан суғоринг

Албатта, бу гап кўчма маънода қўлланилмоқда. Айтмоқчимизки, қанча кўп сув ичсак, юрак шунча мазза қилади. Сувсизлик эса юракда қон айланишига салбий таъсир кўрсатади.

Унутмангки, кўп сув ичиш юраги соғломлар учун тавсия. Бирор бир муаммо қайд этилганлар сувни кам ҳам, кўп ҳам эмас, меъёрий миқдорда ичишлари жоиз. Масалан, кунига 1,5-2 литр. Бунинг кўп қисми қайнатилган ичимлик суви ҳисобига тўғри келиши лозим. Гиёҳли дамламалар, ширини ўткир бўлмаган шарбатларга ҳам жой ажратган маъқул.

Тузни чекланг

Тузни имкон қадар кам истеъмол қилишингиз лозим. Рационда натрий хлориднинг хаддан зиёдлиги гипертония, шишлар, томирлар билан боғлиқ муаммолар, буйрак ва юракдаги носозликни келтириб чиқаради. Албатта, тузсиз таом мазали бўлмайди. Шундай экан, тузни барра каром, кўк пиёз, саримсоқ, лимон билан алмаштиришингиз мумкин.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ўрнатган меъёрга кўра, бир кунлик туз истеъмоли катталар учун – 5 грамм, болалар учун 2 грамм.

Факт:

- Юрак хасталиклари сабаб бевақт ўлимга юз тутувчилар хавф гуруҳида кашандалар, семизлар, камҳаракатлар, ичкиликка ружу қўйганлар туради.

- Юракка ёқувчи егуликлар: салат барги, петрушка, гулкаром, цитрус мевалар (айниқса банан ва киви), баргак, картошка, қовурилган помидор.

Хуршид ФОЗИЛОВ,

Республика ихтисослашган Кардиология

илмий-амалий тиббиёт маркази Қарши филиали директори,

Халқ депутатлари Қашқадаре вилояти Кенгаши депутати, сенатор

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+