Ташқарининг сийловига зор эмасмиз...

30.08.2019 17:08:55

Ўтган куни “Америка овози” манбасида аллақандай “Эрк” партияси тарафдори Муҳаммад Солиҳ деган ёзувга кўзим тушди. Ҳайрон бўлдим. Қаерда у “Эрк” партияси? Шундан кейин мақолани ичига чуқурроқ кириб, бир пайтлар Ўзбекистон Республикасининг 1991 йил декабридаги Президент сайловида “Эрк” демократик партияси раиси сифатида жуда кам овоз билан Ислом Каримовдан ортда қолган ва Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки йилларида ўша қудратсиз партияси тугатилиб кетган Муҳаммад Солиҳ кўз ўнгимда гавдаланди.

Очиғи, унинг “Америка овози” орқали эълон қилган “дийдиё”си менга ёқмади. Маълумки, Ўзбекистонда Конституцияга биноан ҳамда “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонун талаблари асосида рўйхатдан ўтган бешта партия фаолият юритмоқда. Шулардан биттаси ҳукумат партияси, қолган тўрттаси ҳокимият учун курашувчи мухолифат партия ҳисобланади. Биз мухолифат деганда, четга чиқиб олиб, тамошобин бўлиб турган, кези келганда тинч аҳоли ўртасига иғво соладиган, мамлакатнинг фаровонлигига тош отадиган шахсларни ёки ноқонуний ташкилотларни эмас, қонуний рўйхатдан ўтган ва расмий фаолият юритаётган ташкилотларни тушунамиз.

Уялмасдан белгиланган тартибда рўйхатдан ўтмаган ҳолда ўзини “Эрк” партиясиман деб эълон қилиш ҳар қандай одамнинг энсасини қотиради. Демак, Муҳаммад Солиҳ ё ўзбек қонунчилигини билмайди ёки унга риоя этишни истамайди. Воҳаланки, мамлакат Сайлов кодексида сиёсий партия илгаригидек, сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида олти ой олдин эмас, тўрт ой олдин рўйхатга олиниши белгилаб қўйилган ва бу билан сайловда иштирок этиш истаги бўлган партияларга катта шароит яратилган.

Шу ўринда, узр сўраган ҳолда айтаманки, халқимизнинг қўполроқ бўлсада, “Мўлтонидан ботир чиқса чодирга ўт қўяди” деган мақолига ўхшаб, йигирма беш йилдан буён ўз халқига тош отиш билан овора бўлиб, Ўзбекистон мустақиллигига битта ғишт ҳам қўймаган Муҳаммад Солиҳнинг бундай хатти-ҳаракатини нима деб баҳолашни ҳам билмайсан, киши.

Халқимизда яна бир ҳаёт синовларидан ўтган мақол бор: “Кўр ҳассасини бир марта йўқотади”. Ўзбек халқи ҳассасини йўқотиб, етмиш йилдан ортиқ чеккан азобларини ўзи билади. Энди буни такрорланишига ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бизнинг халқимизга Муҳаммад Солиҳ сингари юрт осойишталигига путур етказадиган, халқ фаровонлигига раҳна соладиган баландпарвозчилар эмас, мамлакат ва халқ учун садоқат билан хизмат қиладиганлар фидойи инсонлар керак ва улар мамлакатимизда етарлидир.

 Ташпўлат МАТИБАЕВ,

 “Адолат” СДП фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+