«ССВ ҳар бир беморга қанча пул сарфланаётгани, қанча шифокор ҳимоя воситаси билан таъминланган, қанчаси касалланганини очиқ айтиши керак» – депутат

23.07.2020 18:07:57

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мақсуд Қурбонбоев Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳар бир беморга қанча пул сарфланаётгани, қанча шифокор ҳимоя воситаси билан таъминлангани, қанчаси касаллангани, қаерда шифокорлар етишмаётганини яширмасдан очиқ айтиши кераклигини таъкидлади.

«Жорий йилнинг 23 май ҳолатига Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларга Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ҳақида маълумот берган эди. Унга кўра, Ўзбекистонда ҳар бир даволаниб чиққан бемор учун давлат 32,3 миллион сўмдан харажат қилгани, касаллиги оғир кечаётган беморларнинг ҳар бирига 64,4 миллион сўмдан ажратилгани, реабилитация, карантинда бўлган беморларга ҳар бири учун 2,2 миллион сўмдан ажратилгани айтилган эди.

Айни пайтда аҳвол қандай? Ҳар бир беморга қанчадан маблағ сарфланяпти? Уларнинг таннархи (қалькуляциясини) аҳолимизга очиқ айтишимиз керак. Бугунги кунгача қанча шифокор ҳимоя воситаси билан таъминланган, қанчаси касалланди, қаерда шифокорлар етишмовчилиги кузатилмоқда? Қанча бемор уйида даволанмоқда?

Соғлиқни сақлаш вазирлиги мана шулар ҳақида ҳам батафсил маълумот беришга ўтмас экан, саволлар кўпаяверади. Саволлар кўпайган жойда эса гумон ва шубҳа кўпаяди, улар эса ишончга путур етказади. Ўзаро ишонч ва бир-бирини тушуниш бўлмаса мақсадга етишиш мураккаблашиши оддий ҳақиқат», дея Мақсуд Қурбонбоевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Депутатга кўра, тиббиёт ходимларининг маошлари камида 2 баробарга оширилиши, меҳнат таътили ва ўз ҳисобидан таътилга чиққан тиббиёт ходимларининг барчаси ишга қайтарилиши, шунингдек, тиббиёт йўналишида таълим олаётган олий таълим муассасаларининг 5–6-курс талабалари коронавирусга чалинган беморларни даволашга жалб этиш керак.

«Прокуратура органлари энг қуйи муассаса бўлган дорихоналарни эмас, балки дори-дармонларни етказиб берувчиларни назоратга олиши лозим. Тошкент шаҳри ва ҳудудларда мавжуд имкониятлардан келиб чиққан ҳолда санаториялар, ўйингоҳ(стадион)лар ва шунга ўхшаган бино ва иншоотларни короновирус билан касалланган беморларга ёрдам бериш учун фойдаланишга тайёрлаш зарур.

Тиббиёт ходимлари (қўриқловчи, санитарка, ҳайдовчилар)ни ишга жалб қилиш учун уларнинг ойлик маошларини етарли даражада (камида 2 баробарга)ошириш керак. Меҳнат ва ўз ҳисобидан таътилга чиққан тиббиёт ходимларининг барчасини ишга жалб этиш, шунингдек, тиббиёт соҳасида ўқиётган 5,6 курс талабаларини оммовий ишга жалб этиш керак. Уларни ҳам муносиб иш ҳақи билан таъминлаш зарур. Тиббиёт коллежи битирувчиларини ҳам ўзи яшаб турган маҳалласи, кўчасига, кўп қаватли уйларга патронаж ҳамшира сифатида бириктириш орқали ҳам ҳар бир хонадонга тиббий хизматни таъминлашимиз мумкин», дейди у.

«Адолат» СДП фракцияси аъзоси республикада тиббиёт ходимларининг етишмаётгани, дорихоналарда айрим дори-дармонлар нархлари ошиб бораётгани, касалланганлар учун койкаларнинг камлиги, беморларни даволаш бўйича яхлит тизимнинг йўқлиги аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётганини таъкидлаб, пандемияга қарши етарлича ҳозирлик кўра олмаган мутасаддиларни танқид қилади.

«19 мартдаги «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент фармонига кўра, Молия вазирлиги ҳузурида 10 трлн. сўм миқдоридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилиб, унинг маблағларидан бир қатор йўналишларда фойдаланиш назарда тутилган эди. Яъни жамғарма маблағлари ҳозиргидек ҳолатни юзага келмаслиги учун сарфланиши лозим эди.

Энди ўз-ўзидан савол туғилади. Бугунги кунда тиббиёт ходимларининг кескин етишмаслиги, дори-дармон нархлари ошгани, фуқароларимизнинг коронавирусга тест топшириши деярли имконсиз бўлиб қолгани, таббиёт соҳасидаги ходимлар меҳнат таътили ёки бўлмаса ўз ҳисобидан таътилга чиқиб кетганига нима сабаб бўлди? Бу бўйича айрим мулоҳазаларни келтириб ўтишимиз жоиз.

Биринчидан, фармонда берилган топшириқлар тўлиқ ижро этилмаган;

Иккинчидан, дори-дармон билан шуғулланувчи айрим шахслар халқнинг қийин давридан фойдаланган ҳолда мўмай пул ишлашни ўзининг асосий мақсади этиб белгилаб олди;

Учинчидан, бутун дунёда касалликнинг ўсиш суръати кескин ошиб, койкалар етишмовчилиги кузатилган бир вақтда масъулларимиз бизда ундай бўлмайди, деб хотиржамликка берилди;

Тўртинчидан, коронавирусга қарши тун-у-кун курашаётган тиббиёт ходимларнинг ижтимоий ҳимояси етарли таъминланмагани учун ишдан бўшашлар, ўз ҳисобидан таътилга чиқиш ҳолатлари кўпайгани учун кадрлар етишмовчилиги келиб чиқди», дейди Мақсуд Қурбонбоев.

 

Манба: kun.uz

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+