Транспорт соҳасида хорижий стандартларга мувофиқ кадрлар тайёрланади

09.05.2020 13:05:28

Куни кеча Президентимиз томонидан “Транспорт соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор имзоланди. Қарорга кўра Тошкент темир йўл муҳандислари институти, Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институти ҳамда Тошкент давлат техника университетининг авиакосмик технологиялари факультети негизида Тошкент давлат транспорт университети ташкил этилади.

Бугунги кунда транспорт соҳасида халқаро стандартларга мувофиқ сифатли кадрлар тайёрлашда тизимли бир қатор камчиликлар мавжуд. Транспортнинг барча турларини мутаносиб ривожлантириш талабларига мос равишда олий маълумотли кадрлар тайёрлаш ва илмий тадқиқот ишларини ташкил этишда ягона сиёсат мавжуд эмас. Кадрларнинг жаҳон андозалари асосида темир йўл ва автомобиль йўлларини қуриш, транспорт-логистика ва сервис технологияларини ўзлаштиришлари учун профессор-ўқитувчиларнинг салоҳияти, моддий-техника, ўқув-лаборатория ва ўқув-услубий базаси талаб даражасида шакллантирилмаган. Темир йўл ва автомобиль йўлларини қуриш, уларда қўлланиладиган технологик жиҳозлар, замонавий қурилиш материаллари, пуллик автомагистраллар, интеллектуал транспорт тизимлари бўйича кадрларни тайёрлаш учун мутахассислар, зарур адабиётлар, ўқув-лаборатория жиҳозлари ҳамда тажриба-синов майдончалари мавжуд эмаслиги боис илмий фаолиятнинг замонавийлик ва натижадорлик даражаси пастлигича қолмоқда.

Ташкил этилаётган Университет юқорида келтириб ўтилган муаммоларни ечиш билан бир қаторда транспорт соҳасида олий маълумотли кадрларни тайёрлаш, малакасини ошириш, қайта тайёрлаш бўйича базавий олий таълим муассасаси сифатидаги фаолиятининг устувор йўналишлари ва вазифаларини белгилаб беради.

Шунингдек, Университет таркибида ўқув бинолари, лаборатория комплекслари, тажриба полигонлари, спорт иншоотлари, талабалар турар жойлари ва бошқа инфратузилма объектларини ўз ичига олувчи янги бино ва иншоотлари барпо этилади. Барча бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларининг меъёрий ҳужжатлари, ўқув-услубий таъминотини илғор хориж тажрибасидан келиб чиққан ҳолда танқидий кўриб чиқилади. Профессор-ўқитувчилар ва ходимларни моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида алоҳида меъёрлар белгиланади.

Илғор хориж тажрибасини қўллаш мақсадида Университетни стратегик ривожлантириш масалалари бўйича ректорнинг биринчи ўринбосари лавозими жорий этиш ҳамда мазкур лавозимга хорижий мутахассис тайинланиши режалаштирилмоқда. Бу ўз навбатида қисқа вақт оралиғида Университет рейтингининг ошиши ва халқаро стандартлар асосида олий маълумотли кадрлар тайёрлаш учун зарур шарт-шароитларни яратишини белгилаб беради.

Университетда мавжуд факультетлар сони 7 тадан 6 тага қисқартирилади ҳамда 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб, халқаро стандартлар асосида жорий 48 та бакалавриат таълим йўналишлари ўрнига 18 та янги йўналишларда кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади. Мос равишда уларнинг негизида магистратура мутахассисликлари очилади.

Шунингдек, Университетнинг истиқболдаги ривожланишини йўлга қўйиш мақсадида Германия, Корея, Хитой ва бошқа ривожланган мамлакатлар олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади. Тармоқли жадвал асосида барча профессор-ўқитувчилар ва илмий ходимларнинг хорижда малакасини ошириш таъминланади. Университет замонавий ўқув ва илмий лаборатория базаси жиҳозлар билан тўлдирилади. Қизиқ жиҳати шундаки, назарий машғулотлар ҳажми камайтирилади, амалий машғулотларнинг ҳажми эса оширилади ҳамда соҳа объектларида олиб борилади. 2020-2022 йилларда барча талаб этиладиган шарт-шароитларга эга Университетнинг қўшимча замонавий кампуси барпо этилиши режалаштирилган. Шунингдек 6 та замонавий илмий-тадқиқот лабораториялари ишга туширилиб, транспорт соҳасининг реал муаммоларини ечимига қаратилган фундаментал ва амалий тадқиқотлар ҳамда инновацион ишланмалар амалга оширилади.

Ушбу қарор кенг жамоатчилик, соҳа жонкуярлари томонидан кўтаринки кайфиятда кутиб олинди. Янги ташкил этилаётган Университет олиб бориладиган тадқиқотларни ишлаб чиқариш билан интеграциялашуви, илмий ва инновацион ишланмалар натижадорлигини ошиши, ёшларни илмий фаолиятга кенг жалб этилишига олиб келади.

Муҳаммад ВАЛИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Фан, таълим, маданият ва спорт

масалалари қўмитаси аъзоси

 

Манба: хs.uz

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+