Юксак ижтимоий адолат намунаси

05.04.2020 11:04:43

Бугун дунё ҳамжамияти олдида кутилмаган ташвиш, коронавирус пандемияси тарқалиши ва унинг натижасида юзага келаётган оқибатларини бартараф этиш муаммосига дуч келди. Афсуски, бу вирус юртимизга четдан кириб келди. Ҳукумат томонидан халқ саломатлигини ўйлаб, вирус билан курашиш тўлиқ назорат остига олинди. Шу билан бир қаторда пандемия сабабли иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирни камайтириш юзасидан  амалий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, 3 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Ушбу йиғилишда пандемия асоратларига қарши курашиш,  юртдошларимиз даромадларини камайиб кетмаслиги, корхоналар ўз фаолиятини давом эттириши, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун аниқ мақсадли режалар ишлаб чиқилгани таъкидланди.

Видеоселектор йиғилишидан аҳолини ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш юзасидан амалга оширилиши режалаштирилаётган ишлар ҳам ўрин олди. Улардан шу йил якунига қадар ун, ўсимлик ёғи, гўшт ва сут маҳсулотлари, шакар, гигиена воситалари каби асосий истеъмол товарларини импорт қилишда божхона божи ва акциз солиғи ундирилмаслиги муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, жорий йил март-июнь ойларида муддати тугайдиган болали оилаларга нафақа, бола парваришлаш нафақаси ва моддий ёрдамларни тўлаш учун қўшимча мурожаат ва ҳужжатлар талаб этилмайди. Улар автоматик тарзда 6 ойдан 1 йилгача узайтирилади. Ушбу даврда бошқа муҳтож оилаларга ҳам шундай нафақалар тайинлаш давом эттирилади.Бу чоралар орқали яна 120 мингдан зиёд кам таъминланган оилалар қамраб олинади (ҳозирда 600 мингта).

Карантин даврида ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга 18 турдаги асосий озиқ-овқат ва гигиена товарлари бепул етказиб берилади.

Халқимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногирон, камбағал қатламига хайр-эҳсон қилиш, уларга ғамҳўрлик қилиш азалий одат ҳисобланади. Муҳтарам Президентимиз томонидан таъкидланган, қисқа вақт ичида амалга оширилиши режалаштирилаётган ишлар давлат бюджетидан катта маблағ талаб қилсада ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган аҳоли қатлами учун ғамҳўрлик қилиш борасида юксак адолатнинг ёрқин намунаси ҳисобланади.

Муҳаммад ВАЛИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+