Ватан ҳимояси учун курашганлар – эл-юрт ардоғида

03.05.2020 16:05:41

Ушбу кунларда юртимизнинг узоқ ва яқин ҳудудларида ватандошларимиз “9 май – Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан Иккинчи жаҳон уришида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини карантин талабларига риоя қилган ҳолда нишонламоқда. Бизнинг мард, енгилмас ва олижаноб халқимиз буюк ғалабани таъминлашга беқиёс ҳисса қўшгани билан барчамиз ҳақли равишда фахрланамиз. “Бу қонли урушда жами 1,5 миллиондан зиёд Ўзбекистон фарзандлари тинчлик ва озодлик учун мардона жанг қилгани, уларнинг ҳар уч нафаридан бири ўз яқинлари бағрига қайтмагани, эл-юртимизнинг фронт ортида кўрсатган жасоратини халқимиз ҳеч қачон унутмайди”- деб таъкидлайди халқпарвар Президент Шавакат Мирзиёев. Инсоният тарихидаги энг мудҳиш ва бешафқат, беҳисоб йўқотишларга олиб келган урушни бошидан кечирган халқимиз доимо битта фикр билан яшайди: “Бундай ёвуз офат ҳеч қачон қайтмасин, остонамизга яқин келмасин. Бизга тинчлик керак, омонлик керак”.

Орадан 75 йил ўтганига қарамай мамлакатимизда биронта одам йўқки, ўша даҳшатли урушни, унинг асоратларини эсидан, ҳаёлидан чиқарган бўлса. фашизм устидан ғалаба қозонишда мардлик ва матонат кўрсатган кўпмиллатли минг-минглаб инсонлар қаторида 338 нафар юртдошимиз юксак қаҳрамонлик унвонига сазовор бўлгани, қанча-қанча оталаримиз, боболаримиз ўз жонини фидо қилиб, жанговар орден ва медаллар билан мукофотлангани қалбимизга ҳақиқатан ҳам фахр туйғусини бағишлаши табиийдир. Лекин фашизм балосига қарши курашда халқимизнинг қўшган энг катта ҳиссаси ҳақида гапирганда, юрагимизда умрбод битмайдиган яра, асорат бўлиб қоладиган оғир йўқотишлар яна ва яна ҳаёлимиздан ўтади. Уруш бошланган пайтда Ўзбекистонимиз аҳолиси 6,5 миллион кишига яқин бўлган бўлса, шундан 1,5 миллион киши, яъни қурол кўтаришга қурби етадиган одамлар урушда қатнашган. Уларнинг орасидан 500 мингдан кўпроғи жанг майдонларида ҳалок бўлганини, яна қанча-қанчаси майиб-мажруҳ бўлиб қайтгани, қанчаси бедарак йўқолганини ҳисобга оладиган бўлсак, бу ғалаба бизга нақадар қимматга тушгани ўз-ўзидан аён бўлади. Ҳар қайси халқнинг бағрикенглиги ва олийжаноблиги, керак бўлса, одамийлиги ва инсонпарварлиги нафақат ўз яқинлари, балки бегона одамларнинг бошига мусибат тушганда улардан ўз меҳри ва ёрдамини аямаслигида яққол кўринади, синовдан ўтади. Жамиятимиздан хавфсизликни мустаҳкамлаш, ҳар қандай бало-қазоларнинг юртимизга кириб келишининг олдини олиш, чегараларимизнинг дахлсизлигини, халқимизнинг тинч-осойишта ҳаётини ҳимоя қилиш мақсадида замон талаб қиладиган, зарур чораларни амалга оширишни тақозо этмоқда.

Меҳр-оқибат– халқимизнинг энг олий, ноёб фазилати. Юртдошларимиз фронт ҳудудларидан кўчириб келтирилган бир миллионга яқин болалар, аёллар ва қарияларни қабул қилгани, уларга бошпана бергани, ҳатто охирги бурда нонини ҳам улар билан баҳам кўргани, “Сен етим эмассан” деб, уларни ўз бағрига олиб, меҳр-мурувват кўрсатгани халқимизнинг одамийлик фазилатлари, олийжаноблигининг амалий намоёни бўлди, десак, ҳеч қандай хато бўлмайди. Жанг майдонларида Ватан учун, бугунги ва эртанги авлодларнинг ёруғ кунларга етиши учун жон берган, ўзини фидо этган инсонлар хотирасини ёдга олсак, бугун ҳаёт бўлган фахрийларимизга қанча ҳурмат-эҳтиром ва эътибор кўрсатсак, ҳеч қачон кам бўлмаймиз.

Аждодлар хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, юртимиз тинчлиги ва равнақи йўлида хизмат қилган кексаларга алоҳида ҳурмат-эътибор кўрсатиш мамлакатимизда миллий қадрият даражасига кўтарилган. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан нишонланаётган Иккинчи жаҳон уришида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини нишонлаш тадбири мазмун-моҳиятида ҳам ана шундай эзгу тамойиллар ўз ифодасини топган. Жорий йилда фронт ва фронт ортида қатнашган фидойи инсонларга  эътибор янада кучайтирилади. Мамлакатимизнинг энг яхши санаторийларида уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш учун қулай шарт-шароитлар яратилди. Уруш йилларида халқимиз кўрсатган ҳақиқий жасорат ва матонатни кино, театр санъати, бадиий-публицистик асарлар, илмий тадқиқотлар орқали кўрсатиш, аҳоли, айниқса, ёшларимизга таъсирчан тарзда етказиш бўйича катта ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида муҳташам “Ғалаба боғи” бунёд этилмоқда.

Буюк ғалабани қўлга киритишда мардлик ва жасорат кўрсатган фахрийларимизни, фронт ортида фидокорона меҳнат қилган юртдошларимизни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси табриклаб, Сиз азиз инсонларга узоқ умр, сиҳат-саломатлик тилайди. Уруш майдонларидан қайтмаган, мусаффо осмон, тинч ва осойишта ҳаёт учун жон бериб, қурбон бўлган юртдошларимизнинг муқаддас хотираси олдида бош эгиб, уларнинг ватанпарварлик  туйғуларини ардоқлайди.

Муҳтарам фахрийларимизни, бутун халқимизни ушбу қутлуғ байрам билан яна бир бор чин қалбимиздан табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, хонадонларига файзу барака тилаймиз. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин! Бало-қазолардан, табиий офатлардан, коронавирус пандемиясидан Яратганнинг ўзи асрасин! Қалбимиз ва тафаккуримизни баҳор фасли алвон гуллар каби мунаввар этсин!

 

Таваккал ЧОРИЕВ,

Олий Мажлиси қонунчилик палатаси депутати,

Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+