Ялпи мажлисда “Адолат” СДП позицияси маъқулланди

29.04.2020 21:04:35

Кейинги бир неча ойда Ўзбекистоннинг Евро Осиё Иқтисодий Иттифоқи билан ҳамкорлиги масаласи юртдошларимизнинг диққат марказида бўлиб, турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб келаётган эди. Жумаладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси ҳамда партия фаолларининг йиғилишларида ҳам Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш масаласи қайта-қайта муҳокама қилинди. Кескин мунозараларга бой бўлган йиғилишларда депутатларимиз билан бир қаторда ҳукумат аъзолари ҳам иштирок этишди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида мамлакат иқтисодиёти рақобатбардошлиги ва экспорт салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилганди. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш масаласини батафсил кўриб чиқилиши таъкидланиб, ушбу масала юзасидан қарор қабул қилишда, энг аввало, халқимиз манфаатларидан келиб чиқиб, халқнинг хоҳиш-иродасига таяниш лозимлигига алоҳида урғу берилганди.

Чиндан ҳам мазкур масала соҳалар бўйича мутахассислар билан бир қаторда фуқароларимизни ҳам бефарқ қолдирмади. Бу эса юртдошларимизнинг давлатимиздаги иқтисодий жараёнларга бефарқ эмаслигидан далолат беради.

Масалани атрофлича ўрганиш мақсадида Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси қошида ҳам махсус ишчи гуруҳи тузилди. Ишчи гуруҳи ЕОИИ билан ҳамкорликнинг миллий иқтисодиётга таъсирини чуқур таҳлил қилиб, қисқа, ўрта ва узоқ муддатли истиқболда миллий иқтисодиёт ривожланишининг устувор йўналишларини ўрганди. Шунингдек, Ишчи гуруҳи ЕОИИ билан ҳамкорликнинг иқтисодиёт тармоғига ижобий ва салбий оқибатларини ҳамда Ўзбекистонинг бошқа халқаро ташкилотлар, хорижий мамлакатлар билан ҳамкорлигига таъсирини ҳар томонлама кўриб чиқди.

Бу жараёнда ЕОИИга аъзо бўйиш Ўзбекистон иқтисодига нима бериши масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Тўғри, матбуотда кўп бор таъкидланганидек, аъзолик мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек, энергетика соҳасида ҳам яхши натижа бериши аниқ, чунки бу давлатлар нефть, газ қазиб олиш ва уларни қайта ишлашда етакчи ҳисобланади. Шу билан бирга туризм соҳасида ҳам катта имкониятлар эшиги очилиши, айниқса, Ўзбекистон учун катта бозорга чиқиш ва ўзининг маҳсулотларини экспорт қилиш орқали тадбиркорликни янада ривожлантириш имкониятлари яратилиши мумкин.

ЕОИИ билан ҳамкорлик мамлакатнинг транспорт-коммуникация соҳасидаги имкониятлари кенгайишига, саноат маҳсулотларининг ЕОИИга аъзо мамлакатлар орқали транзит ташиб кетиши ҳажми янада ошишига, шунингдек, республика транспорт-коммуникация тармоқларини ривожлантиришга ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

Шу билан бир қаторда, Иттифоқ доирасида соддалаштиирилган божхона тартиби амал қилиши ҳисобидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини фермерларимиз ва маҳаллий тадбиркорлар томонидан экспорт қилиш имконияти кенгаяди.

Шу билан бирга, ЕОИИга аъзо бўлишнинг мамлакат иқтисодиётига ижобий таъсири билан бир вақтда салбий оқибатлари ҳам борки, улардан кўз юма олмаймиз. Аввало, ЕОИИ давлатлари ташқи савдо сиёсатини етарлича мувофиқлаштириш қувватига эга эмас. Жумладан, Иттифоққа аъзо баъзи давлатларнинг (Россия, Белоруссия ва Қозоғистон) илм-фан, техника ютуқлари ва инновацион соҳадаги нисбатан устуворлиги Ўзбекистонда ривожланиш босқичига ўтаётган иқтисодиёт тармоқларнинг инновацион фаолиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Айни пайтда мамлакатга дори воситаларининг 90%дан ортиғини Иттифоққа аъзо бўлмаган давлатлардан импорт қилинишини инобатга олган ҳолда, ЕОИИга аъзолик мамлакатимизда рақобатбардош маҳаллий фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва тиббий техника воситаларини ўзимизда ишлаб чиқариш жараёнини мураккаблаштиришга олиб келади.

Ўтган давр мобайнида мазкур хулосалар асосида шакллантирилган партия позицияси аҳолини хабардор қилиш мақсадида оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди.

Аҳамиятлиси, мазкур чиқишлар аҳолимизни ҳам бефарқ қолдиргани йўқ. Бу муносабатлар, мақолалар аҳоли, фаоллар, экспертлар томонидан атрофлича муҳокама қилинди, айрим фикрлар қўллаб-қувватланди, айримлари эса рад этилди.

Ушбу фикр ҳамда мулоҳазаларни жамлаган ҳолда фракция томонидан партия позицияси шакллантирилди.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, “Адолат” СДП фракцияси Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлик қилиши устувор аҳамиятга эга эканлигини инобатга олган ҳолда, дастлабки босқичда кузатувчи давлат мақомида иштирок этиш таклифи билан чиқди.

Жорий йилнинг 28 апрель куни Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлиги юзасидан муҳокамалар ўтказилиб, якуний қарори қабул қилинди. Унга кўра фракция позициясига монанд равишда Ўзбекистоннинг Иттифоқда кузатувчи давлат мақомида иштирок этиши мақсадга мувофиқ деб топилди.

 

Абдукамол РАХМОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+