Сериал кўриб, китоб ўқимаётган аёллар...

14.10.2020 16:10:22

Аёл - табиатнинг энг мукаммал яратилган мўъжизаларидан бири. Аёл шундай нозик ҳилқатки, қўлингиз тегса синиб кетади, нафасингиз тегса тўкилиб кетади.

Аёл -  жасоратли, ўша эртак қаҳрамони Фарходданда кучли. Шоҳу-гадоларни, шоиру-девоналарни дунёга келтириб, таълим-тарбия берадиган, елкасида дунёлар ташвишини кўтарсада жилмайиб табассум қилишга жасорат топа оладиган зотдир у.

Ҳа,  аёл оилада севимли рафиқа, турмуш ўртоғига оилани каму-кўстини тўлдириб турувчи маслакдошдир. Чаққон, уддабурон ва ҳамма оила аъзоларини кўнглини олувчи келин. Шириндан шакар фарзандларни дунёга келтириб, уларнинг соғлиги, тоза-озодалиги, тарбияси ва таълимини берувчи онадир. Ҳар соҳада самарали ва теран ғоялари билан юртимиз равнақига ўз ҳиссаларини қўшиб келаётган аёлдир.

Юртбошимизнинг 2020 йил 8 октябрдаги “Жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари” муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектордаги нутқида бу фикрлар ўз ифодасини топган.  Шундай экан, Юртбошимизнинг биз аёлларга бераётган эътиборлари, ғамхўрликлари ва ишончини суисътемол қилиш гуноҳдир.

Президентимиз таъкидлаганларидек, жамиятда, оилада асосан аёл киши фарзандлар тарбияси билан шуғулланади. Ақлли, билимли ва доно фарзандларни тарбия қилиш учун эса ҳар томонлама зукко ва ақлли она бўлмоғи зарур.

Шу лаҳзада буюк мутафаккир ва сўз мулкининг султони А.Навоийнинг онасига атаб битилган шеъри ёдимга тушди.

Билмам қандай аёл бўлган

Алишернинг онаси.

Балки унинг ақлига ҳам

Лол қолган замонаси.

Балки унинг кўзларида

Бўлган оғир бир ҳаёл.

Балки ғамгин бир зотдир у

Балки шўхчан бир аёл.

Балки буюк фарзандига

Териб берган чечаклар,

Балки тунлар унга бедор

Айтиб берган эртаклар.

Майлига у ким бўлмасин

Ёлғиз бир сўз маъноси,

Алишернинг онаси у

Навоийнинг онаси.

Дарҳақиқат, бизнинг оналаримиз шунақа буюк, камтарин ва беминнат инсондирлар: бугунги жадал ривожланиб бораётган жамиятимизда аёлларнинг масъулиятлари янада ошиб бораётганининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Бироқ, ҳозирги замонавий техникалар асрида китоб ўқишга айрим аёлларимизда вақт ва хоҳиш бироз камайгандек туюлмоқда. 

Телевизор орқали намойиш этилаётган сериаллар, ижтимой тармоқлардаги ҳар хил баҳс-мунозараларга сабаб бўлувчи маълумотлар айрим аёлларимизни вақтини ва ақлини олмоқда. Энг ачинарлиси, китоб, газета, журнал ўқимаган аёлларимизнинг саводхонлик даражаси ҳам шунга яраша бўлиб бормоқда.  Ижтимоий тармоқларда ҳар ким хоҳлаганча ўз шевасида, ўз тилида, имло хатолар билан ўз муносабатларини билдираверишади. Китоб, газета ва журналларда эса ҳар бир чоп этилган материаллар мазмун-моҳияти, имло хатоси ва сўз бойлигига қараб мутахассисларнинг кўз нурлари ва ақл заковатлари ҳисобига яратилади.

Юқорида буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг онасига аталган битикларда олам-олам маъно мужассам. Оналаримиз фарзандларига китоб ўқиб берган вақтда китобларидаги қаҳрамон образидан фарзандлар ўзини идеалини яратадилар. Масалан, таниқли публицист ва жамоат арбоби Абдукамол Рахмонов қаламига мансуб “Етукликнинг етти сири” номли китобида ўз меҳнати билан кўпчиликка ибрат бўлиб келаётган бир қатор юртдошларимизнинг ҳаёти ва ижоди, юртимиз ривожига қўшаётган ҳиссалари ва энг асосийси инсонлар орасида ҳурмат ва эътиборга эришишларида тунлари бедор оналарнинг ўқиб берган китобларининг ўрни каттадир.

Шу нуқтаи назардан ҳар бир маҳалла марказларида ёки мактаблар қошида аҳоли учун мўъжазгина кутубхоналар ташкил этилса аёлларимизни озгина бўлсада саводхонлик даражасини оширган бўлардик.

Шаҳноза ОЧИЛОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши

Марказий аппарати бош мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+