Тобутдан товуш

12.05.2020 20:05:21

Ижтимоий тармоқларда ўзини Ўзбекистон мухолифати деб кўрсатишга уринаётган, асл иши фитнакорликдан иборат бўлган М.Солиқ деган шахснинг ахлат тўла иддаоларига кўзим тушди. Аввалига эътибор бермадим. Ҳа энди, бир ҳуриб қўйибди-да, деб ўйладим. Лекин бу оддий ҳуриш эмас, балки очиқ-ойдин фитна ва бузғунчилик эканлигини кўриб, чидаб туролмадим ва ўз фуқаролик позициямни билдиришга қарор қилдим.

Биринчидан, бу пост тобутдан чиққан товушга ўхшайди. Яъни аллақачонлар сиёсий мурдага айланган шахснинг мен ҳали тирикман, деб иддао қилишидан бошқа нарса эмас. Биз ушбу нусханинг 90-йилларнинг охирида содир этган қабиҳ жиноятларини, хусусан, Жума Намангоний бошчилигидаги нобакор террорчи гуруҳ билан тил бириктириб, мамлакатимизнинг конституциявий тузумини ағдариб ташламоқчи бўлганини жуда яхши биламиз.

Иккинчидан, бу пост Ўзбекистонда юз бераётган ҳозирги жараёнлардан мутлақо бехабар киши томонидан ёзилган қуруқ демагогия ҳисобланади. Пост эгаси реал воқеликдан бутунлай узилиб қолганлиги яққол кўриниб турибди. Айниқса, Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида юзлаб янги лойиҳаларни ишга тушириш, Ҳукуматнинг очиқлиги ва ҳисобдорлигини жорий этиш, виждон ва сўз эркинлигини таъминлаш, Марказий Осиёдаги қўшнилар билан алоқаларни мустаҳкамлаш, пахта яккаҳокимлигига барҳам бериш, қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришнинг барча циклларини қамраб олган замонавий кластерлар барпо этиш, валютанинг эркин конвертациясини йўлга қўйиш, ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириб, маҳсулот экспортини йўлга қўйиш, параллел равишда адолатли суд тизимини барпо этиш ва коррупцияни йўқотиш каби йўналишларда амалга оширилаётган ишлардан пост эгасининг мутлақо хабари йўқ.

Учинчидан, ушбу постда аламзада шахснинг чиркин кўнглидаги жамики фисқу фасод дастурхон қилинган. У, шубҳасиз, жамиятда ҳамма нарса ёмон бўлишидан манфаатдор. Ушбу постни тарқатишдан ҳам муайян сиёсий мақсадлар кўзланган. Асосий мақсад - халқни Президент ва Ҳукуматга қарши қайрашдан иборат. Айниқса, пандемия туфайли ишлаб чиқариш суръатлари бир оз пасайган, қатор лойиҳаларнинг амалга ошиши бирмунча секинлашган, Бухоро ва Сардобада кетма-кет юз берган табиий ва техноген ҳарактердаги офатлар натижасида вақтинчалик қийинчиликлар юзага келган ҳозирги мураккаб пайтдан фойдаланган ҳолда фуқароларда норозилик потенциалини уйғотишга ҳаракат қилинмоқда.

Жамиятда ички ҳамжиҳатликни бузиб, низо келтириб чиқаришга уриниш ва пировардида сиёсий ҳокимиятни эгаллашга ҳаракат қилиш дунё мамлакатлари сиёсий амалиётида кўп бор синалган эски усул бўлиб, одатда қора ва кулранг сиёсий технологиялар комбинацияси ёрдамида амалга оширилади.

Хуллас, мазкур ҳокимиятпараст жонзот Ўзбекистонга ҳеч қачон яхшилик раво кўрмаган, ҳамиша ўзининг тор манфаатларини халқ манфаатларидан устун қўйган. Шундай экан, ҳеч биримиз бу хавфли одамнинг фитналарига алданиб қолмаслигимиз лозим!

Қодир ЖЎРАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+