Қонунлар ижроси билан кучли

24.01.2020 14:01:53

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи ташкилий мажлисидаги маърузасида халқ вакиллари ҳисобланган депутатлар олдида турган долзарб вазифаларга тўхталиб ўтди.

У ўз нутқида сўнгги беш йил ичида қуйи палата фаолияти сезиларли даражада жонланганлиги, шу давр мобайнида 540 та, яъни 2010-2014 йилларга нисбатан 2 баробар кўп қонун лойиҳаси кўриб чиқилганлиги, хусусан  Фуқаролик процессуал кодекси, Иқтисодий процессуал кодекс, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс, Сайлов кодекси каби муҳим ҳужжатлар қабул қилинганлиги, шунингдек, охирги икки йилда тўғридан-тўғри амал қиладиган қонунлар ишлаб чиқила бошланганлигини таъкидлади.

Шу билан бирга, ҳар бир қонун лойиҳаси бўйича бевосита халқимиз фикрини ўрганиш мақсадида жойларда жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш амалиёти йўлга қўйилганлиги, бунинг натижасида 400дан ортиқ қонун лойиҳасидаги мингга яқин талаб ва нормалар фуқароларимиз томонидан  билдирилган таклифлар асосида такомиллаштирилганлиги, шунингдек, одамларимиз томонидан билдирилган фикрлар, танқидий мулоҳазаларидан келиб чиқиб, 16та қонун лойиҳаси рад этилганлиги ва ташаббускор идорага қайтарилганлигини айтиб ўтди. 

Аввало, қонун, фармон ва қарорлар ижросини тўғри ташкил этиб, амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳар бир туман ва қишлоққача етиб боришини таъминлаш зарурлиги таъкидланди. 

“Биз қанча мукаммал қонун, фармон ва қарорлар қабул қилмайлик, агар улар жойларда етарлича амалга оширилмаса, шунча меҳнат ва саъй-ҳаракатимиз натижаси сезилмай қолаверади.

 Агар қабул қилинаётган ҳар бир қонуннинг ҳудудларда ижроси таъминланса, энг асосийси, халқимиз қабул қилса, ҳар бир ташкилотнинг йўлини кўрсатиб, уни назорат қиладиган қонун бўлса, жамият ўзгаради, муносабат ўзгаради, вазият ўзгаради, натижа бўлади”, дея таъкидлади Президент.

Қуйи палата ҳар бир қонун лойиҳаси бўйича холис баҳс-мунозара ва тортишувлар маконига, турли ижтимоий манфаатлар ўртасидаги кураш майдонига, чинакам демократия мактабига айланиши, асосий эътибор қонунлар халқ манфаатини қанчалик ифода этишига қаратиши лозимлигини таъкидлади.

“Дарҳақиқат, халқ вакиллари бўлган депутатлар ўз ваколатига асосланиб, жасур, талабчан ва қатъиятли бўлиши, фуқароларнинг манфаатига хизмат қилмайдиган қонунлар қабул қилинишига йўл қўймаслиги шарт. Ҳар бир қонуннинг, таъбир жоиз бўлса, кўзи, оёғи, ижроси бўлиши лозим. Қонун қабул қилиндими, албатта, ҳаётда ўзгариш бўлиши керак”, – деди Президент.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, биз депутатлар хаётга таъсир этадиган ва жамиятда ижобий ўзгаришларга сабаб бўладиган қонунларни қабул қилинишига тўла масъул эканлигимизни унутмаслигимиз керак. Зеро, қабул қилинаётган қонунларимиз, энг аввало, халқ иродасини ифода этадиган бўлиши, халқ манфаати учун, аҳолининг муносиб ҳаёт кечиришини таъминлашга хизмат қилиши шарт.

Иномжон Қудратов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси  

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+