Ўзганинг маслаҳатига муҳтож эмасмиз ёки бировнинг томорқасига тош отманг!

16.05.2020 16:05:22

Она тилимиз умумхалқ мулкидир. Бу бебаҳо хазинани кўз қорачиғидай асраш, ривожлантириш ўзини шу юрт фарзандиман деб билган ҳар бир кишининг, демакки ҳаммамизнинг вазифамиз. Зеро тилсиз эл руҳсиз вужуддай бора-бора забунликка юз тутади, маънавий ва ҳаттоки жисмониий жиҳатдан ер юзидан супурилиб кетишга маҳкум. Тарих бундай воқеликларга кўп шоҳид бўлган.

Шу боис тилга эътибор мавсумийликни, байрам баҳона ўтказладиган йиғилиш-тадбирларни эмас, доимийлик, изчиллик ва узлуксизликни талаб этади. Бинобарин, ҳазрат Алишер Навоийнинг “Тилга ихтиёрсиз — элга эътиборсиз” деган ҳикмати ҳамма замонлар учун долзарб ва аҳамиятли бўлиб қолаверади.

Ватанимизда она тилимизга Давлат тили мақоми берилганига ўттиз йилдан ошаяпти. Бу дегани ўзбек тили ўттиз йил олдин пайдо бўлди, дегани эмас. Халқимизнинг миллий тили пайдо бўлгани бир неча минг йиллар билан менглашади. Бугун дунёнинг кўплаб мамлакатларида ҳурмат билан сўзлашилаётган ўзбек тили бундан неча юз йиллар бурун ҳам жаҳон илм-фан цивилизациясида муносиб ўрни бўлган Маҳмуд аз Замахшарий, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек, Абу Наср ал Фаробий, Аҳмад ал Фарғоний, жаҳон ислом тараққиётида муҳим из қолдирган Имом ал Бухорий, Имом ат Термизий, Абу Зайд Добусий, Бурҳониддин ал Марғиноний, Абу Мансур ал Мотрудий, давлат бошқарувида тарихий аҳамиятга эга бўлган Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Жалолиддин Мангуберди, бугун кўплаб дунё мамлакатларида ҳурмати бажо келтирилган Алишер Навоий сингари аждодларимиз тили эканлигини унутмаслигимиз лозим. Шу сабабли ҳам кўплаб ўзга халқлар тилида бизнинг ўзбек сўзларимиз тез-тез учраб туриши ҳам бежиз эмас.

Ана шундай тарихий аамиятга эга бўлган ўзбек тили кейинги даврларда бир мунча топталгани ҳам бор тарихий ҳақиқат эди. Уни қайтадан тиклаш пайҳон бўлган дарахтни тиклаш каби мураккаб кечмоқда. Шу сабабли, бу борада ечилмаган муаммоларимиз ҳам бор.  Назаримизда, кейинги йиллар ичида тилимиз нуфузини кескин кучайтириш мақсадида ташланган жиддий, залворли қадамимиз айнан давлат идораларида ўзбек тилида иш юритилиши шартлиги, акс ҳолда бу идораларнинг масъул раҳбарлари жавобгарликка тортилиши ҳақидаги қонун лойиҳаси бўлди. Шубҳасиз, лойиҳадаги халқчил меъёр-талаблар аҳолимизнинг, зиёлилар қатламининг қизғин қўллаб-қувватлашига сабаб бўлди. Бу жараён кўтаринки кайфиятда давом ҳам этмоқда. Буни биз ижтимоий тармоқлардаги муносабатлардан, сайловчиларимизнинг бизга турли шаклларда билдираётган, йўллаётган фикр-мулоҳазаларидан ҳам кўриб-билиб турибмиз.

Рости, бу жараён кўнглимизда фахр-ғурур туйғуларини ҳам уйғотди: бундай уйғоқ, тилига эътиборли, куюнчак халқ билан ҳар қандай маррани забт этса бўлади!

Бир сўз билан айтганда, бу борада тушунарсиз ҳолатнинг ўзи бўлиши мумкин эмас. Аммо, афсуски, йўқ жойдан муаммо қидириб топишга уста сиёсатчилар ҳар доим ҳам топилиб қолар экан! Айниқса, улар бизга, мустақил мамлакатга, суверен давлатга қандай яшаш кераклигини ўргатиш ҳаракатига тушиб қолишганлиги таажжубланарли. Наҳотки, Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарова “Шундай таассурот уйғоняптики, ушбу қонун лойиҳаси тарафдорлари ҳозирча яққол озчиликни ташкил этади. Билдирилаётган фикрларнинг аксарияти рус тилининг расмий мулоқотда сақланиб қолиши муносабатларимизнинг тарихий руҳи ва замонавий сифатига, энг асосийси – кўпинча Россияда ўқиш ёки ишлаш учун танлов қилаётган кўп сонли Ўзбекистон фуқаролари манфаатларига мос келишини кўрсатмоқда”, деган сабоқ беришдан олдин, Ўзбекистон Республикаси Россия Федерацияси томонилан бундан сал кам ўттиз йил муқаддам суверен давлат сифатида тан олинганлигини унутган бўлса...

Халқимиз ҳамиша тил ўрганишни ёқлаб келган. Аваз Ўтар айтганидек: “Зор ўлмасун онлар доғи тил билмай Аваздек, Тил билмаганидин они бағри тўла қондур”. Фақат ҳар қандай хориж тилини ўрганиш ўзбек тилини чуқур ўрганиш орқали кечади. Юртимизда бугун барча истовчиларнинг ўзга тилларни ўрганиши учун зарур шарт-шароитлар етарли.

Шундай шароитда чеккада туриб мустақил давлатнинг эл манфаати, маънавий юксалиши йўлидаги эзгу фаолиятига аралашиш сиёсий хатоликдан бошқа нарса эмас. Тараққиёт, юксалиш йўлидан дадил олдинга интилаётган давлатимиз бундай ғараз кўрсатмаларга, сиёсий иғволарга асло учмайди. Халқ тили билан айтганда, ўзбек карвони Буюк ипак йўли бўйлаб илгари ҳам ўтган, бундан кейин ҳам дадил ўтаверади.

Абдукамол РАХМОНОВ,

Ўзбекистон"Адолат" СДП

Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+