Сирдарё халқи чўлни Гулистонга айлантирган иродаси мустахкам халқ

03.05.2020 11:05:41

 

Азал-азалдан ўзбек халқи кўплаб оғир синовли дамларни бошидан кечириб келган ва хар қандай синовларни бағри кенг, олижаноб ва танти халқимиз бирдамлиги, ҳамжиҳатлиги, саховатпешалиги ва қатъий интизом билан енгиб келган. Бунга тарих бер неча бор гувоҳ бўлган.

Бундай кутилмаган синовлар, балойи офатлар давомийлигини кўрсатиб, олийжаноб халқимизни такрор ва такрор синовлар гирдобидан ўтказмоқда. Олдинига коронавирус инфекциясининг тарқалиши, кейинчалик Бухоро вилоятининг Қоракўл ва Олот туманларидаги кучли шамол, Сирдарё вилоятидаги “Сардоба” сув омборидаги тўғоннинг ўпирилиши натижасида сув тошқини одамларимизни бироз саросимага солиб қўйди.

Сардоба сув омбори тўғонининг емирилиши натижасида бир қисмидан сув сизиб чиқиши қишлоқ хўжалиги майдонларига зарар етказиши билан бирга сув омбори атрофидаги қатор аҳоли пунктларига ҳам жиддий зиён келтирди. Албатта, бу каби фавқулодда вазиятда биринчи вазифа саросимага тушиб қолган аҳолини хавфсиз бўлган ҳудудларга кўчириш (эвакуация) чораларини кўришдан иборат. Шу боис давлатимиз раҳбари ва ҳукумат томонидан қўйилган вазифа ҳам сув босиш хавфи бўлган маҳалла ва қишлоқлардаги одамларни хавфсиз жойларга кўчиришга қаратилди.

Сув тошқинидан талофат кўрган 11,5 минг аҳоли кўчирилди, Мирзаобод туманининг сув омборига яқин жойлашган сув тошиш хавфи бўлган “Янгиовул” , “Дўнгариқ”, “Балиқчи” , “Ҳақиқат” , “Пахтаобод”, “Беруний” “Бахористон” маҳаллалари аҳолиси вилоятнинг бошқа ҳудудларига, бир қисми эса қўшни Жиззах вилоятидаги мактаб, коллеж биноларига жойлаштириш чоралари кўрилди.

Тўғрисини айтсам, Мирзаобод туманининг юқоридаги маҳаллаларида ўтган болалик кезларим, у ерда бугунги кунда яшаётган дўстларимнинг аҳволи не кечар экан деган ўй-хаёл кўз ўнгимдан ўтдию, шу одамлар сингари мен ҳам бошида саросимага тушиб қолдим. Кейинчалик воқеа жойига ҳукумат раҳбари бошчилигида барча мутасадди ташкилот раҳбарларининг етиб келганлиги, зудлик билан махсус комиссия тузилганлигини, вазият оқибатларини бартараф этиш, аҳолини хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилиш ва уларга ҳар томонлама кўмак бериш чора-тадбирлари кўрилганлигини эшитиб, кўнглим таскин топди. Боз устига муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ўзи ҳам ҳудудга етиб боргани, сув омбори дамбасидан сув чиқиши оқибатларини кўздан кечириб, уларни бартараф этиш бўйича зарур чора-тадбирларни белгилаб бергани қўрқув ва саросимага тушиб қолган одамларда ишонч ва руҳий куч уйғотди.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари биронта хонадон, биронта одам эътиборсиз қолмаслигини, хар бирига жой ва шароити қилиб берилишини таъкидладилар.

Тўғондаги сув тошқинини бартараф этишга Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, маҳаллий ҳокимликлар, қурилиш таъмирлаш ташкилотлари, ҳуқуқ-тартиботот идоралари ва бошқа хизматлар мутахассислари сафарбар этилганлиги айни муддао бўлди. Улар томонидан кўрилган тезкор ва оқилона чора-тадбирлар натижасида тўғондан сув чиқиши тўхтатилди, тошган сув оқими Оқолтин туман ҳудудидан ўтувчи Абай каналига тушуриш орқали Жиззах вилоятининг Арнасой кўлига йўналтирилди.

Халқимиз бошига кулфат тушган бир пайтда ҳеч кимнинг четда туришга хақи йўқ албатта, талофатдан азият чеккан аҳолига давлатимиз томонидан қилинаётган ғамхўрлик билан бирга, меҳр-мурувватли, бағрикенг ва саховатпеша ватандошларимиз ҳам ўзларининг беғараз кўмакларини беришдан бир дақиқа ҳам тўхтаганлари йўқ. Буни ўзингиз кўриб, гувоҳи бўлиб турибсиз.

Сирдарё фарзанди сифатида Муборак Рамазон ойида мана шундай юксак савобли ишларга бел боғлаган юртдошларимизга ўзимнинг чексиз миннатдорчилигимни билдираман. Айнан мана шу кўрсатилаётган беминнат ёрдамлар офатдан талофат кўрган одамларимизга моддий ва маънавий мадад, эртанги кунга ишонч ва руҳий куч бағишлайди, албатта.

Бизнинг бағри кенг, танти халқимиз бунданда оғир синовли кунларни сабр ва матонат билан енгиб ўтган, вилоятимиз одамларининг ҳам мана шундай мураккаб ва оғир дамларда иродаси мустаҳкам, матонат ва қатъият каби яққол фазилат соҳиби эканликлари намоён бўлди. Зеро, сирдарёликлар чўлни Гулистонга айлантирган иродаси мустахкам халқдир.

Иномжон Қудратов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+