Синовга сабот билан жавоб қайтарамиз

03.05.2020 08:05:47

Дунёнинг ишлари олдида инсон ожиз эканлиги рост. Аммо бу олий мавжудотда ирода деб аталмиш таянч ҳам борким, у ҳаёт пўртаналарида курашувчанликка ундаб туради. Сардоба сув омборида юз берган тошқин ҳам халқимиз матонатининг яна бир имтиҳони бўлди. Ҳа, фалокат тўсатдан келади. Уни енгишнинг бош омили эса саросимага тушмаслик, биргалашиб ҳаракат қилишдир. Бинобарин, ҳамжиҳатлик эл бошига иш тушганда билинади, синовдан ўтади.

Ёмғир ёғиб, кучли шамол бўлгани сабаб сув омбори тўғонининг бир қисми ўпирилгани ҳудудга ўзига яраша талофат етказиб улгурди. Сув балоси аҳоли пунктлари, коммуникация тармоқлари ва қишлоқ хўжалиги майдонларига катта зарар етказди.

Давлатимиз раҳбари зудлик билан воқеа жойига етиб келгани нафақат зарур чоралар кўриш, балки оғир аҳволдаги халққа руҳан мадад бағишлаш нуқтаи назаридан ҳам айни муддао бўлди. Ҳукумат комиссияси ташкил этилиб, фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш, аҳолини хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилиш ва уларга ҳар томонлама ёрдам бериш бўйича барча чора-тадбирлар кўрилди.

“Биронта хонадон, биронта одам эътиборсиз қолмайди” — деди ­Шавкат Мирзиёев. Бу гаплар ҳамма сирдарёликларга руҳий қувват бўлди, бу вазиятдан соғ-саломат ўтиб олишга ишонч уйғотди.

Президентимиз Оқолтин туманида аҳоли билан учрашиб, ушбу табиий офатдан жабрланган ҳар бир инсон алоҳида эътиборга олиниши, ҳамма уй-жой ва озиқ-овқат билан таъминланишини таъкидлади. Натижада сув ­омбори этагида яшаётган барча аҳолидаги хавотир ўрнини ишонч, хотиржамлик эгаллади. Чунки халқ ҳамиша жасоратли, бир сўзли, адолатли Йўлбошчига эргашган.

Шу борада яна бир ҳолат эътиборимни тортди. Сув тошқини рўй берган ҳудудлардан кўчирилган аҳолига етарли шароитлар яратиб берилди. Туманларда ташкил этилган махсус штаблар томонидан мактаб, коллеж, корхона ва хонадонларга жойлаштирилди. Халқимиз асрлар давомида оила ва қўни-қўшничилик анъаналарини мустаҳкам ­сақлаб келган. Бу бизда қадрият даражасига кўтарилган. Эшик тақиллатиб келган нотаниш кишига хонадони тўридан жой бераётган инсонлар халқимизнинг асл қадриятларини яна бир бор амалда кўрсатиб бердилар.

Коронавирус пандемияси юртимизга кириб келганидан бери давлатимизда ижтимоий ҳимоя кучайтирилди, шунингдек, савобталаб инсонлар эҳтиёжманд юртдошларига чин дилдан ёрдам қўлини чўзди. Бу дардни биргаликда енгишнинг бош мезонига айланди. Сардобадаги талофатдан кейин ҳам одамларнинг ўзаро меҳр-оқибати муаммога қарши курашда асосий қурол вазифасини ўтади. Сардоба туманига воқеа юз берган дастлабки пайтдан бошлаб мамлакатимизнинг барча ҳудудидан ёрдамлар келмоқда. Бундан бутун Сирдарё аҳлининг кўнгли тоғдек кўтарилмоқда. Албатта, бу халқимизнинг меҳр-оқибати, ҳамжиҳатлигининг ёрқин ифодасидир. Ишонамизки, ушбу хавфдан ҳам одамларимиз бир-бирларига таянч бўлиб ўтиб оладилар. Зеро, куч – бирликда, қудрат – адолатда!

 

Абдукамол РАХМОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+