Вазиятни ирода ила жиловлаймиз

08.04.2020 22:04:12

 

Бугунги кунда, дунё бўйича 2019-nCoV пандемияси билан касалланганлар сони 1,2 млн. кишидан ортиқни ташкил этиб, улардан 70,0 мингга яқини вафот этган. Ушбу пандемия натижасида АҚШ, Европа иттифоқининг бир қатор давлатлари (Германия, Франция, Италия ва бошқалар) ҳамда Хитой каби дунёнинг иқтисодиёти ривожланган давлатлар ҳам вазиятни бошқаришга қийналмоқда.

Ўз навбатида, мамлакатимизда пандемиянинг таъсирини юмшатиш мақсадида Президентимиз томонларидан зарур бўлган чора-тадбирлар ўз вақтида амалга оширилмоқда.

Оммавий ахборот воситаларида ҳар куни дунёда нима бўлаётгани ва Ўзбекистонда пандемияга қарши амалга оширилаётган кенг кўламли чоралар кўрилаётганини ҳаммамиз кўриб турибмиз, лекин шунга қарамасдан Президентимиз раҳбарлигида жорий йилнинг
3 апрель куни коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича видеоселекторда яна бир бор халқимизга мурожаат қилдилар.

Жорий йилнинг 29 январида ПрезидентФармойиши билан мамлакатимиз ҳудудига 2019-nCoV коронавируси тарқалишининг олдини олиш, қулай санитария-эпидемиологик муҳитни таъминлаш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида,Ўзбекистон Республикаси Бош вазири раҳбарлигида тегишли вазирлик ва идоралардан иборат Республика махсус комиссияси ташкил этилди. Комиссия олдига қўйилган ҳар бир банд ижроси бўйича Республика махсус комиссияси 24 соат узлуксиз иш тизимига ўтган ва доимий равишда мулоқотга тайёр. Комиссия томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирларни ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб турибмиз. Мана шундай оғир пайтда ҳаммамиз дунёқарашимизни ўзгартириб, авваламбор ўзимиз намуна бўлишимиз керак.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 19 мартдаги “Короновирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони мураккаб даврда халқимиз, бутун жамиятимиз учун кўрсатилган ғамхўрликнинг яққол ифодаси бўлди. Хусусан, ҳозирги шароитда иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, аҳолини самарали ижтимоий қўллаб-қувватлаш, унинг даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олиш мақсадида 10 трлн. сўм маблағнинг йўналтирилгани тарихий аҳамиятга моликдир.

Ҳозирги жуда оғир вазиятни инобатга олиб, иқтисодиётимизни, тадбиркорларни фаол қўллаб-қувватлаш учун жорий йилнинг 3 апрель куни яна бир муҳим фармонга давлатимиз раҳбари томонларидан имзо чекилди. Бугун тадбиркорлар, ҳунарманд ва фермерларимиз, корхоналар раҳбарлари яратилаётган имтиёзлардан самарали фойдаланишлари керак. Бугун йўқотган имкониятларимизни эртага тиклаш қийин бўлади, вақтни эса орқага қайтариб бўлмайди.

Бу вақтинчалик синовлардан ҳалқимиз бирдамлилиги, жипслилиги ва мустаҳкам иродаси ила ўтиб, катта тажриба орттирамиз, бир биримизга бўлган меҳр – оқибатимиз яна бир поғона кўтарилишига ва биргаликда вазиятни жиловлашимизга ишонамиз.

Амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг сўзсиз ижросини, ҳамда аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш ва короновирус пандемиясининг мамлакатимиз ҳудудида тарқалиб кетишини олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Қанча огоҳлантириш ва тушунтириш ишларига қарамай, жойларда карантин қоидалари бузилмоқда. Жумладан, Ички ишлар вазирлигининг маълумотига кўра, жорий йилнинг
5 апрел ҳолатига тадбир бошидан жами 29953 карантин қоидаларига риоя қилмаслик ҳуқуқбузарликлари аниқланди, шулардан:

- 28 438 тиббий ниқоб тақмасдан юриш;

- 170 санитария ва эпидемиология қоидаларига зид равишда савдо фаолиятини давом эттириш;

- 360 карантин ҳудудини ташлаб кетиш;

- 6 ижтимоий тармоқларда ваҳима чақируви ёки ассосиз маълумотлар тарқатиш;

- 24 маросим ёки йиғин ўтказиш;

- 955 бошқа сабаб билан боғлиқ.

Бундан ташқари, йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан автомашиналарни махсус стикерларсиз бошқариш ҳолатлари бир кунда – 502 та, тадбир бошидан – 2462 та аниқланган.

Карантин ва эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш ва шу билан боғлиқжиноятларбўйича маълумотлар қўйидагича:

  1. Жиноят кодексининг 2571-моддаси, яъни санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш билан 6 та жиноят иши қўзғатилган;
  2. Жиноят кодексининг 2445-моддаси, яъни карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш билан 2 та жиноят иши қўзғатилган;
  3. Жиноят кодексининг 228-моддаси, яъни ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиб ёки улардан фойдаланиш билан 3 та жиноят иши қўзғатилган.

Юқорида таъкидлаб ўтилган тадбирлар халқимизни коронавирус пандемияси офатларидан сақлаш, уларнинг ва уларга қадрли бўлган инсонларнинг саломатлигини ўйлаган ҳолда юқори профессионал фикрлар билан биргаликда илғор чет давлатлар тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда қилинаётган кенг қамровли саъй-ҳаракатлардир.    

Шундай масъулиятли кунларда фуқароларнинг давлатга бўлган юксак ишончи синовдан ўтади. Давлат ва ҳалқ жипслашиб, битта мақсад сари бир ёқадан бош чиқариб, эртанги кун учун биргаликда курашиб, келажакка умид билан боқишади. Зеро, умид шундай бир туйғуки, нурдек нозик, нурдек ёруғ ва тоза. Инсон худди шу туйғу билан ҳамнафас яшайди. Умид барҳаёт экан, ҳаёт ҳам давом этади. Умид ишончни пайдо қилади, ишончдан эса ирода туғилади.

 

Дилшод ҲАМЗАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+