Карантин мутолааси: Раҳмат сенга, коронавирус!.. (Давом этмоқда)

28.04.2020 22:04:53

Мақолани олдинги сонини бу ерда ўқинг.

Пейжи кўзимни очди. Англадимки, мен энди оддий одам эмасман. Менинг ўлимим фақат ўзим билан боғлиқ ҳолат эмас. Соғайишим ҳам фақат мен ва яқинларим қувончи билан кифояланмайди. Бизга бутун дунё кўз тикиб турибди. Худбин бўлишга ҳақим йўқ. Бўлди, тузаламан! Дардни енгаман! Энди коронавирус билан суҳбатим ўзгарди: Мен сендан кучлиман, коронавирус! Мен эмас, биз! Биз бир кучмиз. Бизга ўткир тишларинг ҳам ўтмайди. Миллиардлаб инсонлар меҳнатини йўққа чиқаролмайсан. Соғайишизга тилакдошларнинг пок қалби олдида сен ожизсан, коронавирус!

– Пейжи, тақиқланса ҳам сени бир қучоқлай. Барибир мана бу аскар қалқонидек кийимларингдан вирус ўтмайди-ку!

– Бемалол! Хоҳласанг қалқонларимни ечиб ташлайман!

– Ечишга шошмай тур, кўпи кетиб ози қолди. Яқинда коронавирус мағлубиятини тан олади. Ёзда иккимиз бир бассейнда чўмиламиз.

– Оҳ, азизам, тезроқ ўша пайтлар келсин. Чўмилишнинг иложи бор, фақат қуёшда тобланолмайман. Сен айтган қалқонларим теримни қизартириб ташлади.

– Веики қалай?

– Ҳозирча аҳволи оғир. Аммо умид бор.

– Тузалаётганлар кўпайяптими?

– Ҳа, кеча яна иккитасини кузатдик. Шифохона ҳовлисида мега юлдузлардек интервью берди.

– Журналистларга айтиб қўй, кейинги респондент мен бўламан.

– Албатта! Профессорлар ўзаро суҳбатда ҳам сени мақташяпти.

– Ўзи университетда ҳам профессорлар менга доим аъло баҳолар қўйишарди.

– Оббо мақтанчоғ-ей! Дарров талтаяди-я! Мени кўп гапга тутмай, тезроқ енгингни шимар.

– Пейжи, жонгинам, сендан яна бир илтимос. Веикининг олдига борсанг, узримни айтиб қўй.

– Хўп, албатта!

Ҳамшира дугонамнинг палатамга ташрифини интизорлик билан кутдим. Веикининг узримга жавоби мени жудаям қизиқтирарди. Зора унинг муносабати ўзгарган бўлса. Қанийди Веики мени тушунса, худди олдингидек мен билан бир сафда туриб курашса. Унинг озғидан чиқадиган бир оғиз сўз – «Кечирдим» дейиши менга катта куч беради. Биламан, дугонамнинг жаҳли тез, қайсар бўлгани билан очиқ кўнгил, бағрикенг. Ахир ўшанда ҳам мендан ҳафа бўлиб уйдан ҳайдаганди, сўнг ўзи қўнғироқ қилиб чақирди-ку. Кўнглим сезиб турибди, у яна бир бор мени афв этади. Коронавирус аниқланганда у стрессга тушиб қолган ва бор ғазабини менга сочиб олди, гап билан савалаб аламидан чиқди. Худди Фенгджни тўғри тушунганим каби Веикининг ҳолатини ҳам яхши ҳис қилиб турибман. Бу оддий тумов эмас-ку, хавфли вирус аниқлангандан кейин, албатта, унга сабабчи одамдан аччиқланади-да. Чиндан ҳам унга вирусни мен юқтирдим. Майли, ўзим касал қилган бўлсам, ўзим тузатаман. Пейжининг менга куйиб-пишиб айтган гапларини унга етказаман. Айтганча, уччаламиз бирга гаплашсак ҳам бўлади. Пейжи йўқ демайди. Ахир шу пайтгача энг яқин дугонам Веики эди, мана энди иккита бўлди.

Пейжи беморларидан қутилгач, палатамга кирарди. Бироз суҳбатлашиб ўтирардик. Аммо ўша куни уни роса кутдим, келмади. Балки ишлари кўпайиб кетгандир, деб ўйладим-у бу ҳаёлимдан ўзим қўрқиб кетдим. Нима, коронавирус беморлари кўпайдими? Йўқ, биз уни енгишимиз керак. Мағлуб бўлган вирусни нафақат Хитой, балки Ер юзидан қувишимиз шарт!

Аксига олиб эртасига наҳорда ҳам Пейжи кўринмади. Фақат режали муолажа тақозосидан хонамга кирди.

– Мақтаганимга дарров айнидинг-а! Мени соғинмай қўйдингми?

– Соғиндим, фариштам!

– Нима гаплар? Ишинг камайиб қолдими? Ахир борган сари тузалаётганлар сафи кўпайяпти.

– Ҳа, шукр!

– Айтганча, Веикига омонатимни етказдингми?

– Йўқ, узр...

– Нега?

– У кетди...

– Кетди? Демак, кетди. Тузалиб кетмади, кетди...

– Ланфен, илтимос, бардам бўл! Ўзи эндигина руҳий ҳолатинг яхшиланяпти.

– Веики! Веики! – ўтган галгидек дод солиб юбормаслик учун бошимни ёстиқ тагига яширдим.

– Жонгинам, енгилмайлик. Бир қурбонга ўн соғлом билан жавоб қайтарамиз. Бу қўлимиздан келади.

– Хўп, борақол, беморларинг кутиб қолди.

– Улар мени эмас, соғлом ҳаётни кутишяпти.

Веикининг ўлими менга қаттиқ таъсир қилди, албатта. Коронавирус навбатдаги ҳамласи ва ғалабаси мени яқин дугонамдан жудо қилди. У билан ўтказган кунларимиз кино лентасидек кўз ўнгимдан ўтди. Ажойиб қиз эди Веики, унинг каби меҳрибон ва беғубор инсонни кўрмаганман. Бир олам орзулари бор эди. Афсус, коронавирус барини барбод қилди. Сендан ҳафа бўлиш билан чекланмайман, коронавирус! Сенга қарши уруш очаман! Менинг организмимда сенга жой йўқ! Сени «Хитой вируси» дейишмасин. Сен бизга бегонасан, Бутун Ер юзига, жамийки инсониятга ётсан! Жимгина йўқ бўл, коронавирус!

– Тирикмисан? – охирги пайтлар Пейжи шунақа ҳазил чиқарди, ҳар гал палатамга мўралаб шу усулда саломалашади.

– Ўладиган аҳмоқ йўқ! – дейман дик этиб ўрнимдан туриб.

Кунлар қувлашиб ўтиб борарди. Борган сари ўзимни яхши хис қиляпман. Иситмам чиқмаяпти, иштаҳам очилди, кайфиятим ҳам аъло. Ахир менинг мақсадим аниқ: коронавирусни енгиш!

Қитмир дугонам эса мен билан ўйин қилишдан чарчамади.

– Ланфен, шу десанг, яхши ва ёмон хабар билан келдим олдингга...

– Вой, яна нима бўлди-а? Ёмонидан бошла. Йўқ, тўхта! Аввал яхшиси! Бўлмаса юрагим ёрилади.

– Қароринг қатъийми? Яхшисидан бошлайверайми?

– Йўқ, ёмонини биринчи айтганинг маъқул. Кейин хурсанд қиласан.

– Хўп, унда эшит.

– Шошма, Пейжи! Яхшисидан бошлайқол. Ахир операциядан олдин наркоз берадилар-ку.

– Баракалла, тўғри танлов! Ақлли қизсан-да. Профессорларинг бекорга аъло баҳо қўйишмаган сенга.

– Пейжи! Чўзмай гапирсанг-чи!

– Хўп, бир нафасда айтганим бўлсин: Такрорий ва энг сўнгги текширув натижаларинг чиқди! Коронавирус инкорни кўрсатмоқда!

– Наҳотки?! Пейжи! Дугонажон!

– Чемпионим менинг! Сен ютдинг! Вирус устидан ғалаба қозондинг.

Иккимиз ҳам узоқ йиғладик. Сўнг лоп этиб ҳаёлимга Пейжи айтажак ёмон хабар тушиб қолди. Тинчликмикин? Яна кимнингдир ўлгани ҳақидаги хабардир-да хойнахой. Йўқ, бунга чидолмайман!

– Ҳой қиз, ёмон хабаринг ҳам бор эди, тез айт, нима бўлди?

– Ланфен... – деди у маъюс, кўзидан шашқатор ёш думалади – Энди сен билан ҳар куни кўришолмаймиз, бугуноқ бу ердан жўнайсан.

– Ҳа, сендан узоқлашаётганимдан мен ҳам ҳафаман. Аммо вақтинча. Яқинда коронавирус бутунлай даф бўлади ва биз яна топишамиз. Иккимиз бир уйда яшаймиз. Нима дединг?

– Келишдик! Фақат бир шарт билан. Таҳлил натижалари ҳақида профессор хабар бериши керак эди, мен жим туролмадим. Илтимос, унинг олдида ўзингни худди биринчи марта эшитаётгандек тутгин. Ҳаяжонланишни унутма, бўлмаса табиий чиқмайди.

– Дугонажон, бу воқеа мени ўн йилдан кейин ҳам ҳаяжонга солади. Қўрқма, сени сотиб қўймайман.

Шифохонадан катта тантана билан кузатишди. Бир пайтлар орзу қилганимдек журналистларга интервью бердим. Барча беморларга коронавирусга қарши курашишда катта куч тиладим.

Шовқинда эшитмай қолибман. Қўл телефоним жиринглаган экан. Экрандаги ёзувдан эсим оғиб қолай деди: «Ўтказиб юборилган қўнғироқ: Фенгдж».

 

(Давоми бор)

ДУРДОНА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+