Виждон чегара билмайди

08.05.2020 11:05:13

Неча кундирки, забонимиздан, ташвишларимиздан коронавирус бироз чекингандек, унинг ўрнини Сардоба эгаллагандек.

Биринчи ҳолатда ўз уйимизда ўтириб, меҳнатимизни масофадан эплаётган бўлсак, иккинчисида хонадонларимиз эшигини, бағримизни кенг очдик, сандиқдаги бисотимизу, қишки ғамлаган “заҳира”ларимизни, “келин салом”га деб ниятланган кўрпа-тўшаклару идиш-товоқларни ҳеч иккиланмасдан сув балосидан зарар кўрганларга илиндик.

Яшаш тарзимиз ўзгарди, ҳаётни ўлчайдиган қаричларимиз ўзгарди. Фақат бир нарса – виждон ҳар икки ҳолатда ҳам ўзгармади.

Қарияларимизнинг ҳар дуосида “Ўт балосидан, сув балосидан Аллоҳнинг ўзи асрасин” деб такрор-такрор сўрашининг мағзини бугун чаққандекман.

Сардобадаги ҳамюртларимизга ёрдам бериш учун ҳар бир ўзбекистонликнинг ўзига-ўзи эълон қилган сафарбарлиги олдида, менимча, тожли  вирус бошидаги тожини ечди. Биз пандемияда давридаги қўрқувни енгдик. Сўнгги кунлардаги ташкил этилаётган турли саховат маблағлари, акциялари, карвонлари карантин даврида тобланганимизни ва энди бизга ҳеч қандай вируслар бас кела олмаслигини исбот қилди.

Мазкур сафарбарлик бошида юртбошимизнинг турганликлари сардобаликларда ишонч туйғусини уйғотган бўлса, бошқаларда фахр, сергаклик туйғусини жунбушга келтирди. Ватан деб аталмиш катта оиламиз бошлиғи ўз оиласи аъзолари, аёллари, фарзандлари, қарияларини ҳимоялашга жонбозлик кўрсатиб енг шимарганини кўриб, қалбимиз фахрга, кўзларимиз ёшга тўлди.

Бир офат келса, қўшалоқлаб келади, деганларидек, Ўзбекистондаги Сардоба сув омбори тўғони бузилиши оқибатида қўшни Қозоғистондаги Мақтарал, Туркистон вилоятларининг 10 та овулини сув босиб, 22 мингдан зиёд аҳолиси эвакуация қилинганлиги ҳақидаги хабар эса бизни сергаклантирди.

Ўзбекистон юрагининг бир бўлаги Сардоба ёрдамга мухтож бўлиб турган бир вақтда “этни тирноқдан ажратмайдиган” юртимиз раҳбари Қозоғистон Республикаси ҳалқига ҳам ёрдам кўрсатишга тайёр эканлиги борасида музокаралар олиб бориши марднинг майдонда билиниши, виждон ва ёрдам чегара билмаслигининг исботидир.

Ўзбек халқининг беклиги доим ўзига ярашган. Аҳд қилса, курраи заминнинг юрагини суғуриб оладиган, эл бошига иш тушса жонини фидо қиладиган, жигари кўзига чўп тушса киприги билан оладиган мард ҳалқ.

Мен ҳам шу халқнинг бир зарраси эканлигимдан фахрланаман!

 

Гулруҳ АГЗАМОВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис

Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+