Салла ўрнига калла оладиган раҳбарчалар кўпайиб бормоқда

01.10.2019 19:10:51

...Раҳматли онамни ўйласам, у кишининг бегим кунлари бошидан қўймайдиган оддийгина чит рўмоли ҳам ёдимга тушади. Байрамларда эса албатта гулли рўмол ўраб, гул-гул очилиб юрарди. Ўша пайтлари рўмолсиз, бош яланг юриш аёл киши учун уят саналган бўлса керак-да. Зеро, ёдимдан қолгани, онам ҳатто шундоққина ён қўшнимизникига чиқса ҳам албатта бошига рўмол ташлаб оларди. Отам ишдан келганида ҳам онамнинг бошида албатта рўмол бўларди. Бу биз учун табиий ҳол эди.

Кейинроқ, шаҳарга келганимиздагина сочини тўзғитиб, бош яланг юрадиган хотин-халажни кўриб ҳайрон бўлганларимиз эсимда. “Ҳа, энди шаҳарда урф шунақа бўлса керак-да”, деб қўя қолгандик. Аммо, буни қарангки бу “урф” қисқа муддат ўтмай қишлоқларга ҳам кириб борди. Куни кеча отахон-онахонлар ёнидан бош яланг ўтишга истиҳола қиладиган қиз-жувонлар энди рўмолга салкам эскилик сарқити деб қарай бошлаганликлари, нари борса уни маъракаларда ўраш лозим, деган ажабтовур тушунчага ўтганликлари ҳам бор гап.

Ваҳоланки, кейинроқ айрим адабиётларда ўқиб-ўрганиб билдикки, рўмол нафақат миллийлик ёинки маънавият тимсоли, балки сиҳат-саломатлик, соч парвариши учун ҳам катта аҳамиятга эга экан. Ҳар қалай доно момоларимиз бежиз қиз фарзанд-у набираларидан рўмол ўрашни талаб қилишмаган экан.

Мана, комсомолча “будённовка”лар шўро замонида қолиб кетди, биз ўз қадриятларимизга қайтмоқдамиз. Кўчаларга қаранг, табаррук момо-бувиларимизнинг бошларидаги бири-биридан чиройли рўмолларига эътибор қилинг. Қанчалар гўзал!

Раҳбарликни “ўзим хон, кўланкам майдон” деб биладиган айрим кимсалар ҳамма замонларда ҳам бўлган. Бир пайтлар бундай кимсалар марказга ёқиш учун аёлларнинг чачвонига ёпишган, “Ҳужум” ҳаракати уюштирган. Буни қарангки, энди, мустақиллик замонида ҳам булар ора-сира ўзларининг аслида кимлигини билдириб қўядиган хатти-ҳаракатлар қилиб қўйишади, раият олдида бемаъни, маза-матрасиз гапларни тилга олишади, дўқ-пўписа, таҳдид қилишади.

Шундай раҳбарчалардан бири катта йиғинда уялмай-нетмай рўмол ўраб олган аёлга кўзи тушса, унинг рўмолини юлиб олиб, ўша туман ҳокими оғзига тиқиб қўйишини айтиб айюҳаннос солади. Бу нима, маънавий сўқирликми, фаросатсизликми, телбаликми? Бу билан нимага эришяпти у? Кимга, қандай ҳисобот бермоқчи эртага? “Фалонта аёлнинг бошидан рўмолини юлиб олдим!” дебми?  

Эссиз раҳбарлик... Одатда бундай кимсаларга икки карра икки тўрт бўлишини айтсангиз ҳам бақрайиб, тан олмай тураверади. Эҳтимол рўмол миллий либосимизнинг ажралмас қисми эканлигини ҳам улар тан олишмас. Аммо ҳақиқат барибир ҳақиқатлигича қолаверади.

Бундай раҳбарлар муҳтарам Президентимизнинг “Қандай ярашади ўзбекона рўмоллар. Қандай ярашади ўзбекона кийинишларимиз”, деган пурҳикмат сўзларини кабинетларига шиор қилиб осиб қўйишлари керакдир балки. Эҳтимол ана шунда улар салла ўрнига калла олишни бас қилишар. Ёки халқнинг нафратига учраб ўтиб кетаверадими бундай раҳбарчалар...

 

Убайдилла АБДУЛЛАЕВ

  Халқ депутатлари Гулистон туман Кенгаши депутати  

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+