Шаффоф маълумот – келажакнинг мустаҳкам пойдевори

25.06.2020 16:06:06

Ҳозирги кунда статистик маълумотларнинг ҳаққонийлиги, очиқлиги ва аниқлиги давлатнинг инвесторлар олдида ҳамда жаҳон бозоридаги ўрнини аниқ белгилаб беришда хизмат қилмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Давлат статистикасини “эски” қатламдан олиб чиқиб, уни замонавий тизим билан таъминлаш ҳамда жаҳон маълумотлар базасида Ўзбекистоннинг барча индикаторларини тўлақонли акс эттириш мақсадида чора-тадбирлар босқичма-босқич ташкил этиб келинмоқда.

Хусусан, давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил июнь ойининг дастлабки кунида ўтказилган миллий статистика соҳасини такомиллаштириш чора-тадбирлари бўйича йиғилиш давомида, Ўзбекистоннинг молиявий-иқтисодий кўрсаткичлари, ишсизлик даражаси, соғлиқни сақлаш тизимида касалликларни даволаш харажатлари, камбағаллик ҳамда аҳоли даромади статистикасини яратишда асосий манбаи этиб аҳолини рўйхатга олиш тизими илғор вазифани ўтаб бериши кўрсатиб ўтилди.

Хўш, аҳолини рўйхатга олиш жараёни дунё миқёси ўлчамида қай даража муҳим?

Тарихга назар соладиган бўлсак, қадимги Вавилон, Месопотамия, Рим каби империясида ушбу жараён солиқ ундириш ҳамда ҳарбий хизматчиларни жалб қилиш мақсадида амалга оширилган, ҳамда унда фақат эркаклар, яъни, ўша даврнинг ягона солиқ тўловчилари ва ҳарбий хизматчилари қатнашишган. Кейинчалик, бу жараёндан мамлакатнинг реал ишсизлик даражаси ва камбағаллик даражасини билиш каби мақсадларда фойдалана бошлашган.

Ҳозирги кунда бир қатор илғор мамлакатлар (Буюк Британия, АҚШ, Япония ва б.қ.) ҳам аҳолини рўйхатга олиш тизимини бир неча ўн йиллик даврдан бери амалга ошириб келишмоқда. Бу билан улар жаҳон маълумотлар базасида аниқ индикаторларни очиқ ва ҳаққоний кўрсатиб келишмоқда.

Ўзбекистон ҳудудида эса бу жараён дастлаб 1897 йилда, аҳолининг этник таркиби, жинси, ёши, туғилиш ва ўлим, мавжуд оилалар сони, аҳоли сони каби кўрсаткичларни билиш мақсадида ўтказилган. Кейинчалик бу жараён деярли ҳар 18 йилда, мустақиллик давригача амалга оширилиб келинган.

Кўпгина давлатларда ушбу жараён қонун назорати остида ҳисобланади ва ўрнатилган тартиб-қоидага бўйсунган ҳолда ташкил қилинади. Махсус тайёрланган кадрлар ҳамда барча юқори турувчи давлат ташкилотлари томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан бу жараён ҳам қонуний-норматив ҳужжат билан назоратга олинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-5655 сонли фармони ҳамда 2020 йил 16 мартда “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди ва ушбу ҳужжатлар билан Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепцияси тасдиқланди ва жараённинг масъул идоралари ҳамда ўтказиш босқичлари тўлиқ тасдиқлаб берилди.

Аҳолини рўйхатга олиш шу даражада муҳим бўлса, унинг натижалари қандай?

Шуни таъкидлаш жоизки ишончли ва долзарб давлат статистика маълумотларини тўплаш механизмини жорий қилиш орқали шакллантирилган ягона ахборот макони очиқ иқтисодиётнинг энг муҳим элементи ҳисобланади. 

Аҳолини рўйхатга олиш орқали шакллантирилган маълумотлар базаси аҳолининг сони, ёши, жинси, барча туманлардаги аҳоли сони, оила сони, уларнинг аҳволи, маълумот даражаси, ишсизлик даражаси, уй-жой билан таъминлаганлиги, даромад манбалари, фаол ва суст қатламлар каби долзарб иқтисодий индикаторларни тўлақонли тасвирлашга хизмат қилади.

Бундан ташқари, Республикадаги аҳоли пунктларининг инфратузилмалари, уларнинг ҳолати, меҳнат ресурслари маълумотлари, аёлларнинг ишсизлик даражаси, ўсмирларнинг бандлиги ҳамда ёшларнинг саломатлиги ҳақидаги маълумотлар ҳам тўпланади.

Ушбу статистик маълумотлар истиқболда асосланмаган, хато хўжалик қарорлари ёки ижтимоий чоралар қабул қилинишини олдини олишда, давлатнинг иқтисодий ўсишини прогноз қилишда анча ёрдам бериши ва Халқаро ташкилотлар ҳамда молиявий институтларнинг таҳлилномаси учун ишлатишга қулай бўлган кенг тармоқли маълумот манбаи бўлиб ҳам хизмат қилишини унутмаслик зарур.  

Алоҳида қайд этиш лозимки малакали кадрларсиз статистика соҳасини такомиллаштириб бўлмайди. Шу боис, статистикада кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан қайта кўриш масаласи давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 1 июнь куни ўтказилган йиғилиш давомида қайд этиб ўтилди.

Албатта, статистика фаолиятини ташкил этишда муаммолар ҳанузгача ўз ечимини тўлиқ топгани йўқ ва жамият томонидан статистика маълумотларига бўлган ишонч юқори эмас. Шу сабаб, статистика соҳасини ривожлантириш ва Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган 2017-2021 йилларда статистика фаолиятини ташкил этиш самарадорлигини тубдан ошириш, статистика ахборотлари сифатини ва уларни тарқатиш тизимини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар дастурида белгиланган вазифаларни чин юракдан амалга ошириш даркор.

 

Дилшод ҲАМЗАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+