Ёрмамат Холиёров: Таълим-тарбия тизимида дадил қадамлар

10.09.2019 16:09:13

Ўтган уч йил давомида иқтисодиёт ва ижтимоий соҳалардаги кенг қамровли ислоҳотлар мамлакатимизнинг жадал ривожланиш даврини бошлаб берди.

Президентимиз фаолиятининг дастлабки даврида таълим-тарбия тизимини ислоҳ қилиш бўйича илгари сурган дадил ташаббуси соҳада йиғилиб қолган жиддий муаммоларни қисқа муддатларда ҳал этишнинг самарали ечимини берди.

Илк бор фуқароларимизнинг умри давомида таълим-тарбия олиши учун давлат кафолатлари яратилди. Жумладан, таълимни тарбиядан, тарбияни эса таълимдан ажратиб бўлмайди, деган ҳикматларга таянган ҳолда, мактабгача ёшдаги болаларга таълим-тарбия беришда алоҳида тизим шакллантирилди.

Аҳоли яшайдиган ҳар бир ҳудудда эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда, болалар боғчалари қуриш, мавжудларини таъмирлаш бўйича бошланган амалий ишлар ҳар бир фуқаро томонидан катта хурсандчилик билан кутиб олинди.

Таълимда 11 йиллик таълим тизими жорий қилингани ҳали катта ҳаёт бўсағасида, ўзлигини тўлиқ намоён этишга улгурмаган, тарбияси ҳали шаклланиб ниҳояланмаган ёшларимизнинг жиноятларга аралашиб қолиш хавфини бартараф этгани ўтган давр давомида эришган муҳим натижаларимиздан бири бўлди.

Мамлакатимиз иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларига олий, ўрта махсус ва махсус касбий маҳоратга эга бўлган мутахассислар тайёрлаш тизимида шаффофлик тамойилларининг амалга оширилиши нафақат ёшларда, балки ёши улуғ авлод вакилларининг ҳам илм олишга бўлган қизиқишини орттирди. Айниқса, фуқароларнинг касбий маҳоратини юксалтиришда иккинчи мутахассисликка ўқиш, таълимнинг сиртқи ва онлайн шаклларининг жорий этилиши, нострификация талабларининг соддалашуви йиллар давомида умид қилиб келинган орзулар эди...

Қайд этишимиз лозимки, аждодларимиз ва замонамизнинг илғор фуқаролари фикрлари ўз аксини топган китоблар мутолааси ҳамда китобхонлик маданиятини шакллантиришга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Бу эса, ўз самарасини беришни узоқ куттиргани йўқ.

Бир сўз билан айтганда, буларнинг ҳаммаси Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида кейинги уч йил ичида амалга оширилган улкан ислоҳотлар, рўёбга чиқарилган ғоялар, ҳаётга изчил татбиқ этилган ташаббусларнинг самарасидир. Ана шу натижалар юртимиз иқтисодиётини янада ривожлантиришда, халқимиз фаровонлигини таъминлашда муҳим омил бўлиб, элимизни жипслаштириб, юрт равнақи йўлида сидқидилдан хизмат қилишга ундамоқда.

Ёрмамат ХОЛИЁРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!