Сайёҳликнинг сариқ силсиласи ёхуд мамлакат иқтисодиётнинг олтин захираси

15.01.2021 20:01:19

(мулоҳаза ва муҳокама учун мавзу)

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида бир қатор долзарб масалалар қаторида сайёҳлик масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бу бежиз эмас, албатта. Дарҳақиқат, сайёҳлик мамлакат иқтисодиётининг олтин захираси, сариқ силсиласидир. Ҳаммамизга маълумки, мамлакатимиз сайёҳлик соҳасида улкан салоҳиятга эга, аммо бу имкониятдан, очиғини айтганимизда, ҳали тўлиқ ва самарали фойдалана олганимиз йўқ. Давлатимиз раҳбари қайта-қайта таъкидлаганидек, сайёҳлик ривожи учун қулай иқтисодий ва ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш, ундан унумли фойдаланиш севимли Ватанимиз иқтисодиёти равнақ топишининг муҳим шарти ҳисобланади.

Шундай мақсадларни кўзлаган Президентнинг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, сайёҳлик мамлакатимиз иқтисодиётининг стратегик тармоғи сифатида белгиланди. 2017 йил 16 августидаги қарори билан эса 2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Мазкур фармон ва қарорлар ижроси жадал ва тўлиқ таъминланар экан, соҳада янги ютуқларга эришишимиз, мамлакат хазинасини бойитишимиз шубҳасиз. Давлатимиз раҳбарининг таъбири билан айтганда биз сайёҳга шарт қўйиш эмас, балки шароит яратишимиз зарур.

Мурожаатномада ҳудудларни ривожлантириш борасида алоҳида сўз юритилди. Бунинг учун муҳим омил сифатида ҳудудлараро транспорт алоқасини таъминлашга эътибор қаратилди. Барча аҳоли пунктларидан пойтахтимизга, энг йирик шаҳарлар ва туристик марказларга тезда келиб-кетиш имкониятини берадиган, ўзаро боғланган транспорт тармоғининг яратилиши жумладан, иккита тезюрар поезд ҳаракатининг йўлга қўйилиши, Буxоро – Урганч – Xива темир йўлининг электрлаштирилиши, қишлоқларни туманлар марказлари билан боғлайдиган узлуксиз автобус қатновларининг хусусий сектор иштирокида кўпайтирилиши ички туризм ривожи учун янги эшикларни очади.

Шу жиҳатдан бир қатор ҳудудий аэропортлар давлат-хусусий шериклик асосида ташқи бошқарувга берилиши бу борадаги имкониятларни янада оширади. Ички туризм йўналишларидаги авиақатновлар йўлга қўйилиши, авиачипта нархларида чегирмалар яратилиши, жаннатмакон юртимизнинг, сўлим гўшаларимизнинг жозибадорлигидан баҳра олишга интилган юртдошларимиз ва меҳмонлар учун қулай шароит бўлиб хизмат қилади. Зеро, ўлкамиз табиати, ҳар қарич ери ватандошларимиз қалбида фахр-ифтихор уйғотишига, хорижлик меҳмонлар қалбидан ўчмас жой олишига арзигулик. Биз бунга аминмиз.

Туризм объектлари атрофидаги ер майдонлари, сув ва йўл инфратузилмаларини яхшилаш учун бюджетдан бир триллион сўм ажратилиши ҳам халқимиз томонидан жуда илиқ кутиб олинди. Дарҳақиқат, маданий меросга, ота-боболаримиз қолдирган ўчмас изларга бўлган бундай эътибор янги ислоҳотларни ишонч билан бошлашга ундовдир.

Бинобарин, маърузада таъкидланганидек, 2021 йилда туризм соҳасида изчил ислоҳотларни давом эттириш иқтисодий барқарорлик кафолатларидан бири ҳисобланади. Агар биз тарихимизга, асор-атиқаларимизга саёҳат қиладиган бўлсак, ички туризм, шу жумладан, зиёрат туризмини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратсак, шубҳасиз, янги ютуқларга эришамиз. Ваҳоланки, зиёрат туризми бўйича мамлакатимизнинг салоҳияти жуда юқори, Ислом дунёсида тан олинган алломаларнинг мақбаралари, табаррук қадамжолар, буюк алломалар қолдирган илмий, маданий-маърифий ва давлатчиликнинг нодир излари сон-саноқсиз.

Эътироф этиш жоизки, туризмнинг фойдаси фақат иқтисодий жиҳатда намоён бўлмайди, соҳа ривожи тарихимиз, миллий маданиятимиз, қадриятларимиз ривожига ҳам салмоқли таъсир кўрсатади. Шу мақсадларда, маданият ва санъат муассасалари фаолиятини жонлантириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ҳудудларда театр ва маданият объектларини қуриш ва сифатли таъмирлаш вазифалари топширилди.

Тошкент шаҳрининг марказида Миллий академик драма театри, машҳур япон архитектори Тадао Андо лойиҳаси асосида янги санъат музейи, замонавий кутубхона ҳамда Алишер Навоий номидаги халқаро ижод мактабидан иборат маданият ва маърифат мажмуасини барпо этиш, Мустақиллигимизнинг 30 йиллигига бағишлаб, пойтахтимиз марказида “Истиқлол” мажмуаси қуриш жорий йил учун мўлжалланган эзгу ишлар рўйхатига киритилди. Албатта, мазкур маданий объектларнинг бари муҳташам тусда қад ростлаб, юртимизга кўрк бағишлаб туриши билан бирга, халқимиз тафаккурининг бундан-да ўсишига, маънавиятининг янада юксалишига муносиб ва муқаррар равишда ҳисса қўшади.

Юртбошимиз бебаҳо маданий меросимиз – айрим обидаларимизга зарар етказиш ҳолатлари учраётганлигини афсус ва куюнчаклик билан тилга олганида, очиғи, виждонимиз озор топди. Йиллар, асрлар давомида ота-боболаримиз кўз қорачиғидек асраб келаётган, ҳатто босқинчиликлардан, халқимиз иродасига ёт мафкура тазъйиқларидан ҳам омон-эсон асраб қолган миллий бойлигимизга бўлган (савдо, овқатланиш, базмхоналарга айлантириш, шакл-шамойилини ўзгартириш, бузиб юбориш каби) шафқатсиз ва жаҳолатли муносабатлар дилимизни хуфтон қилаётгани ҳам бор ҳақиқат. Бу каби муаммолар, албатта, тегишли давлат органлари, шунингдек, халқимизнинг жамоатчилик назоратига олинади ва ҳал этиш чоралари кўрилади. Маданий мерос объектларининг ҳисобини юритиш, сақлаш ва ҳимоясини таъминлаш бўйича алоҳида дастур қабул қилиш ташаббуси қўллаб-қувватланади. Биз, жамоатчилик вакиллари бу йўналишдаги ислоҳотларга ҳар доим камарбаста бўлишга тайёрмиз.

Шу ўринда, келгусида сайёҳлар учун янада кўпроқ майдон яратиш ҳамда биринчи, иккинчи ва учинчи ренессанслар занжирларини бир-бирига мустаҳкам пайвандлаш, пировардида, сариқ силсилага айлантириш мақсадида соҳа мутахассислари билан айрим таклифларимни ўртоқлашишни лозим топдим.

Биринчиси. Бизнинг юртимиз буюк бобокалонимиз адолатпарвар Амир Темур ва унинг сулоласи билан бутун дунёга машҳур бўлганидек, ўша пайтларда салтанатнинг пойтахти бўлган Самарқанд ҳам рўйи заминга машҳур.

Мана шу машҳур шаҳарда, аниқроғи Регистон майдонида Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг ҳайкали ортидан гўё қанотларини ёзиб турган Семурғ сингари жойлашган, худди Париждаги Лувр, Лондондаги Британия, Нью-Йоркдаги Метрополитен музейи, Қоҳирадаги Қоҳира давлат музейи, Санк Петербургдаги Эрмитаж сингари катта ва дунёда ўз салоҳияти ва жозибаси бўйича бетакрор виқорга эга бўлган Халқ музейи яратиш муҳтарам Президентимизнинг залворли чақириқларига жавоб бўлади.

Токи уни нафақат Самарқанд, балки мамлакатимиз бўйича мавжуд маданий мерос обидаларига, тарихда дунёвий ва диний салоҳияти билан ўчмас из қолдирган аждодларимиз ҳаёти ва уларнинг меросларига, улуғ халқимизнинг қудратли билимига, маънавий-маърифий ва диний қадриятларига, урф-одатларига, халқаро дўстлик ришталарига, уруш ва меҳнатларда кўрсатган жасоратларига, “Қандия” китобидан ўрин олган тарихий маълумотларга, минглаб улкан мақбаралар остида ётган табаррук зотларга, мамлакатимизнинг турли гўшаларида жойлашган зиёратгоҳ масканларга оид асорий атиқалар билан безатилиши бой тарихимизга бўлган ҳурмат, деб баҳоланади.

Масалан, музейга кирган сайёҳ Шоҳимардоннинг макетини кўриб, унинг икки булоғидан икки рангдаги сув бир ариққа тушса ҳам алоҳида-алоҳида оқаётганига имон келтирсин. Ёки Сурхондарёда жойлашган туз тоғидаги шифобахш ғорни, ҳар йили минглаб маҳаллий сайёҳлар ташриф буюрадиган Ҳазрати Довуд ғорини музейда кўрсатиш ҳар қандай сайёҳнинг қалбида жойига бориб кўриш истагини уйғотади. Ваҳоланки, сайёҳларни ўзига тортадиган бу каби ноёб кўргазмали воситаларни Ўзбекистонда минглаб топиш мумкин.

Зеро, музейга кирган яхши ниятли сайёҳ албатта, тарих ўчоғини асл жойига бориб кўришга шошилсин. Ўзбек халқининг шон-шуҳратидан бохабар бўлсин... Абу Али ибн Сино, Махмуд Замахшарий, Муҳаммад ал Хоразмий, Мирзо Улуғбек, Абу Носир Фаробий, Аҳмад ал Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Муҳаммад Исмоил ал Бухорий, Имом ат Термизий, Бурҳониддин Марғиноний ва бошқа дунёнинг тузилиши ва қурилишига улкан ҳисса қўшган, жаҳон авгор оммасини лол қолдирган юртдош алломаларимизнинг туғилган ватанини, ўқиган мактаб-мадрасасини ўз кўзлари билан кўриб, ҳайратлансин.

Иккинчиси. Ўзбек халқи деганда, албатта, унинг меҳнатсеварлигини алоҳида эътироф этамиз. Шундай экан, халқимизнинг бу каби ноёб хислатларини нима учун дунёга кўз-кўз қилмаслигимиз керак, деган савол туғилади. Қолаверса, ким ўз она Ватани учун тер тўккан ота-бобоси ҳақида билишни истамайди. Мана шу мақсадда Катта Фарғона канали ҳамда Каттақўрғон сув омбори бўйлаб халқимизнинг “ҳашар” деган удумини, эл-юрт манфаати йўлидаги куч-қудрати ва жасоратини намоён этгувчи музейлар барпо этиш лозим бўлади.

Музейларнинг ташқи деворлари буюк сўз султони Алишер Навоийнинг афсонавий қаҳрамони Фарҳод сингари юрт ўғлонларининг тасвири ёш авлод онгига сингиб борадиган даражада яққол бўртиб кўринадиган, ҳар қандай сайёҳни беэътибор қолдирмайдиган меъморий хусусиятларга эга бўлиши жоиз бўлади.

Музейлар меҳнаткаш халқимизнинг келажак авлодлар учун бажарган эзгу ишларини, жипслик, ҳамжиҳатлик бўлса қўл меҳнати билан ҳам ҳар қандай улкан натижаларга эришиш мумкинлигини, қолаверса, елкаси кенг ўзбекнинг нималарга қодирлигини кўрсатиб турсин.

Албатта, сув бўйидаги ҳар иккала музей ҳам халқимизнинг номоддий мероси – Ҳашар удумини абадиятга муҳрлаб, машҳур меҳнат қаҳрамонларининг ҳеч бирини унутмаган ҳолда уларнинг суратлари, оилавий аҳволи, бажарган ишлари, иш қуроллари акс этган кўргазмали воситалар билан бойиши даркор.

Бундай музейлар ёш авлод учун ибрат оладиган, меҳнатсеварликни ўрганадиган ўқув марказларига айлансин. Ёш авлод вакиллари бу сингари тарихий ишлар ҳеч қачон унутилмаслигини ҳис этсин. Эътиборсиз қолмаслигини билсин.

Холбуки, белига нонини боғлаб, елкасига кетмонини ташлаб, кеча-ю кундуз меҳнат қилиш учун кўнгилли равишда каналга ёки ҳавзага етиб келган ватандошимиз бугунги янги авлод вакилларини ҳамжиҳатликка, бунёдкорликка, дахлдорликка чорлаётгани акс этиб турсин.

Абдукамол Рахмонов,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+