Вақт - олий ҳакам

30.04.2020 16:04:01

Куни кеча Ўзбекистон Республикасининг Евро Осиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлиги тўғрисидаги масала Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи йиғилишида муҳокама этилди. Ушбу масала  қуйи палатада ташкил этилган ишчи гуруҳ томонидан мукаммал ўрганиб чиқилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Евро Осиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлиги қандай оқибатларга олиб келиши, унинг ижобий ва салбий томонлари хусусида бир неча марта сиёсий партияларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциялари ҳамда қўмиталарида ҳукумат аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар вакилларининг иштирокида муҳокама этилди.

Сўнгги уч йилда мамлакатимизда қайси соҳада бўлмасин, таълим, соғлиқни сақлаш, суд-ҳуқуқ, фуқаролик институти, ташқи иқтисодий алоқаларда деймизми, жадал ва узоқни кўзлаб олиб борилаётган ислоҳотлар халқимиз манфаати, унинг бугунидан рози бўлиб, фаровон яшашига  хизмат қилмоқда.

Шу билан биргаликда бугун шиддат билан ривожланаётган даврда мамлакатимизда ҳам кун сайин аҳолининг сони, уларнинг хоҳиш-истаги, эҳтиёжи, талаби ошиб бормоқда. “...Бугун биз ҳамма соҳада изланиш ва ўрганишдамиз. Изланиб яшаётган, ўз мақсади сари изчил бораётган инсон ва жамият албатта ижобий натижа ҳамда ютуқларга эриша олади...”, деб таъкидлайдилар муҳтарам Президентимиз. Ўзбекистон Республикасининг Евро Осиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлиги нима беради ёки нима олади, қандай фойда ёки қандай зарар келтиради? Ушбу ҳолатларнинг айримларига тўхталмоқчиман.

Ҳамкорлик натижасида мамлакатимизда маҳсулотлар, айниқса қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳажми ошиб, қўшимча 1,6 миллиард долларга тенг маҳсулот сотиш имконияти пайдо бўлади. Шу ўринда, бир маҳалладошим кетма-кет уч йил бир гектар ерга пиёз экди ва оқибатда биринчи йили озгина фойда билан, иккинчи йили  даромад харажатга тенг бўлган ҳолда, учинчи йили эса харажатларини қоплаш учун миниб юрган автомашинасини сотишга мажбур бўлди.

Сабаби оддий: ўша йиллар пиёз маҳсулоти аҳоли эҳтиёжидан ортиқ етиштирилган, хорижга экспорт қилинмаган, оқибатда деҳқон кўйиб қолди. Бу бир мисол албатта, демак, ҳамкорлик натижасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи деҳқонлар, фермерлар, томорқачиларга янада яхши бўлади. Яна бир масала, ҳозирда ҳеч биримиз айтолмаймизки, яқинимиз, қариндошимиз ёки маҳалладошимиз хорижга ишлаш учун кетмаган деб. Айниқса, Россия ва Қозоғистонда кўплаб ватандошларимиз меҳнат қилишяпти. Яқинларимиздан ҳорижда ишлаш осон бўлмаётганлиги, ишга рухсатнома олишда ёки иш жойидаги муаммолар тўғрисида эшитиб қоламиз. Ҳамкорлик натижасида эса ушбу муаммолар барҳам топиб, уларнинг даромадлари 15-20 фоизга ошиш имконияти пайдо бўлади. Шу билан бир қаторда Ўзбекистоннинг Евро Осиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлиги натижасида юзага келиши мумкин бўлган қатор салбий ҳолатлардан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Дейлик, иқтисодиётимизнинг етакчи тармоқлари бўлмиш автомобилсозлик, фармацевтика, кўмир саноати сингари тармоқларда импорт товарлари кириб келиши натижасида нарх тушиб кетади, минглаб иш ўринлари йўқотилади, рақобатбардош бўлмаган кўплаб тадбиркорлик субъектлари синади ва мамлакатда ишсизлик суръати янада ошади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, йиғилишда  Ўзбекистон Республикасининг  Евро Осиё иқтисодий иттифоқида “кузатувчи давлат” мақомида иштирок этиши мақсадга мувофиқ, деб топилди. Бу албатта, давлатимизнинг дунё ҳамжамиятида муҳим ўринга эга бўлишида, юртимиз обод, халқимиз фаровон яшаши учун қўйилган яна бир улкан қадамдир, эҳтимол. Қолганини эса вақт кўрсатади, зеро вақт - олий ҳакам.   

 

 Музафара АБДИЕВА,

 Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+