Тиббий-санитария соҳасида ислоҳотлар даври келди

10.04.2020 12:04:04

Давлатимиз раҳбарининг тиббий-санитария ходимларини касбий ривожлантириш тизимини яхшилаш, соҳада етук ва чуқур билимга эга кадрларни замонавий таълим стандартлари асосида тайёрлаш, тиббиёт ташкилотлари, айниқса, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларини профессионал мутахассислар билан таъминлаш, тиббиёт таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг мавқеини ошириш каби масалаларни қамраб олган “Тиббий-санитария соҳасида кадрларни тайёрлаш ва узлуксиз касбий ривожлантиришнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бугунги таҳликали кунларда ўз вақтида чиқарилди.

Мазкур қарор билан 47 та тиббиёт коллежини Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари этиб қайта ташкил этилиши аҳолининг тиббий-санитар хизматга бўлган эҳтиёжини қондириш борасидаги муҳим қадам, деб эътироф этамиз.

Айниқса, жамоат саломатлиги ва санитария-эпидемиология назорати хизматлари соҳасида олий маълумотли кадрларни тайёрлаш бўйича алоҳида тиббиёт олий таълим муассасасини ташкил қилиш ва ўқув жараёнини 2020/2021 ўқув йилидан бошлаш ҳақидаги топшириғи нур устига нур бўлди. Нима учун? Чунки, мамлакатимизда соҳа ходимларига, ҳақиқий мутахассисларга эҳтиёж катта.

Очиғи, ҳаммамиз гувоҳ бўлганимиздек, коронавирус пандемияси бутун инсониятни ўйлантираётган бугунги кунда малакали шифокорларга ва тажрибали мутахассисларга бўлган эҳтиёж анча сезилиб қолди. Айниқса, тиббий-санитар маданият борасида...

Бинобарин, инсон саломатлигини таъминлашда тиббий маданиятнинг ўрни жуда катта ва бунинг ривожланишида санитария-эпидемиология хизмати юқори даражада бўлиши керак. Шу сабабли, бугунги қалтис вазиятларни эътиборга олган ҳолда санитария-эпидемиология хизматини янада кенгайтириш зарур. Бунинг учун эса албатта малакали кадрлар керак. Юртбошимиз бу масалага ўз вақтида эътибор қаратганлиги кўнглимиздаги иш бўлди.

Энг муҳими, Қарор айни пайтда вазиятга нисбатан тўғри ечим бўлди десак, адашмаган бўламиз. Зеро, тиббиёт соҳаси мунтазам ва узлуксиз ривожлантириб борилиши, кадрлар билан боғлиқ ҳеч қандай муаммо бўлмаслиги лозим. Ахир бизнинг юртимиздан буюк алломалар, тиббиёт соҳасининг забардаст вакиллари етишиб чиққан ва бундан кейин шундай бўлиши керак.

Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳам ўзининг Сайловолди дастурида соғлиқни сақлаш соҳасига, тиббий-санитария назоратини кучайтиришга, аҳолига кафолатли тиббий хизмат кўрсатиш, тиббиёт ходимлари меҳнатини рағбатлантириш, замонавий технология ва даволаш усулларини кенг жорий қилиш, соғлиқни сақлаш тизимини қайта шакллантиришни давом эттириш, соҳада юқори малакали мутахассислар сонини ошириш ва хорижий инвестицияларни кенгайтириш, кадрлар малакасини ошириш ва тайёрлашнинг самарали тизимини шакллантириш, тиббий хизматлар экспортини ривожлантиришга эътибор қаратган. Келгуси беш йилликда соғлиқни сақлаш бўйича давлат харажатларини умумий давлат харажатларига нисбатан 15,4 фоиздан 17 фоизга ҳамда ҳар 1000 кишига хизмат кўрсатувчи шифокорлар сонини 2.45 нафардан 5 нафарга, шифохона муассасалари сонини эса 1135 тадан 1250 тага оширишни илгари сурган.

Ана шу ишларга ўз вақтида эътибор қаратаётган муҳтарам Президентимиздан кўп минг сонли партиядошларимиз ҳамда электоратимиз вакиллари жуда-жуда миннатдорлигини ҳам бугун очиқ айтиш жоиз.

Эл бошига иш тушган айни кунларда ҳаёт синовларидан хулоса чиқарган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонунини ҳам илғор тажрибаларга таянган ҳолда такомиллаштириш вақти келди, деб ўйлаймиз. Санитария-эпидемиология хизмати аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи қатор марказ, станция, лаборатория, илмий-тадқиқот муассасаларини ўз ичига олган ягона тизимдир. 

Бугунги замон талаби ва глобал йўсиндаги пандемия шароити ушбу хизматнинг ваколат ва вазифаларини қайта кўриб чиқишни талаб этмоқда. Бизнинг назаримизда, санитария қоидалари қонун билан белгиланиши, унга ҳамма бирдай итоат этиши, соҳа мутахасислари  ҳар қандай кўринишдаги юридик шахсларнинг, шу жумладан, тадбиркорлик субъектларининг бажариши мажбурий бўлган таъсир чоралари кўриш ваколатига эга бўлиши ва бошқа жиддий ваколатлар назарда тутилиши лозим. Айниқса, узоқ вақт тўғридан-тўғри санитар назоратидан четда қолган умумий овқатланиш, озиқ-овқат савдоси объектлари, сартарошлик, уқалаш ва гўзаллик салонлари, хусусий тиббий хизмат ва стоматология, ҳаммом ҳамда сузиш хавзалари каби хизмат кўрсатувчи шаҳобчалар санитария назоратининг кунлик назорат объектларига айланиши зарур.

Ўшанда мамлакатимизда санитария-эпидемиологик осойишталик барқарорлашувига тўлиқ эришилиши шубҳасиз. Айни вақтда гувоҳи бўляпмизки, вазият нечоғлик жиддий бўлмасин, карантин ва профилактик талабларга барча бирдек бўйсунаётгани йўқ. Демак, давлат санитария назоратини амалга оширувчи мансабдор шахсларга ўз ваколатлари доирасида ҳуқуқларини кенгайтириш пайти келди. Шунда давлат органлари ҳам, юридик ва жисмоний шахслар ҳам бу масалага масъулият билан ёндошган бўлардилар. 

Юртимизда ҳар қандай эпидемия хавфини бартараф этишга ўзини даҳлдор сезувчи Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси бу борада янги ислоҳотлар тарафдоридир. 

 

Абдукамол РАХМОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП 

Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+