ОАВ биз ҳақимизда: “Адолат” СДП: дарслик учун тўлов — Конституциямизга зид

07.09.2019 16:09:00

“Адолат” социал демократик партияси сайтида мактаб ўқувчиларига ижара шартномаси асосида дарсликлар етказиб берилиши мавзуида мақола эълон қилинди. Унда мазкур тизим Конституцияга зид эканлиги, мактаб ўқувчилари дарсликлар билан бепул таъминланиши кераклиги тўғрисида сўз юритилган.

Маълумки, Республика мақсадли китоб жамғармаси (РМКЖ) томонидан ҳар йили мактаб ўқувчиларига ижара шартномаси асосида дарсликлар етказиб берилади. Ҳар бир оиланинг икки-уч ёки ундан зиёд фарзанди мактабда ўқийди. Ота-она фарзандлари мактабда ўқиши учун бошқа кўплаб харажатларни амалга оширади (кийим-кечак, ўқув қуроллари, йўл кира ва ҳоказо). Оилада бир неча фарзанднинг дарслик китоблари ижараси учун бу харажатларга яна 60-120 минг сўм атрофидаги чиқим қўшилади.  

Маълумотларда келтирилишича, ҳар бир ўқувчи дарсликлар ижараси учун бир йилга 13-40 минг сўм тўлайди. Аммо ҳамманинг шароити ҳар хил, ушбу маблағни тўлай олмайдиган оилалар ҳам бор.

Яқинда “Ўзбекистон” телеканалида сиёсий партиялар вакиллари билан ўтказилган телемулоқотда ҳам шу хусусида фикр-мулоҳазалар айтиб ўтилди. Жумладан, “Жамият” газетасининг интернетдаги сайтига келган мурожаатлардан бирида наманганлик ўқувчи қиз ўзи ва укаси дарсликлар ижараси учун зарур маблағни тўлай олмаганлиги, ҳозирда таҳсил олаётган мактабида биринчи синфдан ўқимаслиги сабабли, агар бу йил китоб ижарасига тўлов қилиб мактаб дарсликларини олмаса ўзи ва укаси қайтадан биринчи синфга чиқиши керак эканлигини таъкидлаган. Ҳаётда бундай мисоллар яна борлиги табиий ҳолдир.

Таъкидлаш жоизки, Конституциямизнинг 41-моддасида “Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади. Мактаб ишлари давлат назоратидадир”, деб белгилаб қўйилган. Шундан келиб чиқиб фикр юритадиган бўлсак, мактабларга тарқатиладиган дарсликлар ўқувчиларга бепул берилиши керак. Жуда бўлмаганда эҳтиёжманд оилалар фарзандларини дарслик учун ижара тўловидан озод қилиш даркор, десак ҳам бошқалар пул тўлаши кераклиги Асосий қонунимиздаги қоидага тўғри келмайди.

Таълимга ажратилган сармоя келажакка ажратилган сармоядир. Бундай маблағ бир неча баравар кўпайиб, келгусида қайтади ва мамлакат тараққиётига хизмат қилади. Ҳар бир оила фарзандларининг яхши билим олиши кўп ҳолларда уларнинг кучли ижтимоий ҳимояланишига ҳам боғлиқ ҳисобланади.

Мактаб таълимини ривожлантириш, ўқитиш ишларини замон талаблари даражасида ташкил этиш масаласи партиямизнинг дастурий вазифаларидан бири саналади. Дарсликларнинг сифати, ушбу китобларда аниқланган хатоликлар юзасидан партия экспертлари ўтказган ўрганишлар ҳам ана шу мақсадга қаратилган эди.

Педагоглар, зиёлилар партиямиз электоратида кўпчиликни ташкил этади. Ўқувчиларнинг дарсликлар билан таъминланиши педагогларнинг ҳам манфаатига хизмат қилади. Демак, мактаб дарсликларидан фойдаланишда ўқувчиларнинг конституциявий ҳуқуқини рўёбга чиқариш, мазкур китоблар бепул берилишини таъминлашга эришиш партиямизнинг янги дастурларида ўз ифодасини топиши айни муддаодир.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП матбуот хизмати масъул ходими

Улашинг!