Покизаликни бобою момоларимиздан ўрганайлик!

07.04.2020 11:04:29

Давлатимиз раҳбари жорий йил 3 апрель куни халқимизга қилган Мурожаатида “япон феномени” ҳақида бежиз тўхталмади. Чунки бу халқда ўзига хос саломлашиш, шахсий масофани сақлаш, тез-тез кийим алмаштириш, юз-қўлни ювиш, тўла ювиниш, тўғри овқатланиш, фаол турмуш тарзи ва спорт каби 13 та қоида ва урф-одат ҳозиргача сақланиб қолган.

Кўряпсизми, қадриятларда қанча ҳикмат бор?! Ваҳоланки, бизда ҳам азал-азалдан одамлар бир-бири билан қўлини кўксига қўйиб саломлашган. Меҳмон келса, уйга таклиф қилишдан аввал қўлига сув қуйилган. Ўзаро мулоқотларда масофа сақлаб суҳбатлашилган. Буни Президентимиз ҳам эсга олди.

Ана шу ажойиб одатларимиз қадри ҳозирги синовли кунларда кўпроқ билиняпти. Ота-боболаримиз ақлу закосига тасаннолар айтаяпмиз.

Кечагидек кўз ўнгимда. Болалигим ўтган Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманидаги “Мойбулоқ” қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли Бурган қишлоғида одамлар қўлини кўксига қўйиб, тавозе билан саломлашарди. Агар ёши улуғ инсон қўл узатмаса, кўришишда масофа сақланарди. Фақат ҳайит номозларидан кейин кишиларнинг қучоқ очиб кўришганини кўрганмиз, холос. Ўшанда ҳам улар юзларини четга қаратиб туришади.

Меҳмон кутишда ҳам худди шундай тозалик қоидаларига қатъий риоя қилинарди. Уни ичкарига таклиф қилишдан аввал ҳам, дастурхонга марҳамат, дейишдан аввал ҳам қўлига сув қуйиш нафақат одат, балки одоб саналарди. Болалигимда, меҳмонлар хонага киргач, елкамга сочиқ ташлаб, чап қўлимда дастшуй, ўнг қўлимда обдаста билан кириб келардим ва чапдан ўнгга қараб бирма-бир ҳамма ўтирганларнинг қўлига сув қуйиб, сочиқ тутардим. Шундан кейин дастурхон ёзиларди. Дастурхон йиғиштириб олингач ҳам, яна шу иш такрорланар эди...

Яна бир қизиқ мисол: қишлоғимиз туман марказидан узоқ бўлгани боис, ҳудудимиз аёлларига бир нафар фельдшер хизмат кўрсатарди. Туғруқхона, жамоат транспорти ҳақида ҳеч қандай тасаввуримиз бўлмаган. От ва эшак асосий транспорт воситаси эди. Шу сабабли ҳамма аёллар ўз уйида, агар кечаси бўлса чироқ ёки фонус ёруғида кўзи ёрирди. Ҳар бир оилада ўн-ўн беш нафар фарзанд бўларди.Энди савол туғилади: ана шундай оғир шароитда улар шунча болани қандай катта қилишган? Энг аввало, тозаликка риоя қилиш, покиза рўзғор тутиш билан, десак, хато бўлмайди.

Оилага келин туширилгандаги тутумларимизга ҳам ҳавас қилса арзийди. Хонадонга келинчак келдими, албатта, чилласи чиққунига қадар унинг хонасига бегоналар кирмаган. Ҳар куни эрталаб хонага исириқ тутатилган ва сўнгра ҳавоси тозаланган. Чақалоқ дунёга келгач ҳам шундай йўл тутилган. Қирқ кун давомида исириқ тутатилган. Гўдак ётган хонага ҳатто отаси ҳам даб-дурустдан кирмаган. Ювиниб, кийимларини алмаштириб, сўнг қадам қўйган.

Оналар боласини оғзига дока тортилмаган ҳолда умуман қўлига олмагани ҳам ҳақиқат. Бошига эса «лачак» деб номланадиган докадан тикилган чорсу танғиб олган. Тез-тез алмашлаб туриладиган ана шу мато она билан бола ўртасида иҳота вазифасини ўтаган. Бундан ташқари, оналаримиз қўл бармоқларигача тўлиқ ёпадиган узун енгли кўйлаклар кийишган. Бу замонавий нуқтаи назардан қўлқоп вазифасини бажарган.

Ана шуларни ёдга олар эканман, ҳар асрда такрорланиб турадиган вабою ўлатларни енгган ота-боболаримизнинг турмуш маданиятидан анча узоқлашиб кетмадикмикан, деган ўй ўтди хаёлимдан.

Демак, ўзимизни асраш, тозалик ва покизалик бобида аждодларимиз яратиб кетган ибрат мактабидан ўрганадиган жиҳатларимиз кўп. Шундагина, ҳар қандай балои офат юртимизни четлаб ўтса, ажаб эмас.

Абдукамол РАХМОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+