Сувни кўрмай этик ечган МТ

11.10.2019 20:10:27

Мамлакатимизда жорий йил бўладиган сайловларга ҳар бир партия ўзига хос тарзда тайёргарлик кўрмоқда. Кимдир қуруқ гаплар, қаердандир ўғирланган чақириқлар билан ниманидир исботлашга уринаётган бир шароитда бошқалар амалий ғоялар, таклифлар, муҳокамалар билан иш тутишни маъқул кўрмоқда.

Шундай шароитда айрим партиялар томонидан сувни кўрмай этик ечиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Жумладан жорий йилнинг 24 сентябрь куни Миллий тикланиш демократик партияси карнай-сурнай, ноғоралар билан ўзининг Марказий сайлов штабини тантанали очилиш маросимини ўтказди.

Ҳурматли, ҳовлиқма Миллий тикланишчилар сайловда иштирок этиш, этмаслигингиз маълум бўлмасдан туриб, сайлов штабини очиш тўйдан олдин ноғора чалиш эмасми?

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 39-моддасига кўра “партияни қўллаб-қувватловчи шахсларнинг имзолари сони белгиланган энг кам миқдордан яна оз бўлиб чиқса, мазкур имзо варақалари тўлиғича ҳақиқий эмас деб топилади. Мазкур ҳолатда Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиянинг сайловда иштирок этишига рухсат бермайди. 

Агар тарихга назар ташлайдиган бўлсак, бу амалиёт Ўзбекистон учун бегона эмас. 2007 йилги Президентлик сайловларида ўша пайтда фаолият юритаётган 5 та партиядан 2 таси яъни “Фидокорлар” ва Миллий тикланиш демократик партиялари (ҳали улар қўшилишга улгурмаган вақтлар) биттадан ўз номзодларини таклиф этадилар, бироқ иккови ҳам ўз номзодларини қўллаб-қувватлаш учун керакли беш фоиз имзолар тўплай олмадилар. Гувоҳи бўлганингиздек, тарихда кузатилган бу икки ҳолат ҳам Миллий тикланиш номи билан боғлиқ. Наҳот, тарғибот ташвиқотда турк сиёсатининг элементларини қўчираётган миллий тикланишчилар миллий адабиётимизнинг забардаст сиймоси Абдулла Қодирийнинг “Мозийға қайтиб иш кўриш хайрлик, дейдилар” нақлини эшитмаган бўлсалар.   

Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Сайлов штабининг бевосита партия раҳбари томонидан очилганлиги юмшоқ қилиб айтганда раҳбарнинг сиёсий тажрибасизлигини яққол намоён этди. Бунга яна бир мисол қилиб Алишер Қодировнинг митингларда парламентни қўлга олиш каби гапларида унинг ўзида ҳам ички ишонч етишмаётганини кўриш мумкин бўлади.   

Хулоса ўринда ижтимоий тармоқдан бир иқтибос билан фикрларимни якунласам: “Хўроз эрта қичқирадими, кеч қичқирадими қичқиряпти-ю, қичқирмайдиган товуқ сифат хўрозлардан худо асрасин”...

 

Камолиддин ЭРГАШЕВ

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Ёш адолатчилар қаноти фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+