“Партия патронажи” у орқали халққа янада яқинлашамиз

27.08.2019 16:08:45

Мутахасисларнинг таъкидлашича, патронаж — аҳолининг тиббий-санитария хизмати борасида алоҳида эътиборга лойиқ бўлган контингентига уйда тиббий ёрдам кўрсатиш тизими. Бугун биз ушбу тизим услубини партиявий фаолиятда жорий этишни лозим топдик. Унга кўра партияга аъзо бўлиш жараёни аҳоли хонадонларида ҳам амалга оширилади.

Эндиликда бирор юртдошимиз Ўзбекистон “Адолат” СДПга аъзо бўлиш истагини билдириб бизга қўнғироқ қилса, биз уларнинг хонадонига бориб, унга партия билетини топширамиз.

Албатта, “Адолат” СДПнинг дастурий ғоялари хайрихоҳлик уйғотиб, партия фаолияти билан танишиш, унга аъзо бўлишни истаган юртдошларимизга ҳам эшигимиз доимо очиқ. Лойиҳа доирасида эса барчаси фуқаронинг уйида рўй беради.

Ушбу лойиҳа партияга аъзо бўлиш истагидаги, аммо қуйи ташкилотларимизга келиш учун зарурат юзасидан имкони йўқ фуқароларга ўз истагини рўёбга чиқариш учун амалиётга йўналтирилди. “Партия патронажи” халққа пешвоз чиқади. “Адолат”нинг ғояларини қўллаб-қувватловчилар хузурига бориб, сафимизга қўшилиши учун кўмаклашади.

“Партия патронажи” лойиҳаси ҳақида партия сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизда эълон қилинганидан кўп ўтмай фуқаролардан мурожаатлар келиб тушди. Қорақалпоғистон Республикасининг Тахиатош туманида истиқомат қилувчи Руслан Раймов лойиҳанинг “илк қалдирғочи” бўлиб, сафимизга қўшилди.

— Ижтимоий тармоқларни мунтазам кузатиб, янгиликлардан хабардор бўлиб бораман. Асосан сиёсий партияларнинг фаолиятини кўриб, партияга аъзо бўлиш истаги пайдо бўлди, — дейди Р.Раймов. — Шу боис дастлаб мамлакатимиздаги сиёсий партияларнинг дастурлари билан танишиб чиқдим ва “Адолат” партияси сафига киришни мақсад қилиб қўйдим. Аммо иш ва рўзғор ташвишлари, денганидай партияга аъзо бўлишга вақт топишим, тўғриси, қийин эди. Одатдагидек, ижтимоий тармоқларни кузатар эканман, “Партия патронажи” ҳақидаги эълонни кўрдим ва тезда партия фаоллари билан телефон орқали боғландим. Шу куннинг ўзида партия аъзолигига қабул килиш учун Ўзбекистон “Адолат” СДП Тахиатош туман кенгаши раиси уйимизга келди. Бундай имкониятларни кўргач, турмуш ўртоғим ҳам “Адолат” партиясига аъзо бўлиш истагини билдириб, ариза ёзди. Ўз уйимизда партия билетларини олдик.

Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидан биз билан алоқага чиққан Баҳодир Ширинов ҳам эрталабдан кечгача ишдалиги, дам олиш кунлари ҳам банд бўлиши, аъзо бўлиш истагида эканига қарамай бунга вақт ажрата олмаётганини билдирди. Биз унга партияга аъзолик учун қандай ҳужжатлар талаб қилинишини тушунтирдик. Уларни тайёрлаб қўйгач, ҳудудий ташкилотимиз вакиллари унинг хонадонига боришини билдирдик.

Кўплаб мурожаатларда фуқаролар айнан вақт тиғизлиги сабаб ҳудудий партия кенгашга боролмаётганини билдирган. Мазкур лойиҳа халқ ва партия вакиллари ўртасидаги масофани йўқотиб, уларга қулайлик туғдиради. Халқ билан мулоқот, жамоатчилик фикрини ўрганиш давр талабига айланаётган айни пайтда “Партия патронажи” дастурий мақсадларимизга мос келади.

 

Дурдона АЛИМОВА,

лойиҳа координатори

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+