Тадбиркорлар норасмий ишчиларни расман ишга олишлари учун қандай йўл тутиш лозим?

25.05.2020 18:05:08

Коронавирус пандемиясининг иқтисодий оқибатлари жиддий бўлиши ҳозирдан маълум бўлиб улгурди. Кўплаб мамлакатлар иқтисодиётни пасайишига тайёрланган ҳолда аллақачон ўзлари учун кечиктириб бўлмас чора-тадбирлар белгиламоқдалар. Бизнеснинг кўплаб соҳаларини фалаж қилган CОVID-19 пандемияси билан боғлиқ вазият Ўзбекистонда ҳам ўз аксини топди.

Ушбу омилни инобатга олган ҳолда, Президентимиз “Коронавирус пандемияси, дунёнинг барча мамлакатларида бўлгани каби бизнинг иқтисодиётимизга ҳам табиий равишда салбий таъсир қилади" дея бежизга таъкидламадилар.

Карантин чоралари қўлланилиши муносабати билан кўплаб хўжалик юритувчи субектлар: юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар ўз фаолиятини вақтинчалик тўхтатишга мажбур бўлишди. Натижада, ёлланма ходимларга иш ҳақини тўлаш билан боғлиқ бўлган ва илгари сояда турган кўплаб саволлар кун тартибида асосий масалага айланди.

Карантин натижасида норасмий ишлаётган ёлланма ишчиларнинг даромадларига путур етди. Булар, асосан, оғзаки келишув асосида ишбай миқдорида ҳақ оладиган ишчилар. Ушбу тоифадагилар айни шароитда энг биринчи ва энг оғир зарбаларни ўзларига қабул қилишмоқда. Чунки ишбилармонлик фаоллиги пасайганда расмий равишда рўйхатдан ўтган ишчилардан фарқли ўлароқ, улар қўшимча кафолатларсиз ва ишдан бўшаш нафақаси тўланмасдан ишдан бўшатилиши мумкин.

Ўзбекистондаги меҳнат бозори таҳлилларига кўра 19 миллионга яқин ишчи кучининг атиги 8 миллиондан ошиқроғи (8 041 минги) расман, белгиланган ҳужжатлар асосида ишлайди. 5,5 миллион киши эса норасмий равишда меҳнат қилади. Яъни, ҳозирда иқтисодиётнинг расмий секторида қонуний рўйхатдан ўтмасдан жуда кўп одамлар норасмий равишда ишлайди.

Шу билан бирга, ишбай тўланадиган меҳнат ҳақига ишлайдиган миллионлаб одамлар, киритилган карантин чоралари туфайли, уларнинг хизматларига бўлган эҳтиёжнинг кескин камайиши сабабли даромад манбаларидан маҳрум бўлишди. Иқтисодий фаолликнинг пасайиши норасмий равишда ишга қабул қилинган ишчиларнинг даромадларига ҳам таъсир қилди.

Бугунги кунда норасмий, оғзаки келишув асосида ишлаётган ишчиларнинг тирикчилик манбаларидан маҳрум бўлиши натижасида, ёрдам сўраб давлатга ёки бошқа ҳомийларга мурожаат қилишга мажбур бўлишаётганини кўрмоқдамиз. Агарда меҳнат муносабатлари қонун талабларига кўра расмийлаштирилганда эди, ушбу ишчилар, Ўзбекистон Президентининг қарорида кўрсатилганидек, иш берувчидан давлат томонидан тадбиркорларга берилиши мумкин бўлган компенсацияни сўрашлари мумкин бўлар эди.

Ҳозирги вақтда аҳолини иш билан қамраб олишда иш берувчи ва норасмий ишлайдиган ёлланма ишчиларнинг меҳнат муносабатларини тўлиқ расмийлаштириш масаласига қаратишимиз зарур. Бу эса осонликча ҳал бўлмайди. Зеро, норасмий ишловчи ёлланма ишчилар ва уларнинг оилалари ҳозирги пайтда ижтимоий ҳимояга энг муҳтож қатламга айландилар. Амалдаги меҳнат қонунчилигини билмаслик ёки билишни истамаслик, кунлик иш ҳақини нақд пул кўринишида олиб ва сароб ютуқлар орқасидан қувиб юраётган ватандошларимизнинг эртанги кунлари ҳамда муносиб нафақа ҳақида ўйламасалар ҳам бўлади.

Ҳар қандай инқироз, унга қандай омиллар сабаб бўлишидан қатъий назар, янгиланишнинг боши ҳисобланади. Ҳозирда биз норасмий секторда ишлайдиган ходимларнинг ишини тўлиқ қонунийлаштиришга имкон бермаётган тўсқинларни, камчиликларни тузатишимиз лозим.

Ушбу даврда биз эски хатоларни тан олишимиз, янги билимлар, янги кўникмаларга эга бўлишимиз ва халқимизнинг муносиб келажаги учун қонун ҳужжатларидаги камчиликларни тузатишимиз керак.

Ўзбекистоннинг амалдаги Меҳнат кодексига мувофиқ, ёлланма ишчиларга иш берувчи солиқ тўловчи - юридик шахслар ёки якка тартибдаги тадбиркорлар ўзларининг барча ходимларини тўғри ва ўз вақтида рўйхатдан ўтказишлари шарт. Ёлланма ишчилар меҳнатидан тегишли равишда расмийлаштирмасдан фойдаланиш жиддий қонунбузарлик ҳисобланади. Бу қонунбузарликнинг миқдорига қараб ҳатто жиноий жавобгарлик ҳам белгиланиши мумкин. Чунки ходимнинг ўзига ва давлатга (солиқ кўринишидаги) тўланмаган маблағлар уларнинг ҳуқуқларига путур етказади: тадбиркорнинг қатъий белгиланган солиқ тўлови, ижтимоий солиқ, юридик шахслар даромад солиғи, жисмоний шахсларнинг ойлик кўринишидаги даромадларидан солиқлар тўланмайди.

Бу камчиликларнинг олдини олиш мақсадида биз "оқ" иш ҳақини расмий равишда тўланиш сиёсатини қўллаб-қувватлашимиз керак, бу йўл билан солиқ тушумларининг ҳам кўпайишига эришишимиз мумкин.

"Оқ" иш ҳақини тўлаш учун иш берувчилар барча тушумларни кўрсатиб банк муассасаларига топширишга мажбур бўладилар. Бунинг натижасида эса даромадларнинг маълум қисми солиқлар ва тўловлар шаклида давлат бюджетига келиб тушади:

  • сотилган барча товарлар ва кўрсатилган хизматлар таркибий қисмларида бўлган тўғридан-тўғри ва эгри солиқлар - даромад ёки фойда солиғи, ҚҚС, акциз солиғи ва божхона тўловлари. Бу солиқлар ҳамда тўловлар бюджет тушумларининг асосий қисмини ташкил қилади;
  • иш берувчи ходим даромаднинг 12 фоизи миқдорида ижтимоий солиқ тўлайди;
  • ишчига ҳисобланган иш ҳақининг 12% бюджетга "жисмоний шахс даромад солиғи" сифатида ўтказилади.

Шу сабали карантин даврида, кейинчалик эса иқтисодиётнинг янгиланиши ва тикланиши даврида "оқ" иш ҳақини тўлаш долзарб масалага айланади.

Солиқ юкини енгиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 4725 сонли фармони билан якка тартибдаги тадбиркорларга 2015 йилнинг 1-июлидан фаолият турига қараб, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мажбурий суғурта бадалларининг 50% тўлаш ва ҳар бир ишлайдиган ишчи учун қатъий белгиланган солиқнининг 30% тўлаш шарти билан биттадан учтагача ходимни ёллаш ҳуқуқи берилди.

Кўрилаётган чораларга қарамай, аксарият тадбиркорлар ўз ишчилари билан меҳнат муносабатларини қонунийлаштиришга шошилмаяптилар. Улар учун ёлланма ишчига нақд пул тўлаш ва расмийлаштирмасдан ишлатиш қулайроқ. Аммо ўзаро ҳисоб-китоб қилиш учун эса уларга корхонанинг кассаси орқали ўтмайдиган ва банк муассасаларига топширилмайдиган пул маблағлари керак бўлади.

Хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳақиқий ишчилар сонини назорат қилиш учун топширилган ҳисоботларнинг ҳақиқий ҳолатга мувофиқлиги мониторингини ўтказиш лозим.

Бироқ, бугунги кунга қадар ушбу мониторингни ўтказиш тартиби аниқ белгиланмаган ва тасдиқланмаган. Бунинг натижасида эса ёлланма ходимларини расмийлаштирмаган тадбиркорлик субъектларига таъсир ўтказиш имкониятлари мавжуд эмас.

Бу борда Россия Федерацияси тажрибасини қарайдиган бўлсак, у ерда ЯТТ қуйидаги маъмурий жавобгарликка тортилади:

- ҳар бир расмийлаштирилмаган ходим учун 1-5 минг рубль миқдорида жарима;

- 90 кунгача фаолиятини тўхтатиб туриш.

ЯТТ учун жиноий жавобгарлик кўринишлари:

- 100-300 минг рубль миқдорида жарима;

- 2 йилгача озодликдан маҳрум қилиш (ҳақиқий, шартли эмас). Қамоқ жазосидан сўнг тадбиркор ҳеч қачон ушбу жиноятни содир этган сохада бизнес билан шуғуллана олмайди.

Корхона-ташкилотларда ходимларни ёллаш ва расмий шартнома тузиш учун масъул шахслар - директор ва кадрлар бўлими маъмурлари ҳисобланади.

Агар масала 1-2 ходим устида бўлса, жарима шахсан жавобгар шахсларга эмас, балки корхонага қўлланади. Миқдори ҳам сезиларли - ҳар бир нотўғри ёки кеч рўйхатдан ўтказилган ходим учун 100 минг рублдан.

Агарда бундай ҳуқуқбузарликлар бир неча бор аниқланса ва уларнинг миқдори катта бўлса, унда корхона учун жаримага қўшимча равишда айбдорлар шахсан жазоланади: ходимлар бўлими маъмурлари тегишли моддага биноан ишдан бўшатилади (ишдан бўшатиш тўловисиз). Директорга ҳам жазо зарар миқдорига қараб белгиланади.

Мамлакатимизда ходимлар сонини яшириш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 175-5-моддасига мувофиқ: фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баробаригача, мансабдор шахсларга нисбатан эса беш баробаридан ўн баробаригача жарима солишга сабаб бўлади. Ўша ҳуқуқбузарлик бир йил ичида такроран содир этилган бўлса, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бешдан ўнгача, мансабдор шахсларга ўн баробаридан ўн беш баробаригача жарима солишга сабаб бўлади.

Аммо, афсуски, ушбу қонунбузарликлар фақат тадбиркорлик субъектларини текширувини ўтказиш пайтида аниқланиши мумкин. Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишларни мувофиқлаштириш ва текширувларнинг назорат қиладиган органлар томонидан олиб борилиши эса фақат 42 та белги бўйича солиқчиларнинг камерал текшируви натижаларига биноан амалга оширилади ҳамда уларнинг қонунийлигини назорат қилиш Президент ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Вакил томонидан амалга оширилади.

Юридик шахслар раҳбарларида ҳам, якка тартибдаги тадбиркорларда ҳам ёлланма ишчиларни расмий рўйхатдан ўтказмасдан ишлатиш шароитлари мавжуд, чунки улар расмий текширув бошланишидан олдин ҳужжатларни "тартибга" келтириб олишади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 06.06.18 йилдаги қарорига биноан, 2018 йил 1 октябрдан бошлаб давлат солиқ хизмати органлари хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳисобот даври фаолиятини текшириш учун камерал ўрганиш натижаларига кўра товарларни (ишларни, хизматларни) сотишдан тушган тушумнинг камайтирилганлиги ва ишчилар сонини қайта ҳисоблаш зарурлиги муносабати билан солиқларни қайта ҳисоблаш учун сўровнома юборади.

Бундан ташқари, хронометраж фақат аҳоли билан нақд кўринишда ҳисоб-китобларни амалга оширадиган хўжалик юритувчи субъектларда, солиқ тўловчининг нақд пул тушуми миқдорини ўрганиш масаласида амалга оширилиши мумкин. Бу ҳолда, қолган фаолият тури билан шуғулланувчи корхоналар ва тадбиркорлар рўйхатдан чиқиб кетишади.

Расмийлаштирилмаган ходимлар эса бошқа соҳаларда, хусусан, ишлаб чиқариш ва қурилиш соҳаларида жуда кўп миқдорда мавжуд. Бундан ташқари, текширишга рухсат олиш жараёнида, тадбиркорлар "ортиқча" ишчиларни олиб ташлашади ва жазосиз қоладилар.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 175-5 моддаси ва хронометраж текширувлари ҳуқуқбузарларни ноқонуний ишчиларни расмий равишда рўйхатдан ўтказишга мажбур қилмайди.

Расмий рўйхатдан ўтмаган норасмий ишчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини, бюджетга жисмоний шахслар даромад солиғини ва бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ижтимоий солиқни ошириш мақсадида биз қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчаларни киритишни таклиф этамиз:

Биринчидан, тезда "Тадбиркорлик субектлари ҳисоботлари ва ишчилар сонининг мувофиқлиги мониторинги тартиби"ни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш. Ушбу тартибида норасмий ишчиларни ишлатиш масаласида бизнес тузилмаларини режадан ташқари текшириш имкониятини таъминлаш ва тартиб бузилган тақдирда жойида тегишли материалларни расмийлаштириш (масалан, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими ходимлари тариқасида) имконини бериш.

Иккинчидан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодексларидаги ходимларни ишга қабул қилинганлигини расмийлаштирмаслик учун жавобгарликни сезиларли равишда кучайтириш;

Учинчидан, аҳоли орасида расмий равишда ишлашнинг афзалликларини кенг тарғиб қилишимиз лозим. Бунинг учун телевидениеда, реклама билбордларида ва экранларда "қора иш ҳақи пенсияларни камайтиради", "қора иш ҳақи - пенсиясиз қарилик", "конвертдаги иш ҳақи ишдаги шикастланишдан ҳимоя қилмайди", "оқ" иш ҳақини олишнинг фойдалари ҳақида" видеороликларни намойиш этиш ва бошқа тадбирларни ўтказиш керак.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, норасмий ишчиларни расмийлаштириш энг аввало, аҳолимиз, давлатимиз манфаатлари учун фойдали ҳисобланади. Албатта, бу мавзу юзасидан дастлабки фикрлар. Ҳали бу бўйича қўшимча фикрлар ва хулосаларни тақдим этамиз. Сиздан ҳам бу бўйича фикрлар ва тавсиялларни кутиб қоламиз.

Фазлиддин ЗИЯЕВ,

Адолат” СДП Марказий аппарати

Мафкуравий ишлар бўлими мудири

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+