Инсон органлари ва тўқималарини кўчириб ўтказиш амалиётини кенгайтириш кўзда тутилмоқда

27.08.2019 16:08:09

Маълумотларга кўра, бугун Ўзбекистонда ўн минглаб беморнинг орган ва тўқималар трансплантациясига эҳтиёжи бор. Хусусан, буйрак трансплантациясига 3 минггача, жигар трансплантациясига 2 минггача, юрак трансплантациясига 700-1000 гача, ўпка трансплантациясига 500 гача бемор муҳтож.

Органлар трансплантацияси бу турдаги беморлар ҳаётини сақлаб қолишнинг ягона имкониятидир. Сир эмас, айрим беморлар чет давлатларга бориб, 15 минг АҚШ долларидан 250 минг АҚШ долларигача бўлган нархларда ана шундай жарроҳлик амалиётини ўтказишга мажбур бўлмоқда. Табиийки, барча бемор ҳам бундай катта маблағга эга эмас.

Ўзимизда нега имкон йўқ?

Ўзбекистонда 1972 йилдан бошлаб трансплантология амалиёти йўлга қўйилган. Хусусан, Буйрак трансплантацияси марказида мазкур органни кўчириб ўтказиш бўйича 300 дан ортиқ операция муваффақиятли амалга оширилган. 2003 йилда эса Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қарори билан фақат яқин қариндошлардан буйрак кўчириб ўтказишга рухсат берилган. Аммо Адлия вазирлигининг тегишли текширувларидан сўнг бу борадаги меъёрлар талаблари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб, рад этилган.

Пул ҳам топилар, аммо вақт йўқотилади

Юртимизда инсон органлари трансплантацияси ҳақида қонунчилик асослари мавжуд эмас. Шу туфайли трансплантология клиник фан сифатида тўхтатилган. Айни пайтда Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йилдаги “Яқин қариндошлар орасида буйрак ва (ёки) жигар бўлагини трансплантация қилиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори билан фақат буйрак ва жигар трансплантациясига рухсат этилган. Унга мувофиқ, трансплантация фақат давлат тиббиёт ташкилотлари – академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, Тошкент шаҳар нефрология шифохонасида ўтказилади. Ҳозирги вақтга қадар 250 дан ортиқ беморда буйрак, 4 беморда эса жигар кўчириб ўтказиш операцияси амалга оширилди. Лекин бу кам. Чунки трансплантацияга эҳтиёжмандлар сони ортиб бораяпти. Афсуски, буйрак етишмовчилиги билан оғриган беморларнинг аксарияти 30 ёшгача бўлган даврда ҳаётдан кўз юммоқда. Масаланинг яна бир оғриқли томони бор: гемодиализ хизматининг нархи ҳам озмунча пул эмас. Аниқроқ айтадиган бўлсак, ҳозирда бир гемодиализ сеансининг нархи 600 минг сўм. Бемор ушбу хизматдан ҳар ҳафтада 3 маротаба фойдаланиши керак...

Ўрганишларга кўра, ҳозир юртимизда трансплантация амалиётининг нархи 32 миллион сўмни ташкил этади. Буйрак трансплантацияси бажарилгандан сўнг бир йил давомида беморга иммуносупрессив дорилар учун давлат томонидан 30 миллион сўмгача пул ажратилади.

Ўзбекистонда трансплантацияга оид меъёрий ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд эмаслиги ушбу йўналишда жаҳоннинг илғор тажриба ва ютуқларидан ортда қолишга сабаб бўлаяпти. Айниқса, бемор юртдошларимиз ва уларнинг яқинларига оғир. Уларнинг ташвиши, азоби хасталик оқибати ҳақидаги хавотирли ўйлар билан чекланмайди. Хорижда даволаш ёки даволаниш учун пул ҳам, имкон ҳам топилар, аммо вақт йўқотилади...

Ўзгаришлар, янгиликлар кутилаяпти

Юртимизнинг ўзида инсон органлари ва тўқималарини кўчириб ўтказиш амалиётини кенгайтириш кўзда тутилмоқда. Аниқроқ айтадиган бўлсак, ўтган йили бунинг ҳуқуқий асосини таъминлайдиган "Одам аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш тўғрисида"ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.

– Трасплантология бўйича қонунлар дунёнинг деярли барча мамлакатларида қабул қилинган, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Муҳаррам Дадахўжаева. – Бу ҳақда гап кетганда кўпчилик масаланинг диний томонига эътибор қаратади. Ҳатто ислом давлатларида ҳам трансплантация амалиёти мавжуд. Масалан, Туркия ҳамда Саудия Арабистонида орган ва тўқималарни кўчириб ўтказиш бўйича йилига 4 мингга яқин жарроҳлик операцияси амалга оширилади. Ислом ва Ислом Тиббиёти этик кодексига асосан инсон органлари трансплантациясига, агар у донорга зарар етказмаса ҳамда реципиент шифо топишига сабаб бўлса, рухсат берилади.

Мазкур қонун лойиҳаси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг "Инсон тўқималари, ҳужайралари ва органларини трансплантация қилиш бўйича устувор тамойиллари" талаблари асосида тайёрланди. Шунингдек, уни яратишда МДҲ давлатларининг айни йўналишдаги қонунчилиги ютуқлари, афзалликлари, қолаверса, миллий урф-одат ва қадриятларимиз ҳам инобатга олинди.

Қонун лойиҳасида донор сифатида фақатгина яқин қариндошлар ўз органи ва тўқималарини бериши мумкинлиги, шахс мурдасидаги орган ва тўқималарни олиш унинг тириклигидаги нотариал тасдиқланган, ёзма равишда берган розилиги ёки яқин қариндошларининг розилиги асосида амалга оширилиши акс этган. Ўрганишлар шуни кўрсатдики, Россия, Германия, Исроил, Дания, Австрия, Ирландия, Бельгия, Нидерландия, АҚШ, Швейцария каби давлатларда бундай розилик талаб қилинмайди. Ушбу давлатлар қонунларида фақатгина тиббиёт муассасаси мурдадан орган ёки тўқималарни олиш вақтида, ушбу шахс вафотидан олдин ёки унинг қариндошлари бунга қарши экани ҳақида хабар топса, трансплантацияга йўл қўйилмаслиги кўрсатилган.

Ҳозирча трансплантация амалиётини ўтказиш ҳуқуқига эга тиббиёт муассасалари масаласи мунозарали бўлиб турибди. Яъни, бу иш билан фақат давлат тиббиёт муассасалари шуғулланиши керакми ёки улар сафига хусусий тиббиёт муассасаларини ҳам қўшиш маъқулми, деган савол бўйича аниқ тўхтамга келингани йўқ.

Агар қонун қабул қилинса...

Баъзан инсон аъзолари, тўқималари ва (ёки) ҳужайраларини ажратиб олишга мажбур қилиш, ноқонуний ажратиб олиш ёки инсон аъзолари, тўқималари ва (ёки) ҳужайраларига нисбатан битим тузиш каби хунук хабарлар ҳақида эшитиб қоламиз. Бундай қилмишни кечириб бўлмайди ва у жазосиз қолиши мумкин эмас. Шу нуқтаи назардан, илгари сурилаётган қонун қабул қилинса, Жиноят кодексига шу сингари нохуш хатти-ҳаракатларни содир этганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи моддалар киритилиши кутилмоқда. Айни жиҳат инсон аъзоларидан ноқонуний даромад олишга қарши курашишда жуда муҳим.

Мутахассислар таъкидлашича, қонун қабул қилинганидан сўнг бир йил давомида 100 тагача буйрак, 50 тагача жигар, 20 тагача юрак, 15 тагача юрак-ўпка комплекси, 10 тагача ошқозон ости бези трансплантациясини амалга ошириш мумкин.

Ҳақли савол туғилади: кўпчилик кутаётган бу қонун қачон қабул қилинади? Қонун лойиҳаси ҳозирда парламент қуйи палатасида иккинчи ўқишга тайёрланмоқда. Трансплантация ниҳоятда жиддий ва айни пайтда ўта нозик масала. У билан боғлиқ муносабатлар чуқур ўрганишларни, аниқ тартиб-қоидаларни талаб қилади. Ва буларнинг бари учун албатта вақт керак. Муҳими, мамлакатимизда мазкур йўналишда янгиликлар жорий этиш учун асосий қадам ташланди.

 

Феруза МИРЗАКОМИЛОВА,

Манба: ЎзА

Улашинг!