Вирус устидан ғалаба қозонишдаги асосий кучимиз — қатъий интизомга риоя қилиш

17.08.2020 21:08:03

Мана ярим йилдирки пандемия шароити дунё аҳолисини синовдан ўтказмоқда. Бунинг натижасида кўпгина қадриятларимиз, турмуш тарзимизнинг муҳим жараёнлари ўз мазмун-моҳиятини ўзгартирди.

Бу синовли дамларда биринчи зарбани бугунги кунимиз қаҳрамонлари бўлган шифокорлар қабул қилиб олди. Пандемиянинг илк кунлариданоқ Давлатимиз раҳбари бошчилигида зарур чора-тадбирларнинг ўз вақтида амалга оширилиши натижасида аҳолимиз саломатлигига бўлган хавф сезиларли даражада камайтирилди. Аммо шифокорларимиз томонидан олиб борилган мардонавор кураш ва ҳукуматимиз ўз вақтида кўрган чора-тадбирларга ишониб қолган фуқароларимизнинг бепарволикка берилиши натижасида июль ойида юртимизда ҳам касалликнинг салбий ҳолати кузатилди. Бундай босимнинг ортиб кетиши эса касалликка қарши курашаётган шифокорлар ва санитария-осойишталик маркази ходимлари иш самарадорлигига салбий таъсир кўрсатди.

Ўз вақтида кучайтирилган карантин чоралари ва Республикамиз бўйлаб ўз вақтида янгидан қуриб битказилган тиббиёт муассасалари ҳисобига вируснинг иккинчи тўлқини ҳам бартараф этилди. Бугунги кунда бошқа мамлакатларга нисбатан эришилган мақбул статистик кўрсаткичлар танланган йўлимиз тўғрилигини, давлат ва жамоат институтлари томонидан амалга оширилаётган чоралар самарадорлиги ва натижадорлигини исботламоқда.

Охирги бир ойда барча ҳудудларда даволаш ўринлари ва нафас бериш аппаратлари сони бир неча баробар кўпайтирилди,  муолажа усуллари янгиланди ҳамда тез тиббий ёрдам хизмати кучайтирилди.  Натижада мамлакатимизда касалликка чалинганларга нисбатан даволаниб чиққанлар сони юқори даражада ортиб бормоқда. Аммо айрим ҳудудларда аҳолимиз томонидан карантин қоидаларига нисбатан бепарволикка берилиш, белгилаб берилган қоидаларга тўлақонли амал қилмаслиги натижасида ҳамон юртдошларимиз орасида аниқланган касалланиш ҳолати юқори бўлиб сақланиб қолмоқда.

Бу эса фақатгина тиббиёт тизимида ислоҳотларни амалга ошириш билангина ижобий натижага эришиб бўлмаслигини кўрсатмоқда. Шифокорларимиз ўз қасамёдларига содиқ қолиб ҳар бир келган бемор ҳаётини сақлаб қолишлари мумкин. Аммо мамлакатимизда охирги бемор аниқланиш ҳолатига чек қўйилмас экан биз тўлақонли ғалабага эришдик деб айтолмаймиз.

Юртдошларимиз турмуш тарзини янада яхшилаш ва иқтисодиётнинг барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида 15 августдан бошлаб Республикамиз бўйлаб карантин қоидалари босқичма-босқич юмшатилмоқда.

Галдаги вазифа эса бугун кўринмас душман билан олдинги сафда кураш олиб бораётган тиббиёт ходимлари билан бир сафда бўлиб барчамиз йўл қўйилган хатолардан тўғри хулоса чиқарган ҳолда ўзимиз ва ўзгалар саломатлигига масъул бўлишимиз зарурлигини кўрсатмоқда. Шу боисдан бугун ғалабага эришишимиз, фуқароларимизнинг турмуш фаровонлигини ошириш, фарзандларимизнинг ўз вақтида тўлақонли таълим-тарбия олишларига эришиш учун барчамиз бирдек белгиланган қоидаларга амал қилишимиз зарур. Фақатгина қатъий темир интизом ва масъулият ҳиссини тўлақонли ҳис этиш орқалигина ғалабага эришишимиз мумкин.

 

Музафара АБДИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+