Эркин иқтисодий зона фаолияти кимга ёқмаяпти?

17.10.2019 13:10:01

Дунёдаги кўплаб давлатларда бўлгани сингари эркин иқтисодий зоналарни ташкил этиш мамлакатимизда ҳам тўғридан-тўғри хорижий инвес­тицияларни жалб этиш, ташқи иқтисодий алоқаларни ривожлантиришнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.

Президентимизнинг 2016 йил 26 октябрдаги “Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қулай инвестиция муҳитини яратишда имконият ва имтиёзлар кўламини кенгайтирди. Шу кунгача мамлакатимизнинг 12 та ҳудудида 21 та эркин иқтисодий зона ташкил қилинди.

Бироқ, айрим идора ва ташкилотларнинг масалага суст ёндошаётганлиги оқибатида эркин иқтисодий зоналарнинг самарали фаолият юритишига тўсқинлик қилувчи муаммолар пайдо бўлди. Мисол учун, “Ўзтелеком” акциядорлик жамияти томонидан Жиззах эркин иқтисодий зонасида 2016 йилда амалга оширилиши лозим бўлган учта йирик лойиҳа бугунги кунга қадар охирига етказилмаган ва бу корхоналар ўз фаолиятларини тўхтатган. Унга кўра, “ZIT телеком” қўшма корхонаси пассив телекоммуникация ва “Broad­boad Solutions” қўшма корхонаси телекоммуникация ускуналарини ҳамда “Smart Vision” қўшма корхонаси IP ва видео телефонлар ишлаб чиқариши лозим эди.

Маълум бўлишича ушбу корхоналарда айланма маблағ тўлиқ шакллантирилмаганлиги, хорижий валюта курсининг ошиб кетиши маҳсулот таннархига таъсир кўрсатгани бутловчи қисмларни олиб келишда хорижий ҳамкорлар билан муаммоларни юзага келтирган.

Қизиғи шундаки, шунча вақтдан буён ушбу масала бўйича Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги вазиятни яхшилаш, ўз тармоғидаги ташкилот масъулиятини ошириш ва лойиҳани кечиктириб бўлса ҳам бажариш бўйича етарлича ташаббус кўрсатмаётганлиги вазирликнинг мамлакатимизда рақобатбардош ахборот технологиялари маҳсулотларини ишлаб чиқариш, ялпи ички маҳсулот улушида унинг ўрнини оширишга қандай муносабатда эканлигини кўрсатади.

Бу туришда яқин вақт ичида мамлакатимиз иқтисодиёти ва ялпи ички маҳсулотида ахборот технологияларининг улушини орттиришда ижобий натижага эришиб бўлмайди.

Маъмурий кенгашлар ва эркин иқтисодий зоналар дирекциялари фаолиятининг самарали эмаслиги, транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасининг суст ривожланганлиги инвестиция лойиҳаларини жадал амалга оширишга тўсқинлик қилиб, эркин иқтисодий зоналарнинг салоҳиятли инвесторлар учун жозибадорлигини пасайтиради.

Афсуски, бу каби муаммоларни бошқа эркин иқтисодий зоналарда ҳам кузатишимиз мумкин. Шу боис, эркин иқтисодий зоналарнинг самарали ишлашини, қонунчиликда кўзда тутилган имкониятлардан тўлиқ фойдаланишни таъминлаш мақсадида мазкур масалада Парламент эшитувини ташкил этиш вақти келди, деб айтиш мумкин. 

Жамшид Пирматов,

Улуғбек Саматов,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари.

 

Манба: “Hurriyat” газетаси, 37-сон

Улашинг!