Шуҳрат Якубов: Сув хўжалиги вазирининг ахбороти тингланди

23.07.2019 11:07:12

Парламент назоратини амалга ошириш доирасида куни кеча биз Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасининг кенгайтирилган мажлисида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг 2019 йилда вазирлик фаолияти самарадорлигини таъминлаш борасида олиб борилган амалий ишлар юзасидан ҳисоботини эшитдик.

Дарҳақиқат, бугунги кунда мамлакатимизда сув ресурларини тежаш, ундан оқилона фойдаланиш, аграр соҳасига сувни тежовчи замонавий технологияларни жорий этиш масаласи давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бирига айланди. Шунинг учун Президентимиз ташаббуслари асосида алоҳида Сув хўжалиги вазирлиги ташкил этилди. Сўнгги уч йилда Президентимизнинг мазкур соҳага оид ўндан ортиқ Фармон ва қарори, қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Эшитувда вазирликнинг жорий йилда Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифалар ижроси доирасида олиб борган ишлари, келгуси режалари ҳақида маълумотини тингладик. Хусусан, сувни бошқариш тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш, каналларда сув йўқотилишини камайтириш, насос станцияларини модернизация қилиш, замонавий сув ўлчаш асбобларини ўртаниш, томчилатиб суғориш технологиясини кенг жорий этиш, Марказий Осиёда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича минтақавий Дастурни қабул қилиш, иқлим ўзгаришларига мослашиш бўйича стратегияни янгилаш, соҳага илмий ишланмаларни, фан ва технология ютуқларини кенг жалб этиш каби йўналишларда амалга оширилган ишлар ҳақида ахборот берилди.

Биз вазирлик фаолиятининг асосий йўналишларидан келиб чиқадиган функционал вазифалар, шунингдек, Ҳаракатлар стратегиясининг жорий йилдаги Давлат дастурида ва бошқа норматив ҳужжатларда Сув хўжалиги томонидан бажарилиши лозим деб белгиланган вазифалар, уларнинг бажарилиши, сифати, ҳудудлардаги муаммолар ҳамда уларни ҳал этиш борасидаги масалалар юзасидан аниқ саволлар билан мурожаат қилдик, фикр ва мулоҳазаларимизни билдирдик.

Тадбир якунида қўмитамизнинг Сув хўжалиги вазири ҳисоботи, унинг баҳоланиши, келгусида эътибор қаратилиши лозим бўлган муҳим вазифалар ўз аксини топган қарорини қабул қилдик. Бу каби эшитувлар ижро ҳокимияти, жумладан, мазкур вазирлик фаолиятини янада самарали ташкил этилишига хизмат қилади.

Шуҳрат ЯКУБОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+