Одоб-аҳлоқ қоидалари

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши
Ижроия Қўмитасининг 2014 йил 21 апрелдаги
45-сон мажлисида тасдиқланган

 

Ўзбекистон “Адолатсоциал-демократик партияси аъзоларининг

ОДОБ-АҲЛОҚ ҚОИДАЛАРИ

1-модда. Қоидалар мақсади

  1. Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси аъзоларининг Одоб-аҳлоқ қоидалари (кейинги ўринларда “Қоидалар” деб юритилади) партиянинг Устав ва Дастурида белгиланган асосий мақсад ва вазифаларни рўёбга чиқаришда партия аъзолари учун умумий маънавий-ахлоқий принципларни белгилаш, жамият ва партия тизимида сиёсий коррупциянинг олдини олиш, инсон ҳуқуқлари ва меҳнат муносабатларида миллий қонунчилик талабларига риоя қилиш, низоли вазиятларнинг олдини олиш ёки томонларни муросага келтириш, барча даражадаги партия ходимларининг иш фаолиятида амал қилиши лозим бўлган қоидаларни партия фаолиятига татбиқ этишдан иборат.
  2. Асосий қоидалар:

— партия аъзосининг меҳнат ва ҳаёт фаолияти давомида жамоатчилик орасида одоб сақлаш этикасидан;

— партия ходимлари ўз лавозим мажбуриятларини бажаришда риоя этиши лозим бўлган асосий касб этикасидан;

— иш фаолиятини ўрганаётган ташкилотлар вакиллари, жамоатчилик, касбдошлар ва партия тизимида фаолият юритувчи барча даражадаги ходимлар билан ўзаро муносабатлар этикасидан;

— ходимлар ўртасида низоли вазиятлар ва манфаатлар тўқнашуви содир бўлганида муроса этикасидан иборат.

 

2-модда. Қоидаларнинг амал қилиш соҳаси

  1. Партия аъзоси қаерда ва қайси лавозимда ишлашидан, қаерда бўлишидан қатъий назар ушбу Қоидаларга риоя этиши шарт.
  2. Партия аъзолигига қабул қилинаётган фуқаро ушбу Қоидалар билан шахсан танишиши, партия ташкилотига ишга қабул қилинаётган фуқаро эса Қоидалар билан танишганлиги тўғрисида имзо чекиши лозим.

 

3-модда. Қоидаларнинг амалга ошириш принцинлари

  1. Қонунлар ва партия дастурий ҳужжатларига амал қилиш принципи.

Партия аъзоси Ватанимизга содиқ бўлиши, унинг мустақиллиги ва манфаатларини ҳимоя қилиши, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, партия Устав ва Дастурига сўзсиз риоя этиши, партия нуфузини оширишда фаоллик кўрсатиши ва партия ходими номига доғ туширадиган ҳар қандай хатти-ҳаракатлардан сақланиши лозим.

  1. Жамият манфаатларига хизмат қилиш принципи.

Партия аъзоси мамлакатда фаолият кўрсатиб турган бошқа сиёсий партиялар билан ўз муносабатларини ғоялар кураши, амалий мулоқотлар ва соғлом рақобат принципига асосланиб шакллантириши лозим.

Турли ижтимоий гуруҳлар манфаатлари ўртасида келиб чиққан низога ходим амалдаги қонунлар, адолат, маънавий-ахлоқий қадриятлар нуқтаи назаридан ёндашиши лозим.

Доимо комилликка интилиш, касб кўникмалари ва малакасини ошириб бориш, партия аъзоси сифатида ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ҳаётда фаол иштирок этиш, янги замонавий билимларга эга бўлиш партия аъзосининг маънавий бурчи ва касбий мажбуриятидир.

  1. Ўзини-ўзи назорат қилиш принципи.

Партия аъзоси партиядошлари ва касбдошлари билан ўзаро муносабатларда самимий, хушмуомала бўлиши, ўзи меҳнат қилаётган ташкилот обрўсига путур етказадиган ҳаракат қилмаслиги, жамоат орасида ўзини яхши тутиши лозим.

Партия ходими ички меҳнат тартиби қоидаларига онгли, ихтиёрий равишда риоя этиши, барча давлат ва жамоат институтларини ҳурмат қилиши ва уларга нисбатан тўғри муносабатда бўлиши, партия имиджини қўллаб-қувватлаши ва мавқеини мустаҳкамлашга доимо кўмаклашиши шарт.

  1. Шахсни ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш принципи.

Партия аъзоси инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, шаъни ва қадр-қимматини, унинг жамиятдаги обрўсини ҳурмат қилиши, ижтимоий-ҳуқуқий тенгликни сақлашга кўмаклашиши лозим.

Партия аъзоси фуқароларни жинси, ирқи, дини, миллати ёки сиёсий қарашларидан қатъий назар камситишга йўл қўймаслиги лозим.

Партия аъзоси ўз ҳаётий фаолиятида инсонпарварлик, ижтимоий адолат ва инсон ҳуқуқларига ҳурмат тамойилларига риоя этиши лозим.

  1. Коррупциядан холи бўлиш принципи.

Партия аъзоси коррупциядан холи бўлиши ва унга қарши аёвсиз курашиши шарт.

Ҳалоллик ва беғаразлик партия ходими меҳнат фаолиятининг зарурий шартларидир.

 

4-модда. Партия тизими, унинг юқори ва қуйи ташкилотлари ўртасидаги ўзаро муносабатлар этикаси

  1. Партия тизимидаги барча муносабатда ишчан руҳдан ташқарига чиқиш мумкин эмас.

Юқори ва қуйи ташкилотлар ўртасидаги ўзаро муносабатларда қонуний ҳуқуқ ва манфаатлар бузилишига йўл қўймаслик ҳамда партиянинг Устав ва Дастури, ўз лавозим мажбуриятлари ва ушбу Қоидаларга қатъий риоя этилиши лозим.

  1. Юқори партия ташкилоти ходими холис бўлиши ва қуйи партия ташкилотлари фаолиятини ўрганиш вақтида ваколат доирасидан четга чиқмаслиги шарт.
  2. Юқори партия ташкилоти ходими қуйи партия ташкилоти раҳбарияти ва ходимларини обрўсизлантириш ёки фаолиятига салбий таъсир кўрсатиш мумкин бўлган муносабатларга киришмаслиги лозим.
  3. Партия ходими ўз фаолияти давомида эга бўлган ахборотдан шахсий мақсадларда ёки учинчи томон манфаатлари йўлида фойдаланишга, сир сақланиши лозим бўлган ҳужжат ва ахборотларни ошкор қилишга ёки тарқатишга ҳақли эмас.
  4. Партия аъзолари коррупциядан хазар қилишлари, ўз фаолиятлари давомида пора ва унга тенглаштирилган манфаатлардан, ноқонуний мукофот ва совғалар олишдан тийилишлари шарт.

Тадбирлар, учрашувлар ва бошқа маросимларда совғалар тақдим қилинган тақдирда партия ҳисобига топшириш лозим бўлади.

  1. Партия аъзолари раҳбарлик фаолиятида ходимларни танлаш, жой-жойига қўйиш ва рағбатлантириш ишларида ходимнинг ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар, маҳаллийчиликка, уруғ-аймоқчиликка, таниш-билишчиликка ва илтимосларга, шахсий хохиш-истакка берилмаган ҳолда ижтимоий адолат тамойилларига амал қилиши шарт.

Партия ташкилотларида гуруҳбозлик қилиш, раҳбариятнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш, бош кўтариш каби ҳолатларга йўл қўйилмайди. Партия раҳбарларини сайлаш ва лавозимидан озод қилиш ишлари Уставда белгиланган тартиб-тамойиллар асосида амалга оширилади.

  1. Партия ташкилотларига ходимларни ишга қабул қилиш, партия фаолиятини Устав доирасида ташкил этиш ва партия маблағларига оид фаолият шаффофлигини таъминлаш учун партия ташкилотлари раҳбарлари шахсан масъулдирлар.
  2. Агар ходимга уни ғайриқонуний қарор қабул қилишга оғдириш мақсадида таъсир кўрсатилаётган бўлса ва ходим бундай таъсирга мустақил равишда қаршилик қила олмаса, ушбу ҳолат тўғрисида партия раҳбарига ва ўзининг бевосита раҳбарига ёки Одоб-ахлоқ комиссиясига дарҳол хабар қилиши лозим.

 

5-модда. Ходимлар ўртасида ўзаро муносабатлар этикаси

  1. Партия ходимлари жамоада ишчан муносабатлар ўрнатилишига кўмаклашишлари лозим. Уларнинг ўзаро конструктив ҳамкорлиги партия фаолияти самарадорлигининг асосидир.
  2. Бошқа ходимларга нисбатан ташкилий-бошқарув ваколатларига эга ходим улар учун касбий маҳорат, одамларга ғамхўрлик ва эътиборлилик намунаси бўлиши, жамоа самарали ишлашига хизмат қиладиган маънавий соғлом муҳитни шакллантиришга кўмаклашиши лозим.

 

6-модда. Партия аъзолари ўртасида ўзаро муносабатлар этикаси

  1. Партия аъзолари ўзаро муносабатларда бир-бирларининг ҳуқуқ ва эркинликларини, шаъни ва қадр-қимматини, ишдаги обрўсини ҳурмат қилиши, ижтимоий-ҳуқуқий тенгликни сақлашга кўмаклашиши, давлат ҳокимияти вакиллик органларида бевосита иштирок этишда ўзаро ҳамкорлик ва жипслик каби юксак аҳлоқий мезонларга, халқимизнинг “Каттага ҳурмат, кичикка иззат” деган қадриятларига таянишлари лозим.
  2. Партия аъзолари партия обрўсига путур етказувчи ёки унинг дастурий мақсад ва вазифаларини амалга оширишга тўсқинлик қилувчи ҳаракатлардан, шунингдек, ушбу Қоидада келтирилган бошқа нормаларга амал қилмаслик ҳолатларидан ўзларини тийиши лозим.

 

7-модда. Низоли вазиятларни ҳал этиш тартиби

  1. Ходим ўз лавозимига оид мажбуриятларини бажариши давомида раҳбарият томонидан тўсқинликлар, қонунга зид илтимос ва талаблар, руҳий босим ва бошқа кўринишдаги таъсирларга, зиддиятли вазиятларга дуч келганида ўзини вазмин ва муносиб тутиши, қонунчилик ҳамда ушбу Қоидаларнинг ахлоқий принципларига қатъий риоя этиши лозим.
  2. Партия ходими унинг обрўси ёки лавозимига путур етказиши мумкин бўлган вазиятлардан ўзини четга олиши лозим.
  3. Партия ходими низоли вазиятдан ўзини четга ололмаган тақдирда бевосита раҳбар билан муҳокама қилиши лозим.
  4. Партия раҳбарлари юз бериши мумкин бўлган низоларнинг олдини олиш ва бартараф этишга доир чораларни ўз вақтида кўриши лозим.

 

8-модда. Қоидаларни бузганлик учун жавобгарлик

  1. Партиянинг аъзоси ушбу Қоидаларга мувофиқ ҳаракат қилиши, унга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар билан танишиши ва унинг талабларини бажариш бўйича керакли чоралар кўриши лозим.
  2. Партия аъзоси ва ходимининг ахлоқ меъёрларига риоя этишини таҳлил қилиш ва баҳолаш – уларни бирор лавозим ёки мукофотларга тавсия этишда, аттестация, малакавий имтиҳонлардан ўтказишда, ходимни бошқа лавозимга тайинлашда тавсифнома ёки тавсиянома берилиши муҳим шартдир.
  3. Ахлоқ меъёрларини бузганлик учун партия аъзоси меҳнат жамоаси, Одоб-ахлоқ комиссияси ва ўз виждони олдида маънавий жавобгардир.

Партия ходимининг ушбу Қоидаларда келтирилган ва бошқа ахлоқ меъёрларини бузиши ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузиши сифатида баҳоланади ва Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 100-моддаси, 2-қисм, 4-бандига мувофиқ меҳнат шартномасини бекор қилишгача бўлган интизомий жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.

  1. Ходим томонидан мазкур Қоидаларни бузганлик тўғрисидаги масала Комиссия тавсиясига асосан маъмурият томонидан партия касаба уюшмаси билан келишилган ҳолда кўриб чиқилади.

 

9-модда. Қоидаларнинг амал қилиш муддати ва унга ўзгартиш (қўшимчалар) киритиш.

Қоидалар қабул қилинган кундан эътиборан партиянинг барча бўғинларида муддатсиз амал қилади.

Қоидаларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қарор белгиланган тартибда партия Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси йиғилишида қабул қилинади.