Шуҳрат Яқубов: 18-кодекс: янгиликлар ва ўзига хосликлар

15.07.2019 15:07:52

Маълумки, жорий йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловлар ўтказилади. Ушбу сайловларнинг қонуний, адолатли ва шаффоф ўтиши, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларининг кафолатланиши, энг муносиб номзодларнинг депутатликка сайланиши учун ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлашга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Яқинда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси расман эълон қилинди ва кучга кирди. Сайлов қонунчилигига алоҳида кодекс қабул қилиш ғояси ва зарурати ҳақидаги фикрлар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўлланган дастлабки Мурожаатномасида қайд этилган эди. Сайлов кодексини қабул қилиш орқали миллий сайлов қонунчилигини кодификациялашга эришилди.

Ҳозирги кунга қадар Ўзбекистонда 17 та кодекс амал қилаётган эди. Уларга Фуқаролик, Жиноят, Жиноят-процессуал, Оила, Меҳнат, Уй-жой, Бюджет, Божхона кодекслари ва бошқалар мисол бўлади. Ушбу кодекслар жамиятдаги муҳим ижтимоий муносабатларни батафсил ҳуқуқий тартибга солиш мақсадида қабул қилинган.

Бугунги кунга қадар парламент томонидан 900 дан ортиқ қонунлар қабул қилинган бўлса, уларнинг 18 таси шундай кодекслардир. Кодекснинг қонундан фарқи шундаки, у муайян соҳадаги муносабатларни мантиқий изчилликда ва батафсил тартибга солади. Айрим йўналишларда қонун ҳужжатлари кўпайиб кетганда улар жамланиб, кодекслаштирилади.

18-кодекс сифатида қонунчилик тизимидан ўрин эгаллаган Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси орқали жамиятдаги энг муҳим сиёсий жараёнлардан бири ҳисобланган сайловларнинг ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланди.

Сайловга оид муносабатларни алоҳида кодекс орқали ҳуқуқий тартибга солиш тажрибаси ривожланган мамлакатлар амалиётида мавжуд эди. Хусусан, Франция, Бельгия, Польша, Албания, Арманистон, Озарбайжон, Болгария, Грузия ва бошқа мамлакатларда ягона сайлов кодекслари қабул қилинган. Сайлов кодексимизни ишлаб чиқишда уларнинг тажрибалари парламентимиздаги қонун ижодкорлари томонидан чуқур ўрганилди.

Сайлов кодекси лойиҳаси бўйича жамоатчилик муҳокамасини ташкил этиш мақсадида 2018 йил 19 июлда Олий Мажлис палаталари томонидан Марказий Сайлов комиссияси билан биргаликда Амалий ҳаракатлар режаси (Йўл харитаси) тасдиқланди, унга мувофиқ лойиҳа қуйидаги беш турдаги муҳокама ва экспертизадан ўтказилди: жамоатчилик орасида Интернет муҳокамалар, турли фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирокида жамоатчилик экспертизаси, илмий экспертиза, амалиётчилар, шу жумладан, сайлов комиссияси мутахассислари ва жойлардаги халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ўртасидаги муҳокамалар, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирокидаги экспертиза.

Муҳокама якунлари бўйича фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, шунингдек, илмий-тадқиқот муассасалари ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидан 400 дан ортиқ таклифлар келиб тушди.

Бундан ташқари, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси, Венеция комиссияси, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси ва бошқа халқаро ташкилотларнинг хулоса ва фикрлари олинди. 2018 йил 16-17 ноябрь кунлари Бухоро шаҳрида ўтказилган халқаро конференцияда олинган таклифлар халқаро экспертлар иштирокида муҳокама қилинди.

Қизғин муҳокамалардан сўнг Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси қабул қилинди. Сайлов кодекси сайловларга оид бешта қонун, яъни “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги, “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги қонунларнинг ўрнига амал қилади.

Юқорида қайд этилган бешта қонунда мавжуд 180 та моддадаги айрим такрорлашлар бартараф этилгани ҳолда 101 та моддага жамланди. Бу фуқароларга қулайлик яратади, яъни аввалги бешта қонуннинг ўрнига барча сайлов жараёнларида битта кодексдан фойдаланилади.

Айтиш жоизки, “фақат, бешта қонундаги нормалар жамланиб, битта кодекс шаклига келтирилибди-да, бу янгилик эмас”, деган фикрга бормаслик лозим. Чунки ушбу кодекс орқали сайлов тизимини янада демократлаштиришга оид ўндан ортиқ ўта муҳим янгиликлар ҳам жорий этилди.

Янги кодексдаги асосий янгиликлар қуйидагилардан иборат:

Биринчидан, Қонунчилик палатасида депутатлик ўринлари учун Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакилларига квота ажратиш институти бекор қилинди. Бунда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида амалдаги депутатлик ўринлари (150 ўрин) сақлаб қолинади. Мазкур масала доимо сайловларни кузатувчи ва унга баҳо берувчи халқаро ташкилотларнинг эътирозига сабаб бўлар эди. Чунки халқаро сайлов стандартларида, икки палатали парламентда унинг ҳеч бўлмаса, битта палатаси юз фоиз умумхалқ сайловлари асосида шаклланиши лозим, деган норма мавжуд. Ушбу янгилик янги қабул қилинган Сайлов кодексининг халқаро мезонларга мослигини таъминлайди.

Иккинчидан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига номзод кўрсатиш тартиби бекор қилинди. Ҳозирга қадар халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига ўзини ўзи бошқариш органлари ҳам номзод кўрсатиш ҳуқуқига эга эди. Бу сайловларда бир қатор муаммоларни, аҳолининг ҳақли эътирозларини келтириб чиқарарди. Жамиятда сиёсий партиялар ролини янада кучайтириш учун бундан кейин барча вакиллик органларига фақатгина сиёсий партиялар томонидан номзод кўрсатиш амалиёти кенгайтирилди.

Учинчидан, Ўзбекистон Республикаси сайловчиларининг ягона электрон рўйхатини шакллантириш тартиби қонун билан тартибга солинади. Бу миллий сайлов тизими учун мутлақо янги амалиёт бўлиб, келгусида юртимизда сайловчиларнинг электрон рўйхати шакллантирилади. Бу орқали сайловчиларнинг аниқ ҳисобини юритишда, уларнинг сайлов жараёнларидаги иштирокида қулайлик яратилади. Сайловчилар рўйхатига кирмай қолганда юзага келадиган сарсонгарчиликларнинг олди олинади. Масалан, фуқаронинг доимий ёки вақтинчалик яшаш жойлари ўзгарганда ҳам уларни электрон рўйхатдан тезда топиш ва расмийлаштириш имкони юзага келади.

Тўртинчидан, муддатидан илгари овоз бериш ва сайлов куни овоз бериш учун ягона сайлов бюллетенини жорий этиш орқали “сайлов варақаси” тушунчаси чиқариб ташланди. Бу “сайлов бюллетени” ва “сайлов варақаси” каби тушунчаларни талқин этишдаги баъзи янглишишларнинг олдини олади.

Бешинчидан, илгари Марказий сайлов комиссияси қарори билан тасдиқланган Олий Мажлис Сенати аъзоларини сайлаш тартиби тўғрисидаги низом бекор қилиниб, бу масалани қонун даражасида белгилаш амалиёти жорий этилди. Ҳозирга қадар Сенат аъзолари низом асосида сайлаб келинган. Улар, аввало, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига депутат сифатида қонун асосида сайланиб, Сенатга низом асосида сайланиши турли эътирозларга сабаб бўлар эди. Эндиликда бу каби муаммолар барҳам топди.

Олтинчидан, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этган шахсларнинг сайловда иштирок этишини чекловчи нормалар чиқариб ташланди. Белгиланган чекловчи норма чиқариб ташланиши орқали эҳтиётсизлик туфайли жиноят содир этган шахсларнинг сиёсий ҳуқуқларини таъминлаш назарда тутилган.

Еттинчидан, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига номзодларнинг ишончли вакиллари сонини 3 нафардан 5 нафаргача кўпайтириш назарда тутилган. Бу эса депутатликка номзодларнинг имкониятлари янада кенгайишига хизмат қилади.

Саккизинчидан, номзодлар ишончли вакилларининг Ўзбекистон Республикасидаги сафар харажатлари сайловни ўтказиш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан тўланиши тартиби белгиланди. Бу ҳам жуда муҳим янгилик бўлиб, сайловолди ташвиқоти самарали ташкил этилишига ижобий таъсир кўрсатади.

Тўққизинчидан, сиёсий партиялар томонидан имзо йиғиш жараёнида сайловчиларнинг бир ёки бир нечта номзодларни ёхуд партияларни қўллаб-қувватлаб имзо қўйиши мумкинлиги белгиланди.

Ўнинчидан, овоз бериш жараёнида сайловчиларга бир нечта белгилардан (+, v, X) бирини қўйиш имконияти берилмоқда.

Шунингдек, Сайлов кодекси асосида яна қуйидаги янгиликлар ҳам амалга жорий этилади:

- сайлов участкасида овозларни санаш баённомасининг нусхасини дарҳол жойлаштириш тартиби белгиланди;

- овоз бериш тугаганидан кейин участка сайлов комиссияси томонидан амалга ошириладиган ҳаракатлар (овозларни санаб чиқиш, баённома тузиш ва бошқалар) кўрсатиб ўтилди;

- фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари томонидан участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар бўйича таклифлар киритиш тартиби белгиланди;

- сайлов округларини тузишда сайлов округларидаги сайловчилар сонининг йўл қўйиладиган максимал четга чиқиши 10 фоиздан ошмаслиги шарти белгиланди;

- Қонунчилик палатасига, маҳаллий Кенгашларга сайлов бир вақтда ўтказилган тақдирда ягона сайлов участкаларини тузиш назарда тутилмоқда.

- сайлов комиссияси аъзолари учун янги талаблар ўрнатилди. Бунда номзодларнинг яқин қариндошлари ва ишончли вакиллари, шунингдек, номзодларга бевосита бўйсунувчи шахслар сайлов комиссиясининг аъзолари бўлиши мумкин эмаслиги белгиланди;

- сайловчилар рўйхатига ўзгартишлар киритиш сайловга уч кун қолганида тўхтатилади;

- муддатидан олдин овоз бериш сайловга 3 кун қолганида тугаши белгиланди (олдинги 1 кун ўрнига);

- сиёсий партиялар у ёки бу шахсни номзод этиб кўрсатиш тўғрисидаги ўз қарорини сайловга кечи билан 15 кун қолганида бекор қилиш ҳуқуқига эга ҳисобланади;

- ташвиқот ишларини бошлашда барча номзодлар учун ягона муддат, яъни уларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан эътиборан бошланиши белгилаб қўйилди;

- сайлов куни ва овоз бериш бошланишидан бир кун олдин жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов натижалари прогнозларини, ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни эълон қилиш тақиқланади;

- сайловларни ўтказиш ёки ташкил этишнинг бошқа масалалари юзасидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби киритилди.

Бундан ташқари, кодекс билан сайловга доир юқорида қайд этилган бешта қонун ўз кучини йўқотди.

Яна бир аҳамиятли жиҳати кўплаб қонуности ҳужжатларида мавжуд ҳуқуқий нормалар ушбу кодексда акс эттирилиб, у бугунги кун талабларига жавоб берадиган, тўғридан-тўғри ишлайдиган қонунга айланди.

Умуман, мазкур янги Сайлов кодексининг қабул қилингани ва амалга киритилиши жамият ҳаётидаги энг муҳим сиёсий жараён ҳисобланган сайловларнинг адолатли ўтказилишига, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини замонавий қонунлар асосида кафолатлашга ҳуқуқий замин яратади.

Шуҳрат ЯҚУБОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+