Андижондаги томорқаларда бўш жой йўқ

30.04.2020 13:04:58

Коронавирус пандемияси сабабли юзага келувчи салбий ҳолатларни юмшатиш мақсадида аҳоли томорқаларидан фойдаланишда натижадорликка эришиш бугунги кунда катта аҳамиятга эга. Бу борада давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида вазифа белгилаб берилгани ҳам бежиз эмас. Шундан келиб чиқиб андижонликлар ўз томорқаларидан тўла фойдаланиб, катта даромад олаётган фуқароларимиз тасдиғидир. Ўзбекистон “Адолат” СДПдан сайланган маҳаллий кенгаш депутатлари жойларда бу борада амалга оширилаётган ишларни ўргандилар.

Шаҳрихон тумани “Андижонлик” маҳалласида истиқомат қилувчи Исмоилжон Орзиев “Шаҳрихонтумангаз” филиалида ишлайди. Бўш вақтларида томорқасини гуллаб-яшнатиш билан овора. Ҳовлидаги помидорлар, орқа томорқадаги картошка бугун анча бўй кўрсатиб қолган. Онлайн дарслардан бўш вақтида катта ўғли Аҳлиддин ҳам отасига кўмакчи.

Шахрихонлик яна бир ташаббускор Азизбек Жўраевнинг хонадонига кириб ҳавасингиз келади. Томорқасига ўз эҳтиёжи учун керакли бўлган картошка, помидор, булғор қалампиридан ташқари 2 та 3 сотихлик иссиқхонасида помидор етиштиради. Айни вақтда иссиқхонадаги помидорлар мева тугишни бошлаган. Хонадон соҳибининг айтишича, йилига 10 миллион сўмдан кам даромад қилмайди.

Избоскан тумани “Тутзор” кўчасида яшовчи партиядошимиз Иқболжон Мамасидиқов ҳам ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланади. Томорқада бўш жой йўқ. Экинларнинг хилма-хиллиги бу оила ўз эҳтиёжларини томорқасидан қондиришлигини кўрсатади.

Иқболжон Мамасидиқов,оилавий тадбиркор:

-Томорқа-кони фойда, деб бежиз айтмайдилар. Меҳнат қилган одам кам бўлмайди. Айниқса, бугунги карантин даврида уйда қолиб, томорқада ишлашнинг гашти бошқа.

Бир сўз билан айтганда, андижонликлар ўз томорқаларидан унумли фойдаланиб, бир қарич ерни ҳам бўш қўймасликка ҳаракат қилишяпти. Барча бирдек томорқа — ризқ-насиба, мўмай даромад манбаи эканлигини яхши билади.

Рустамжон ЭШОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Андижон вилояти

 Кенгаши фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+