«Ёш кадрлар кўп» — Наримон Умаров кейинги президентлик сайловида номзодини қўйиш масаласида

24.10.2019 12:10:21

Ўзбекистон катта сиёсий жараён - Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови арафасида турибди. Шу муносабат билан Kun.uz мазкур жараёнларнинг бориши ҳамда партиялар фаолияти борасида батафсил фикрлашиш мақсадида Ўзбекистондаги мавжуд бешта сиёсий партиялар раҳбарлари билан суҳбатларни ташкил этмоқда. Навбатдаги суҳбатдошимиз «Адолат» социал-демократик партияси раҳбари Наримон Умаров бўлди.

— Агар сиз раҳбарлик қилаётган партия бўлажак сайловда кўпроқ ўринга эга бўлса, табиийки, парламент ва ҳукуматда ўзгаришларга қўл уриши керак. Айтинг-чи, воқеалар шундай ривожланса, қандай ўзгаришларни кутсак бўлади? Бу борада аниқ режалар борми?
— Биз бундай ўзгаришларга тайёрмиз. Сафимизда, сиёсий кенгашимизда ва қўллаб-қувватловчиларимиз орасида юқори малакали инсонлар кўп.
Биз ислоҳотларимизни кўпроқ социал-демократларнинг ғояларига таянган ҳолда, ижтимоий йўналишда кўрамиз, албатта иқтисод ва бошқа йўналишларни эсдан чиқармаган ҳолда.

— Тан олиш керак, бизда партиялар ўртасида бироз ғалати ҳолат борки, сиёсий партиялар ўз электоратини ажратиб олиш борасида ҳали ҳам аниқ тўхтамга эга эмас. Хўш, «Адолат» ўз электорати сифатида айнан кимларни кўради?

— Тўғри айтасиз, халқимиз орасида шундай саволлар кўп учрайди. Бу балки биз ўз ғояларимизни одамларга тўғри етказиб беролмаётганимиздандир.
«Адолат» социал-демократик партияси социал-демократия ғояларига асосланган ҳолда ташкил этилган.  Масалан, партиямизни дастлаб ташкил қилган инсонлар ҳам соғлиқни сақлаш, юриспруденция ва ОАВ соҳаси вакиллари эди. Яъни, бизнинг электорат асосини юқори малакали ишчилар синфи ташкил этади.

— Халқ демократик партияси ҳам сиз айтган соҳа вакиллари, жумладан, шифокорларни, «Миллий тикланиш» эса ўқитувчиларни ўз электорати сифатида кўради-ку?
— ХДП асосан ижтимоий кам таъминланган қатламни ўз вакили сифатида кўради. Ўқитувчиларга келсак, улар ҳам бир пайтлар кам таъминланган қатлам сифатида кўриларди. Лекин бугун ўқитувчиларнинг мавқейи ҳам, ойлиги ҳам ошди. Шунинг учун улар билан бизнинг электоратларимиз бўлинган. «Миллий тикланиш» - булар кўпроқ ижодкорлар партияси. 

— 2021 йилда Ўзбекистонда президентлик сайловлари бўлиб ўтади, хўш, бу сайловларга партиянинг режалари қандай, яна ўзингизни номзод сифатида кўрамизми?


— Буни ҳаёт кўрсатади. Тўғри, ҳали вақт бор деймиз-у, лекин 5 йил жуда тез ўтиб кетмоқда. Мен номзодимни қўйиш-қўймаслигимни партиянинг раҳбар органи ҳал қилади. Ўша пайтга бориб балки, ёшлардан янги номзодлар чиқар. Чунки партиямизда ёш, билимли ва ҳаракатчан кадрлар кўп. Бу партиянинг ўзини иши, менинг номзодим ўзгариши ҳам мумкин. Партия қандай йўналишни белгиласа, мен шуни ҳурмат қиламан ва бажаришга тайёрман.

Суҳбатни тўлиқ шаклда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Манба: kun.uz

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+