ШҲТнинг рақамли саводхонликни ривожлантириш дастури ишлаб чиқилади

11.11.2020 22:11:50

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 10 ноябрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг видеоанжуман шаклида ўтган навбатдаги мажлисида иштирок этди. Унда мамлакатимиз раҳбари томонидан бугунги вазият ва мавжуд муаммолардан келиб чиққан ҳолда тараққиётнинг янги босқичи сари етакловчи таклифлар илгари сурилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ўз нутқида Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти ўз тараққиётининг принципиал жиҳатдан янги босқичида турганини алоҳида таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган таклифлар орасида пандемия рақамлаштириш жараёнини тезлаштиргани, ахборот технологиялари иқтисодий ўсиш “драйвери”га айланиб бораётгани таъкидланди.

Аслида ҳам рақамли технологиялар нафақат хизматлар ва маҳсулот  сифатини оширади балки ортиқча харажатларни ҳам камайтиради. Энг асосийси  бугун ривожнанишга тўсиқ бўлаётган ва кўпчилик муаммоларни келтириб чиқараётган коррупцион ҳолатларни бартараф этади.

Қисқа муддат ичида айрим соҳаларда рақамли технологияларни жорий этилиши ортиқча харажат, овворагарчиликлар ва муаммоларнинг олдини олиш оз фурсатда масаланинг ҳал этилиши орқали ўзининг самарасини бериб улгурди. Жумладан, Жаҳон банки экспертлари фикрича, тезкор интернетдан фойдаланувчилар сонининг 10 фоизга кўпайиши миллий иқтисодиётлар ялпи ҳажмини ҳар йили ўртача 0,4-1.4 фоизга ошириш имконини бермоқда. Тараққий этган давлатларда эса рақамли иқтисодиётнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 7 фоизга етиб улгурган.

Шундан келиб чиққан ҳолда, мамлакатимиз раҳбари ўзаро келишилган ўқув дастурлари асосида аҳолини ўқитиш, соҳа мутахасисларини тайёрлашга қаратилган ШҲТнинг рақамли саводхонликни ривожлантириш дастурини ишлаб чиқишни таклиф этди. Бу орқали деярли барча соҳаларда рақамли технологияларни қўллаш камида иқтисодиётда эришаётган илғор натижаларни такрорлашга имкон беради.

Рақамлаштиришнинг аҳамияти ва таъсири қанчалик ортиб бораётганлигини баҳолаш учун сўнгги ўн йилликдаги бир нечта йирик технологик компаниялар ва рақамли платформаларнинг жаҳон бозоридаги капиталларининг улушини кўриш кифоя.

Саммитда илгари сурилган ахборот технологияларини ривожлантириш, айни йўналишда аҳолини ўқитиш ва саводхонлигини ошириш барча соҳаларда ривожланишга етаклаши назарда тутилган.

Яна бир муҳим жиҳат ахборот технологиялари - жараёнларни бошқаришдаги асосий манба бўлиб хизмат қилади. Бу эса ҳар қандай ахборот технологиялари соҳаси ривожланган давлатларда соҳалардаги ислоҳотларнинг самарали амалга оширилишини таъминлашда устуворлик касб этади.

 

Иномжон ҚУДРАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+