Янги Ўзбекистон: мулоқот, ишонч ва ҳамкорлик

24.09.2020 15:09:06

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси 75-юбилей сессиясида сўзлаган нутқи улкан умумсиёсий воқеликка айланди. Давлатимиз раҳбари халқаро ҳамжамият эътиборига минтақавий ва глобал аҳамиятга эга долзарб масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини тақдим этиб, Ўзбекистонни сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий модернизация қилишнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.

Биринчи йўналиш – бутун дунёни ташвишга солаётган коронавирус пандемиясидир. Ушбу офатга қарши биргаликда курашиш ва касаллик тарқалишининг салбий оқибатларини енгиб ўтиш масалалари алоҳида эътиборга олинди. Бунда ҳар бир инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини, саломатлиги ва фаровонлигини таъминлайдиган адолатли глобал тизим яратиш зарур эканлиги таъкидланди. Бунинг учун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида “Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодекс” ишлаб чиқиш таклифи илгари сурилди. Ушбу ҳужжатда ҳар бир давлатнинг ўз фуқаролари ва халқаро ҳамкорлари олдидаги мажбуриятлари ўз ифодасини топиши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Иккинчи йўналиш – ёшлар масаласидир. Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбари 2017 йил сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида “Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисида БМТ Конвенцияси”ни яратиш ташаббуси билан чиққан эди. Ушбу ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш юзасидан Ўзбекистон ташаббусни ўз зиммасига олган эди. Конвенция лойиҳасини ишлаб чиқишни ниҳоясига етказиш ва уни тасдиқлатиш улкан аҳамиятга молик ҳисобланади.

Учинчи йўналиш - Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисидаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш таклифи илгари сурилди.

Тўртинчи йўналиш - Марказий Осиё минтақасининг глобал иқтисодий, транспорт ва транзит йўлакларига чуқур интеграциясини таъминлашдир.
Шу муносабат билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини очиш масаласи ўртага ташланди.

Бешинчи йўналиш – Марказий Осиё минтақасининг кўҳна ва бой маданий меросининг аҳамиятини инсониятга етказиш борасида 2021 йилда ЮНЕСКО билан ҳамкорликда қадимий Хива шаҳрида “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” деган мавзуда халқаро форумни ўтказиш таклиф этилди. Бу тадбир учун айнан Хоразм ўлкасининг танлаб олиниши ушбу ҳудудни илмий-назарий жиҳатдан, ҳамда унинг жаҳон цивилизациясида тутган ўрни нуқтаи назаридан мукаммал ўрганиш ишларининг амалга ошишида катта аҳамият касб этади.

Олтинчи масала – қўшни Афғонистондаги тинчлик ва барқарорлик масаласидир. Бу борада Ўзбекистон йил сайин улкан ишларни амалга оширишда катта жонбозлик кўрсатиб келмоқда. Шундай бўлсада, қўшни мамлакатнинг тинчлиги масаласи ҳамиша кун тартибининг марказидан жой эгаллаб келган. “Бу борада “Беқарор ва вайронкор вазиятдан – тинчлик ва бунёдкорлик сари” деган тамойил асосида иш олиб бориш муҳимдир”, - дея таъкидлади давлатимиз раҳбари. Шу боис Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузурида афғон халқининг дарду ташвишини тинглайдиган, доимий фаолият кўрсатадиган қўмита ташкил этиш таклифи киритилди.

Еттинчи масала – Орол денгизи муаммосидир. Унга кўра, Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш ҳақида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти
Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш таклифи берилди. Ушбу муҳим ҳужжат тасдиқланган санани эса Халқаро экологик тизимларни ҳимоя қилиш ва тиклаш куни сифатида нишонлаш ушбу оғриқли муаммога нисбатан жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини янада кучайтиришни мақсад қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ўз сўзининг якунида қашшоқлик ва камбағалликка қарши курашиш ғоясини кўтарди ҳамда ушбу масалани  Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси навбатдаги сессиясининг асосий мавзуларидан бири сифатида белгилаш ҳамда ушбу масалаларга бағишланган глобал саммитни ўтказиш таклифини киритди. Зеро, ушбу масала бугунги кунда ўта долзарб бўлиб, жаҳон ҳамжамияти билан биргаликда самарадорлик йўлларини излаш, жаҳон тажрибаларини қўллашдек тизимли чора-тадбирларни амалга оширишни талаб этади. Бинобарин, қашшоқлик ва камбағаллик муаммоси дунёнинг барча нуқталарида мавжуд бўлиб, шу кунга қадар ҳеч бир мамлакат раҳбари томонидан жиддий кўтарилмаган эди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ушбу муаммони рўй рост кўтариб чиқиб, қолган мамлакатларни ҳам ушбу масала устида бош қотириш ва унинг ечим йўлларини топишга чақирмоқда.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган барча ташаббуслар жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг қўллаб-қувватланиб, амалиётга татбиқ этилмоқда. Зеро, давлатимиз раҳбари билдирган барча ташаббусларнинг амалга ошишида айнан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг хайрихоҳлиги ва кўмаги катта аҳамиятга эга. Шу боис, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг мувофиқлаштирувчи халқаро тузилма сифатидаги марказий ўрнини янада кучайтириш лозимлиги алоҳида таъкидланди.

 

Ойдин АБДУЛЛАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

Фан, таълим, маданият ва спорт

масалалари қўмитаси аъзоси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+