Партия тарихи

 

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг ташкил топиши ва ривожланиш босқичлари

 

Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси 1995 йил 18 февралда партиянинг Биринчи таъсис Қурултойида тузилган.

Ўзбекистонда социал-демократик партиясини ташкил қилиш ғояси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида 44 депутатни ташаббускорлар гуруҳига бирлаштирди. Ташаббускор гуруҳ саъй ҳаракатлари билан Тошкент шаҳар, Қорақалпоғистон Республикаси ва республикамиз барча вилоятларида ташаббускор гуруҳлар тузилиб таъсис Қурултойига тайёргарлик кўрилди.

Партиянинг Низоми ва Дастури лойиҳалари ишлаб чиқилди. Қурултойда эътироф этилганидек, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Ўзбекистондаги илк ва ягона социал-демократик партия бўлди. Таъсис Қурултойида партиянинг биринчи Низом ва Дастури, Қурултойнинг Ўзбек халқига мурожаатномаси қабул қилинди. Шу билан бирга, Қурултойда 57 кишидан иборат партия Сиёсий Кенгаши ва 5 кишидан иборат Марказий Тафтиш комиссияси сайланди. Қурултойда қабул қилинган Дастурда, партиянинг бош мақсади мустақилликни мустаҳкамлаш, ислоҳотларнинг боришига, ҳуқуқий-демократик, адолатли фуқаролик жамиятини барпо этишга ва пировардида Ўзбекистоннинг жаҳонда ривожланган мамлакатлар сафидан мустаҳкам ўрин олишига муносиб ҳисса қўшишдан иборат деб, белгиланди.

Сиёсий Кенгашнинг биринчи Пленумида Анвар Жўрабоев – Сиёсий Кенгашнинг биринчи котиби, Абдували Ғуломмаҳмудов, Нажмиддин Комилов, Ҳалимбой Бобоев ва Улуғбек Дониёровлар – Сиёсий Кенгаш котиблари этиб сайландилар.

Таъсис йилида партия сафларига 3 мингдан ортиқ аъзолар кирди.  Бу даврда Республикамизнинг барча вилоятларида, шаҳарларида ва деярли ҳамма туманларида партия Кенгашлари фаолият кўрсата бошлади.

1996 йилнинг ноябрида партия Сиёсий Кенгашининг навбатдан ташқари Пленуми бўлиб ўтди. Пленумда ташкилий масала кўрилди: бошқа ишга ўтганлиги сабабли Анвар Жўрабоев Сиёсий Кенгаш биринчи котиби лавозимидан озод этилди. “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши биринчи котиби этиб Турғунпўлат Даминов сайланди.

Партиянинг I Қурултойидан кейинги даври оёққа туриш, ташкилий ва ғоявий жиҳатдан ўсиш даври бўлди. Жойларда кўплаб фуқаролар “Адолат” СДП сафларига кира бошладилар. Янги-янги бошланғич партия ташкилотлари тузилди. 1999 йилга келиб партия аъзолари сони 40 мингга яқин кишига етди.

1999 йил 9 октябрь куни Тошкентда Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясининг II Қурултойи бўлиб ўтди. Қурултойда партия сайловолди дастури қабул қилинди, партиядан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутатлигига номзодлар кўрсатилди, шунингдек, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Сиесий Кенгаши ва Марказий Тафтиш комиссияларининг янги таркиблари сайланди. Қурултой куни бўлиб ўтган Сиёсий Кенгаш ташкилий Пленумида Сиёсий Кенгаш биринчи котиби этиб Турғунпўлат Даминов, котиблари этиб Абдували Ғуломмаҳмудов, Равшан Хайдаров, Анвар Жўрабоев, Тўхтамурод Тошев ва Мўтабар Содиқовалар сайландилар.

Қурултойдан кейин, 1999 йил декабрида бўлиб ўтган сайловларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига «Адолат» СДПдан 11 депутат ва маҳаллий Кенгашларга 60 депутат сайланди.

II Қурултойдан кейинги давр партиянинг халқаро алоқаларини мусаҳкамлаш даври бўлди. Германиянинг Фридрих Эберт ва Конрад Аденауэр фондлари билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида шартномалар тузилди. Ф. Эберт фонди вакиллари Самарқанд ва Бухоро вилоят партия ташкилотлари фаолияти билан танишиб чиқдилар. Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида “адолатчи”лар учун семинарлар уюштирдилар. Ф. Эберт фондининг Тошкент ҳудудий бўлими раҳбари доктор Дибольд ёрдамида Киночилар уйида партия Сиёсий Кенгаши томонидан сиёсий мавзудаги ҳужжатли фильмлар кинофестивали уюштирилди. Бу давр мобайнида партия Сиесий Кенгаши томонидан Германия, Швейцария, Россия элчилари, Америка Қўшма Штати Конгресси аъзолари, Ҳиндистон Миллий Конгресси партияси вакиллари, Европа хавфсизлиги ва ҳамкорлиги ташкилотининг Тошкентдаги маркази вакиллари, Россия, Украина, Белорусь Сайлов комиссияси аъзолари қабул қилиндилар.

2000 — 2004 йилларда партиямизда хотин-қизлар билан ишлаш сезиларли даражада фаоллашди ва Хотин-қизлар Кенгашининг фаолияти йўлга қўйилди. 2003 йилдан эса партия Сиёсий Кенгаши қошида “Ёш адолатчилар” Кенгаши фаолият кўрсатиб келмоқда.

2004 йил декабрь – 2005 йил январь ойларида бўлиб ўтган сайловларда Ўзбекистон «Адолат» СДПдан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолигига икки киши – Мир-Акбар Раҳмонқулов ва Мамазоир Хўжамбердиев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига 10 киши – Дилором Тошмуҳамедова, Исмоил Сайфназаров, Абдурафиқ Аҳадов, Абдулла Абдуназаров, Худоёр Маматов, Мамит Асқаров, Собир Турсунов, Ойша Ахунова, Зуҳра Ботирова ва Юсибжон Нишоновлар сайландилар.

Шунингдек, халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларига сайловларида эса партиядан 169 та депутат сайланди. Парламент сайловлари натижаларидан келиб чиққан ҳолда 2005 йил 24 январида партия Сиёсий Кенгашининг навбатдан ташқари II Пленумида чақирилди. Унда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши биринчи котиби этиб партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Дилором Ғофуржоновна Тошмуҳамедова сайланди.

2005 йилнинг биринчи чорагида партия ҳаётига тааллуқли яна бир муҳим сиёсий воқеа содир бўлди. Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва Ўзбекистон «Фидокорлар» Миллий-демократик партияси фракциялари билан биргаликда ташкил этилган Демократик блокка қўшилди.

2005 йил 17 декабрда партиянинг Умумпартия конференцияси бўлиб ўтди. Унда партиянинг 2006-2009 йилларга мўлжалланган Фаолият дастури тасдиқланди ва бошқа масалалар кўриб чиқилди.

2007 йил 3 ноябрда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг IV Қурултойи ўтказилди. Қурултой ишида 150 га яқин делегатлар, партия фахрийлари ва фаоллари, меҳмонлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди. Унда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш тўғрисидаги қарор қабул қилинди. 2007 йил 18 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзод Дилором Ғофурджоновна Тошмуҳамедовага рўйхатга олинганлиги тўғрисида гувоҳнома топширди.

2007 йил 23 декабрь Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Д. Ғ. Тошмуҳамедова 434 минг 111 сайловчининг овозини олиб 3 ўринни эгаллади.

2008 йилнинг 27 сентябрь куни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг X Пленуми бўлиб ўтди. Пленум ишида ташкилий масала кўриб чиқилди. Унда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Д.Ғ.Тошмуҳамедованинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери этиб сайланганлиги муносабати билан, партияга аъзоликни вақтинча тўхтатиб туриш ва шу муносабат билан Сиёсий Кенгаш раиси лавозимидан озод этиш тўғрисидаги аризаси қаноатлантирилди. Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси лавозимига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, партия фракцияси аъзоси Исмоил Саифназаров номзоди тавсия этилди ҳамда бир овоздан маъқулланди.

2009 йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бўлиб ўтган сайловларда партия номзодлари ўз сайловолди дастурлари билан муносиб кураш олиб бордилар. Бунинг натижасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига партиядан кўрсатилган номзодларнинг 19 нафари муваффақиятга қозониб депутат мақомига эришдилар. Маҳаллий Кенгашларга эса 431 нафар номзод депутат бўлиб сайланди.

2009-2012 йилларда партиянинг халқ орасидаги нуфузи тобора юксалиб борди. Мазкур йилларда партиянинг барча йўналишлардаги фаолиятини тартибга солувчи бир қатор норматив ҳужжатлар қабул қилинди.

2013 йилда Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳаётида яна бир муҳим воқеа бўлиб ўтди. 2013 йилнинг 7 июнида бўлиб ўтган IX Пленумда Умаров Наримон Маджитович партия Сиёсий Кенгашининг янги раиси сифатида сайланди.

2014 йилнинг декабрь ойида мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига навбатдаги сайловлар бўлиб ўтди. 2014 йил 3 ноябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг VI Қурултойида партия ўз электоратининг сиёсий хоҳиш-иродасини ифода этиш ва қонун йўли билан уларнинг манфаатларини ҳимоя этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бўлиб ўтган сайловларда иштирок этишини эълон қилди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП ушбу сайловларда 2009 йилга қараганда анча муваффақиятли иштирок этиб 2 баравар ўсишга муваффақ бўлди. Шунга мувофиқ вилоят Кенгашлари депутатларининг сони 2009 йилдаги 71 тадан 108 тага, туман ва шаҳарларда эса 371 тадан 733 тага 1,9 баробарга кўпайди. Вилоят, туман, шаҳар депутатларининг сони умумий ҳисобда 95.1 % га ўсди.

Шунга мувофиқ 2014 йил сайлов натижаларига кўра республика бўйича ҳудудий, туман ва шаҳар Кенгашларининг 85 тасида “Адолат” партиясининг депутатлик гуруҳлари шакллантирилди.

Жорий 2015 йилда мамлакатимиз ҳаётида муҳим сиёсий воқеълик, яъни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайловлар бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2014 йил 26 декабрдаги қароридан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон “Адолат” СДП Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловларида 2014 йилнинг 27 декабрида тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов кампаниясини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режасига мувофиқ фаол иштирок этди. Мазкур Президентлик сайловида “Адолат” партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Наримон Маджитович Умаровнинг номзоди илгари сурилди. Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг республикамизда бўлиб ўтган Президент сайловларида муносиб иштирок этиши партия тарихида муҳим воқеълик бўлди.

Жорий йилнинг 14 март куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати —  Ўзбекистон либерал демократик партияси ҳамда “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциялари томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасида парламентдаги кўпчиликнинг “Демократик кучлар блоки” тузишганлигини эълон қилди. Ушбу баёнотда мазкур партияларнинг Сайловолди дастурларида кўпгина масалалар бўйича позициялари ҳамоҳанглиги ҳамда уларнинг Ҳукумат ҳаракат Дастурига муносабатлари бир-бирига ўхшашлигини инобатга олинган.

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси партиянинг сайловолди Дастурида баён этилган бир қатор муҳим ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишда “ЎзЛиДеП” ва “Миллий тикланиш” партияларининг Дастурий қарашларига тўғри келмайдиган ўз нуқтаи назарига эгалигидан келиб чиқиб ўзини “Демократик кучлар блоки”га мухолиф фракция деб эълон қилди. Албатта, бу мамлакатимиздаги кўппартиявийлик тизимида, партиямиз фаолиятида муҳим сиёсий воқеълик ҳисобланади.

Ўзбекистон “Адолат” СДП йил сайин халқ орасида нуфузи ортиб, мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айланиб бормоқда. Айни вақтда партия ўз сафларига 157 мингдан зиёд аъзоларни бирлаштирган 4033 та бошланғич партия ташкилотлари мавжуд. Шу билан бирга республикамизнинг барча туман ва шаҳарларида партия ташкилотлари фаолият кўрсатмоқда.