Янги Ўзбекистон: юксалиш одимлари

17.08.2020 17:08:16

Ўзбекистон ҳалқи бугунги кунда ниҳоятда мураккаб синовни бошидан кечираётган бўлсада, Ватанимиз Мустақиллигининг 29 йиллигини ёруғ юз билан кутиб олишга тараддудланмоқда. Пандемия даврида  мамлакатимизда истиқомат қилувчи ҳалқларнинг олийжаноб фазилатлари яққол намоён бўлди. Айтиш керакки, Мустақил Ўзбекистон ўз заминида ҳукм сураётган миллатлараро тотувлик, фуқаролик жипслиги ва ижтимоий барқароликнинг гўзал намунасини жаҳон ҳамжамияти олдида намоён этди. Дарҳақиқат, коронавирус пандемияси кўплаб ривожланган давлатлар  иқтисодини фалаж ҳолатига келтириб, давлатчилик асосларини ларзага солган, жаҳон иқтисодиёти турли талафотларга дуч келаётган бир пайтда мамлакатимизда ижтимоий барқарорлик сақланиб, аввало, инсон ҳаёти ва соғлигини асрашга қаратилган барча чора–тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, коронавирус аломатлари давлатимиз худудида аниқланган биринчи кунлариданоқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида макроиқтисодий мувозонатни барқарорлаштириш ва пировардида бўлажак иқтисодий талафотларни камайтиришга қаратилган долзарб чора-тадбирлар белгиланди. Шуни таъкидлаш жоизки, коронавирус пандемияси мамлакатимиз  тараққиётининг тикланиш давридан янги  юксалиш босқичига ўтишнинг миллий дастурини амалга ошириш жараёнида, айни ўзининг дастлабки юқори иқтисодий ўсишига эриша бошлаган бир даврда кириб келди ва  жиддий ижтимоий-иқтисодий муаммолар қаторида мураккаб маънавий-аҳлоқий масалаларни ҳам юзага чиқарди. Давлатимиз раҳбари бошчилигида республика ҳукуматининг кундалик назорати остида ушбу муаммоларни бартараф этиш ва  таҳдидларга қарши ўз вақтида самарали ечим топишга муваффақ бўлиш замирида, албатта, Ватанимизнинг қарийб ўттиз йилик мустақиллик даврида  миллий давлатчилигимизнинг мустаҳкам пойдевори яратилгани, иқтисодий салоҳиятнинг ўсиши кафолатлангани, миллатлараро тотувлик ва фуқаролик жипслиги негизида ижтимоий барқарорликнинг таъминлангани ҳаётбахш қудрат ва қалқон бўлгани шубҳасиздир.

Истиқлол йиллари билан боғлиқ қисқа тарихий даврга назар ташлар эканмиз, Ўзбекистон фақат хомашё етказувчи, пахта яккаҳокимлигига асосланаган аграр мамлакатдан кўп тармоқли саноат ва замонавий агросаноат комплекслар тизимини барпо этиб, юксак илмий-интеллектуал салоҳиятга эга давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаганини кўрамиз. Бугунги кунда Ўзбекистон ўзини сиёсий жиҳатдан таъминлаган ва жаҳон сиёсий-иқтисодий майдонида ўз ўрнини мустаҳкам эгаллаган давлатлардан бирига айланди. Сиёсий суверенитет ва иқтисодий мустақиллик, ташқи дунёга очиқлик, миллий ўзига хосликни сақлаш, юксак маънавият ва ўз тарихига ҳурмат, диний ва маданий бағрикенглик Ўзбекистон миллий уйғониш фалсафасининг асосий таркибий қисмидир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: “Мустақиллик туфайли биз дунё ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлиб, ёруғ келажагимизни ўз қўлимиз билан бунёд этмоқдамиз. Истиқлол йилларида эришган ютуқларимизга таяниб, дадил қадам қўймоқдамиз. Мамлакатимиз тараққиётини янада юксак босқичга кўтариш мақсадида Ҳаракатлар стратегиясини қабул қилдик. Бу ноёб ҳужжатда белгиланган улуғвор вазифаларни рўёбга чиқаришга қатъий киришганимиз биз учун янги уфқ ва имкониятлар очиб бермоқда”. 

Дарҳақиқат, миллий давлатчилигимизда демократик тамойилларни янада чуқурлаштириш, кенгроқ жорий этишга қаратилган ушбу янги сиёсат асослари 2017 йилнинг 12 июль куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари аъзолари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувдаги  маърузасида белгилаб берилди. Шу йилнинг ўзида давлатимиз тарихида илк бор Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаат билан чиқиш институти жорий қилиниши миллий парламентимизнинг, бутун депутатлар корпусининг фаолиятини тубдан модернизация қилишнинг асосий негизига айланди. Ўтган қисқа муддатда  мамлакатимиз Президентининг Олий Мажлисга ҳар йили йўллайдиган Мурожаатномаларида белгиланган вазифаларга мувофиқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолияти соҳасидаги ишлар қайта кўриб чиқилиб, сифат жиҳатидан янги шакл ва усуллар жорий этилди. Барча поғонадаги депутатларнинг бевосита ҳалқ билан очиқ самарадор мулоқотларни олиб бориши ва жойларда мавжуд муаммо-камчиликларнинг ҳал этилиши билан ҳалқнинг сайланган вакилларига ишонч-ҳурмати ошди. Олий Мажлис  аъзоларининг кенг ижтимоий қатламлар ҳаёти ва муаммолари билан яқиндан танишиш, уларни ҳолис таҳлил қилиш жараёнида депутатлар корпуси қонун ижодкорлиги фаолиятининг натижадорлиги ошди. Бундан ташқари, парламент фаолиятининг ижобий самарадорлигини ошириш мақсадида Олий Мажлис ҳузурида Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ташкил этилди. Миллий парламентаризм фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш, умумжаҳон талабларига мувофиқлаштиришга қаратилган  ўнлаб сайлов жараёнига тегишли қонун  ва тизимли ислоҳотлар негизида Президентимиз ташаббуси билан ягона Сайлов кодекси қабул қилинди ва унинг асосида “Янги Ўзбекистон - янги сайловлар” шиори остида умумхалқ сайлови бўлиб ўтди.

Айтиш жоизки, бугунги кунда ҳар ким ўз фикрини баралла айтиш имконига эга. Бугунги кунда ҳеч бир инсон меҳр-шафқатдан четда қолмади. Пандемия аталмиш энг оғир кунларда ҳам халқимиз ўзининг юксак даражадаги сабру матонати ва итоатини намойиш этди.

Халқимизнинг заковати ва эртанги кунга бўлган ихлосу ишончи боис, демократик давлат қуриш, ижтимоий барқарорликка эришиш, иқтисодий тараққиёт асосларини яратишдек мураккаб жараёнлардан ёруғ юз билан ўтдик ва  тараққиётниг янги босқичига чиқа олдик.

Пандемиянинг бугунги кунда давом этаётган асоратлари даврида ҳам юртимизда бунёдкорлик ишлари кенг қамровли давом этяпти. Йигирма тўққиз йил муқаддам дунё ҳаритасида пайдо бўлиб, жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли ташаббускор аъзоси сифатида эътироф этилган мустақил Ўзбекистон халқимизнинг тарихи ва келажак авлодлар тақдирида ҳамиша ишонч ва ғурур рамзи бўлиб қолади.

 

Ойдин АБДУЛЛАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси,

Фан, таълим, маданият ва спорт

масалалари қўмитаси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+