Тиббиёт тизимидаги ислоҳотларнинг яна бир янги босқичи

09.04.2020 17:04:06

 

Бугун бутун ер юзи таҳликадан титраб, башарият чинакам оғир ва машаққатли синов даврини бошдан кечирмоқда. Жаҳон афкор оммасининг ҳаётида коронавирус эпидемияси сабаб мураккаб ўзгаришлар юз бермоқда.

Ўз навбатида, оқ либосли инсонлар ҳамманинг кўзига нажот фаришталари бўлиб кўринмоқда, улар айни куннинг том маънодаги қаҳрамонларига айланган.

Дарҳақиқат, 15 март куни юртимизга ҳам кириб келган коронавирус балосини бартараф этишда энг катта масъулият ва фидокорлик шифокорларимизнинг зиммасига тушаётганини бутун халқимиз кўриб-билиб, кузатиб турибди, ҳаммамиз туну кун тиним билмаётган бу олижаноб касб эгаларини кеча-кундуз дуо қиляпмиз.

Президентимизнинг куни кеча имзолаган “Тиббий-санитария соҳасида кадрларни тайёрлаш ва узлуксиз касбий ривожлантиришнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори мана шундай мушкул дамларда айни муддао бўлди.

Аслида мамлакатимизда тиббиёт соҳасини тубдан ислоҳ қилиш бўйича кейинги вақтларда жуда катта кўламдаги ислоҳотлар тизимли равишда амалга ошириб келинаётгани ва бу янгиланиш жараёнлари кундалик ҳаётимизда ўз самарасани кўрсатаётгани барчамизга аён ҳақиқат.

Жумладан, давлатимиз раҳбари 2017 йил 12 декабрь куни тиббиёт соҳасидаги долзарб масалалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда мамлакатимизда 11 мингдан зиёд шифокор етишмаётгани, шу сабабли тиббиёт муассасалари аҳолига сифатли тиббий ёрдам кўрсата олмаётганини танқид қилганди. Шундан сўнг Соғлиқни сақлаш вазирлигига топширилган бакалавриат таълим йўналишининг мақсадли қабул квотасини 20 фоиз, мақсадли магистратурани 10 фоиз, клиник ординатура квотасини 15 фоизга ошириш вазифасининг ижроси таъминланиб, юқори малакали тиббиёт кадрларига ўткир талаб мавжуд бўлган ҳудудлар учун мақсадли қабул бўйича квоталарни давлат грантлари асосида мутахассислар тайёрлашнинг умумий белгиланган параметрлари доирасида ажратиш механизми йўлга қўйилди.

Шу билан бирга, замонавий билимларни чуқур эгаллаган юқори малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида юртимизда ривожланган давлатлар тиббиёт олий ўқув юртларининг филиалларини очиш, шифокорларимизнинг хорижий давлатларда тажриба ўрганишларини ташкил этиш, чет эллик тиббиёт мутахассисларини ўзимизга жалб этиш юзасидан ҳам қатор амалий саъй-ҳаракатлар қилинмоқда.

Президентимизнинг жорий йил 24 январь куни Парламентга йўллаган Мурожаатномасида ҳам соғлиқни сақлаш тизимини янада ривожлантириш, тиббий хизмат сифатини ошириш масалалари диққат марказида бўлди. Айниқса, шифокорларнинг жамиятдаги ўрни ва мақомини кучайтириш, мавқеини мустаҳкамлаш, уларга ҳурмат-иззат кўрсатиш, муносиб меҳнат шароитини яратиш ва иш ҳақларини ошириш, моддий-маънавий рағбатлантириш бўйича амалий чора-тадбирлар кўришилиши, шу жумладан, гематология, вирусология, иммунология соҳалари, дори-дармон ва тиббиёт техникаси учун ажратиладиган маблағларни кўпайтириш лозимлиги алоҳида таъкидланди.

Давлатимиз раҳбарининг «Тиббий-санитария соҳасида кадрларни тайёрлаш ва узлуксиз касбий ривожлантиришнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» ги Қарори, таъбир жоиз бўлса, мазкур ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида бугунги замон талабларига уйғун тарзда, бу йўналишда яна бир янги босқични бошлаб берувчи муҳим ҳуқуқий ҳужжатдир.

Мазкур Қарорга мувофиқ, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб мамлакатимиздаги 47 та тиббиёт коллежи негизида Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари ташкил этиладиган бўлди.

Ушбу билим юртларининг моддий-техник базаси энг замонавий воситалар асосида янада кучайтирилиб, амалиёт хоналари белгиланган нормативлар талабларига мувофиқ жиҳозланади ва ўқув-симуляцион аудиториялар ташкил этилади.

Энг муҳими, мамлакатимизда ҳали у қадар оммалашмаган валеология, тиббий психология, нутрициология, диетология, фармакология, кинезиология, реабилитология, профпатология каби фанлар ўқувчиларга чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилади, ўқув режалари ва фан дастурлари ҳам илғор хорижий тажрибалар ва халқаро амалиётдан келиб чиқиб жорий этилади.

Яна бир ўзига хос янгилик шундан иборатки, “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш” йили Давлат дастурига ҳамоҳанг ҳолда ахборот-коммуникация технологияларининг кенг имкониятларидан фойдаланиб, техникумларда етакчи тиббиёт олий таълим муассасаларининг юқори малакали профессор-ўқитувчилари масофавий таълим орқали дарс машғулотларини ўтиб боришади.

Техникумларни муваффақиятли тамомлаган битирувчиларга ўз соҳасига мос тиббиёт олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кириш имтиҳонларисиз якка тартибдаги суҳбат орқали олий таълим муассасаларида иккинчи курсдан ўқишини давом эттириш ҳуқуқи берилаётгани эса, тиббий таълим соҳасида жорий этилаётган энг катта янгиликдир.

Шунингдек, Қарорда тиббиёт олий таълим муассасаларининг даволаш ишлари бўйича проректорлари бир вақтнинг ўзида ушбу олий таълим муассасаси клиникаларининг бош шифокорлари ҳисобланиши белгилаб қўйилмоқда. Бу, ўз навбатида, талабаларнинг ўрганган назарий билимларини амалиётда қўллаб кўриш имкониятларини оширади ва келгусида борадиган иш жойларида тайёр тажрибали мутахассис сифатида ҳеч иккиланмай фаолият бошлашларига мустаҳкам замин яратади.

Тиббиёт олий таълим муассасаларида бакалавриат таълим йўналишлари, магистратура ва клиник ординатура (резидентура) мутахассисликлари ўқув режаларидаги соҳага оид бўлмаган фанлар улушининг икки баробарга қисқартирилаётгани эса, бўлғуси шифокорларнинг ўз ихтисосликларини янада мукаммал эгаллашлари учун қулай имкониятдир.

Ҳудудларнинг шифокорларга бўлган эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда тиббиёт олий таълим муассасалари бакалавриатнинг “Даволаш иши”, “Педиатрия иши” ва “Касбий таълим (даволаш иши)” таълим йўналишлари бўйича давлат гранти асосида ўқишга қабул кўрсаткичлари доирасидаги мақсадли қабул параметрлари туман (шаҳар)лар кесимида шакллантирилиши, битирувчиларга давлат гранти асосида мақсадли қабул параметрларида кўрсатилган ҳудудда камида беш йил ишлаб бериш мажбурияти юклатилаётгани, тиббиёт кадрларига эҳтиёж юқори бўлган ҳудудлар учун давлат гранти асосида ўқишга мақсадли қабул параметрларининг 50 фоизгача оширилаётгани барча минтақаларда шифокорлар етишмовчилигининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.

Қарор билан, шунингдек, мамлактимизда Н.И.Пирогов номидаги Россия миллий тадқиқот тиббиёт ва Туркия Бахчишеҳир университетининг филиаллари ва клиникалари ҳамда халқаро рейтингларга кирувчи нуфузли хорижий тиббиёт таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари асосида халқаро факультетлар ташкил этиладаган бўлди. Бу билан Ўзбекистонда халқаро стандартлар даражасидаги тиббиёт ходимлари тайёрланишига тамал тоши қўйилади.

Келгусида соғлиқни сақлаш соҳаси учун менежер мутахассислар тайёрлаш амалиётининг йўлга қўйилиши режалаштирилаётгани ҳам тиббиётимиз тараққиётига хизмат қилувчи мутлақо янги институтдир.

2020 йил 1 сентябрдан Нукус, Андижон, Бухоро, Самарқанд, Урганч ва Фарғона шаҳарларидаги тиббиёт олий таълим муассасаларида белгиланган тартибда фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражаларини берувчи илмий кенгашлар ташкил этилаётгани, Тошкент врачлар малакасини ошириш институтини Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш марказига айлантирилаётгани, Тошкент шаҳридаги 1-сон Республика клиник шифохонаси негизида Марказнинг кўп тармоқли клиникаси тузилаётгани, тиббиёт олий таълим муассасалари мавжуд бўлмаган Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган ва Сирдарё вилоятлари ҳудудий кўп тармоқли тиббиёт марказларида Марказнинг филиалларини очиш назарда тутилаётгани тиббий илм-фанни ҳудудлар кесимида ҳам бирдек ривожлантириш, юқори савияли билим-тажрибага эга, салоҳиятли кадрлар сафини кенгайтиришда муҳим омил ҳисобланади.

Яна шуни алоҳида таъкидлаш жоиз, бугунги бошимизга тушган синов бераётган сабоқдан хулоса чиқариб, Қарорда тиббий-санитария ва фармацевтика соҳасида ҳам малакали кадрларни тайёрлаш, уларнинг узлуксиз касбий малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш масаласига ҳам алоҳида урғу берилган.

Шу мақсадда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ва пуллик асосда – республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, тиббиёт ва фармацевтика соҳасидаги илмий-тадқиқот институтлари ва ҳудудий кўп тармоқли тиббиёт марказлари, пуллик асосда – нодавлат тиббиёт олий таълим муассасалари ҳамда тегишли тиббий-санитария мутахассисликлар бўйича ўқув-симуляцион маркази ва илмий даражага эга мутахассислари мавжуд бўлган хусусий тиббиёт ташкилотларига Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳар йили тасдиқланадиган ўқув дастурлари асосида аккредитациядан ўтмасдан ўқитиш ҳуқуқи берилмоқда.

2021 йил 1 январдан бошлаб шифокорлар учун ҳар беш йилда малака тоифасини олиш бўйича мажбурий аттестациядан ўтиш тартиби киритилаётгани, бунда аттестацияни онлайн тартибда аудио ва видеокузатув остида ташкил этиш тизими жорий этилиши, шунингдек, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари тиббиёт ходимларини аттестациядан ўтказиш учун тўловнинг бекор қилинаётгани ўз касбига масъулиятли, доимий изланиш ва интилишда бўлиб, билим-малакасини ошириб борадиган тиббиёт ходимларининг кўпайишига олиб келиши табиий.

Энг аҳамиятлиси шундаки, мазкур Қарор мамлакатимизда нафақат тиббиёт, балки шу соҳага оид илм-фаннинг жадал ривожланишига ҳам туртки беради. Бу борада олим-мутахассисларимизнинг изланиш ва тадқиқотлари аҳоли соғлиғини ҳимоя қилиш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, тўғри овқатланишни йўлга қўйиш ва турли касалликларнинг олдини олиш учун хизмат қилади. Бинобарин, тиббиёт илм-фанига ҳам моддий, ҳам маънавий эътиборнинг бу қадар кучайтирилаётгани келгусида фундаментал ва илмий-инновацион тадқиқотлар натижаларини ҳаётга жорий этиш орқали жамиятда тиббий маданиятни юксалтириш омили бўлишига шубҳа йўқ. Бу, ўз навбатида, бундан минг йиллар аввал “Тиб қонунлари” асари орқали тиббиёт илмига асос солган буюк аждодимиз Абу Али Ибн Синонинг ўгитлари асосида мамлакатимизда замонавий миллий тиббиёт равнақида ҳам долзарб ўрин тутади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, бутун дунё соғлиқни сақлаш тизимида бугун салкам 6 миллион нафар ҳамшира етишмаётган экан. Шунингдек, жаҳон миқёсида, хусусан, мамлакатимизда ҳам малакали шифокор-врачлар, ўрта ва кичик тиббий ходимларга бўлган эҳтиёж тобора ортиб бормоқда. Бугун барчамизни жиддий ташвишга солиб турган коронавирус пандемияси ҳам мукаммал билимларга эга тажрибали шифокорлар, тиббий-санитария ва фармацевтика соҳасидаги мутахассислар бизга нақадар керак эканлигини яна бир бор яққол намоён этди-қўйди.

Президентимизнинг юқоридаги Қарори юртимизда тиббий соҳадаги кадрлар муаммосини ҳал этиш билан ана шу бўшлиқни тўлдириш баробарида, тиббиёт тизимидаги ислоҳотларнинг яна бир янги босқичига асос солгани билан ҳам аҳамиятлидир.

Дилором ТОШМУҲАМЕДОВА,

Олий Мажлис Сенатининг

Ёшлар, маданият ва спорт масалалари

қўмитаси раиси ўринбосари

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+