Партия устави

Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг

2019 йил 2 ноябрдаги
 IX Қурултойида қабул қилинган

 

Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг

2023 йил 29 майдаги
XI Қурултойида ўзгартириш ва
қўшимчалар киритилган

 

  ЎЗБЕКИСТОН “АДОЛАТ” СОЦИАЛ-ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИ

УСТАВИ (янги таҳрир)

1. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1.1. Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси (бундан кейин – Партия) –Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг жамият сиёсий ҳаётида ўз сиёсий иродасини шакллантириши ва рўёбга чиқариши, ижтимоий ва сиёсий акцияларда, сайловлар ва референдумларда иштирок этиши ҳамда фуқароларнинг манфаатларини давлат ҳокимияти органлари ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларида ўз вакиллари орқали ифода этиш мақсадида тузилган сиёсий ташкилот бўлиб,  ташкилий-ҳуқуқий шакли сиёсий партия ҳисобланади.

1.2. Партиянинг расмий номи:

- ўзбек тилида: Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси,

- қисқача номи – Ўзбекистон “Адолат” СДП;

- инглиз тилида: The social-democratic party of Uzbekistan «Adolat»,

- қисқача номи – SDPU «Adolat»;

- рус тилида: – Социал-демократическая партия Узбекистана “Адолат”,

- қисқача номи – СДПУ “Адолат”.

1.3. Партия ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги Конституциявий қонуни, “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги, “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги қонунлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги бошқа қонун ҳужжатлари ва мазкур Уставга мувофиқ амалга оширади.

1.4. Партия ўз фаолиятини ўзини ўзи бошқариш, ошкоралик, қонунийлик ва аъзоларининг партия ҳаётида фаол қатнашиши, сафларига кириш ва ундан чиқиш эркинлиги, тенг ҳуқуқлилиги  асосида олиб боради.

1.5. Партия Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудларида фаолият юритади.

1.6. Партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан тасдиқланган ҳамда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган рамзларига, жумладан, байроғи, вимпели, эмблемаси, рамзи туширилган муҳрига ва бошқа белгиларга эга.   

1.7. Партиянинг доимий фаолият кўрсатувчи органи – Сиёсий Кенгаш Ижроия Қўмитасининг Марказий аппарати жойлашган манзили: индекс: 100043, Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, “Шарқ тонги” кўчаси, 23-уй.

2. ПАРТИЯ ВА ПАРТИЯ ТАШКИЛОТЛАРИНИНГ ҲУҚУҚИЙ МАҚОМИ

2.1 Партия Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган санадан бошлаб юридик шахс мақомини олади.

2.2. Партия мажбуриятлари бўйича ўзига тегишли мулк ва пул воситалари билан қонунчиликда белгиланган тартибда жавоб беради.

2.3. Партия Уставда белгиланган мақсадларга эришиш учун шартномалар, келишувлар, битимлар тузиши, мулкий ва номулкий ҳуқуқларга эгалик қилиши, судда даъвогар ёки жавобгар сифатида иштирок этиши мумкин.

2.4. Партия мустақил равишда ўз ҳаракат дастурини, иш режаларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.

2.5. Партия мазкур Уставда кўрсатилган мақсадларига мувофиқ бўлган ва қонунчиликда таъқиқланмаган ҳар қандай фаолият билан шуғулланиши мумкин.

2.6. Партия марказий бошқарув органлари ва унинг қуйи партия ташкилотлари қонунчиликда белгиланган тартибда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириши мумкин.

3. АСОСИЙ МАҚСАД  ВА  ВАЗИФАЛАР

3.1. Партиянинг асосий мақсади – ҳуқуқий-демократик давлат, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига асосланган кучли адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш ҳамда Ўзбекистон ҳудудида яшаётган барча миллат ва элатларнинг умумий манфаатларига мос келадиган, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, бирдамлиги, конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланган маънавий жипслашган жамиятни тараққий топтиришда фаол иштирок этишдир.

3.2. Партиянинг вазифалари:

- Ўзбекистон мустақиллигини мустаҳкамлаш борасида демократик жараёнларни  жадаллаштириш;

- Ўзбекистонда ҳуқуқий-демократик давлат барпо этиш борасида Ватанга садоқатли  хизмат  қиладиган   инсонларни  тарбиялаш;

- эркин ва адолатли фуқаролик жамиятига асосланган ҳуқуқий-демократик давлат қуриш билан боғлиқ саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш;

- Ўзбекистон фуқароларига ўз қонуний ҳуқуқлари, эрк ва бурчларини англашга кўмаклашиш, уларнинг  сиёсий  онги ва сиёсий маданиятини ривожлантириш;

- мамлакатимиз фуқароларининг, хусусан, ёш авлоднинг ҳуқуқий онг ва маданиятини ошириш, уларни она Ватанга, миллий қадриятларга ҳурмат руҳида, адолатли инсон қилиб тарбиялаш;

- миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлаш, дўстлик ва ҳамжиҳатликни ривожлантириш, ҳар қандай миллатчилик, диний экстремизм, терроризм иллатларига қарши кураш олиб бориш, динлараро бағрикенгликни, тинчлик ва барқарорликни, миллатлараро тотувликни тарғиб қилиш;

- давлат  ижроия  тизимини  такомиллаштириш,  давлат  ҳокимияти  органларида имонли,  пок,  ўз  Ватани,  халқини севадиган  ва  элу  юртига  садоқат  билан  хизмат  қиладиган  раҳбар  ва  мутахассис  кадрларнинг  ишлашига  эришиш;

- жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупцияга қарши курашиш тадбирларини амалга ошириш ва коррупцияга қарши курашишга оид қонун ҳужжатлари лойиҳаларини илгари суриш, адолатнинг бузилишига олиб келадиган иллатлар, хусусан, коррупциянинг олдини олиш тадбирларини амалга ошириш ва коррупцияга қарши курашишни кенг тарғиб қилиб, бу борада мансабдор шахсларни, омма, шу жумладан, ёшларни ҳамкорликка чақириш ишларини олиб бориш;

- адолатли меҳнат муносабатларини таъминлаш, Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган меҳнат ва бандлик масалаларига, хусусан, мажбурий меҳнатга қарши курашишга, болалардан оғир меҳнатда фойдаланишни тақиқлашга оид, дискриминация ҳақидаги, меҳнатига яраша ҳақ олиш ва оналикни ҳимоя қилиш тўғрисидаги халқаро меҳнат конвенцияларига оғишмай амал қилиш чораларини кўриш, меҳнат муҳофазасини таъминлаш ва қулай меҳнат шарт-шароитларини яратишда иш берувчи ва ходимларга ҳуқуқий ва амалий ёрдам кўрсатиш;

- республика  фуқароларининг  турмуш  даражасини  кўтариш,  ижтимоий жиҳатдан  муҳтож  аҳолининг  ҳуқуқий муҳофазасини  таъминлаш  борасида  таклифлар  киритиш;

- суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ўзаро ҳамкорликда фаол иштирок этиш, мазкур йўналишда таклифлар ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш чораларини кўриш;

- аҳоли соғлиғини сақлаш, ёш авлодни соғлом ва тарбияли, билимли қилиб тарбиялаш, уларга таълим бериш ва соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантиришга қаратилган тадбирларни амалга ошириш, натижалари бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш чораларини кўриш;

- жамиятимизда қонун ва адолат устуворлигини, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш ва дори-дармон воситалари билан таъминлашни доимий равишда яхшиланиб бориш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиш ва уларни Ҳукуматга киритиб бориш;

- мамлакатда илм-фан, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида ёш олимларни қўллаб қувватлаш ва уларнинг муаммоларини ўрганиб, амалий таклифлар киритиб бориш;

- Ўзбекистоннинг жаҳон миқёсида  ўз  ўрнини  эгаллаши, дунёдаги илғор давлатлар  билан  халқаро  ҳуқуқ  талаблари асосида ўзаро манфаатли  алоқаларини ривожлантириш  учун  фаолият  кўрсатиш,  миллий  манфаатларига  мос  келадиган ташқи  сиёсатни  қўллаб-қувватлаш;

- жаҳон социал-демократик ҳаракати билан, илғор қарашларга асосланган софдил  ва  эзгу  ниятли  бошқа  ижтимоий  ҳаракатлар,  партиялар  билан  алоқа боғлаш.

- партиядан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлигига, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларида сайланадиган лавозимларга номзодлар кўрсатиш, қайд этилган сайловларда иштирок этиш, шунингдек, сайланган органларда фаолият кўрсатиш;

- малакали мутахассислар, бюджет соҳалари ходимлари, педагоглар, шифокорлар, инженер-техник ва илм-фан вакиллари, хизмат кўрсатиш соҳалари меҳнаткашларининг манфаатларини ҳимоя қилиш. 

3.3. Партия фаолияти ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти негизида фуқаролик жамиятини қуриш борасида мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнига аҳолининг барча қатламларини жалб этиш, ҳокимиятнинг вакиллик органлари орқали давлат бошқарувида иштирок этиш, фуқароларнинг сиёсий онги ва маданиятини юксалтириш, мамлакат ҳаётининг муҳим масалалари юзасидан ўз тарафдорларининг фикр ва мулоҳазаларини юзага чиқариш ва бу масалалар бўйича партия позициясини кенг жамоатчиликка ва барча поғонадаги давлат ҳокимият органларига етказишга қаратилган.

3.4. Партия ўзининг ғояларига садоқатли ҳамда сайловчилар ишончини қозонган аъзоларини давлат ҳокимиятининг вакиллик ва ижро органларига номзод сифатида кўрсатади.

4. ПАРТИЯ ТАШКИЛОТЛАРИ  ВА  УЛАРНИ  ТАШКИЛ  ЭТИШ  ҚОИДАЛАРИ

4.1. Партия аъзолари бирлашувининг асосий ташкилий шакли Ўзбекистон Республикасининг тегишли маъмурий-ҳудудий субъектлари бўйича тузиладиган ҳамда партия аъзоларининг бевосита турар жойи, иш жойи ёки жамоатчилик фаолияти бўйича бирлаштирувчи партия ташкилотларидир.

4.2. Давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи ва вакиллик органларида партиядан сайланган депутатлардан тузиладиган депутатлик бирлашмалари (фракция ва гуруҳлари) ушбу органларда партия манфаатларини ифодалашнинг ташкилий шаклидир.

4.3. Партиянинг олий органи – Қурултой, энг қуйи органи эса бошланғич партия ташкилоти йиғилишидир.

4.4. Партия ташкилотларини бошқариш сайлаб қўйиладиган органлар ва шахслар томонидан олиб борилади. Улар партия тадбирлари ва қарорларини амалга оширади.

4.5. Партиянинг барча органлари қуйидан юқоригача сайлаб қўйилади.

4.6. Партия органлари ва уларнинг аъзолари уларни сайлаб қўйган партия ташкилотлари олдида ҳисобот берадилар.

4.7. Партия аъзолари ўз фикрларини билдиришда эркинлик, сиёсий таҳлил, ошкоралик ва ўз-ўзини танқид қоидаларига амал қиладилар.

4.8. Партиянинг барча ташкилотлари ўзаро боғлиқ бўлиб, қуйи органлар юқори органлар қарорлари, топшириқларини бажариш билан бир вақтда ушбу Уставга ҳамда ўзларининг низомларига биноан ваколатлари доирасида ҳаракат қилади.

4.9. Партия ташкилотлари ўз вазифаларини амалга оширишда жамоатчиликка таяниб иш кўрадилар. Улар жойларда турли-туман шаклдаги клублар, учрашувлар, семинарлар, бахс-мунозаралар ва бошқа тадбирларни ташкил этиб, партияга аъзо бўлмаган фуқароларни партиянинг мақсади, дастурий ғоялари ва фаолияти билан таништирадилар ҳамда уларни партия сафларига жалб этадилар.

4.10. Партия ташкилотлари ва органлари томонидан қабул қилинган қарор барча аъзолар учун мажбурийдир. Қарорлар, қонун ҳужжатлари, мазкур Уставга ва партия олий органларининг қарорларига зид бўлмаслиги керак.

4.11. Партия ҳудудий, туман, шаҳар  ва бошланғич партия ташкилотларидан ташкил топган.

4.12. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда улар таркибига кирувчи туман ва шаҳар партия ташкилотлари ҳудудий ва  маҳаллий партия ташкилотлари мақомига эгадирлар. Маҳаллий партия ташкилотлари туман ва шаҳар маъмурий тузилмалари доирасидаги  бошланғич партия ташкилотларини бирлаштириш учун хизмат қилади.

4.13. Бошланғич партия ташкилотлари, камида уч нафар партия аъзосини бевосита бирлаштириш мақсадида, қонуний чекловлар бўлмаган ҳолларда тузилади.

4.14. Бошланғич партия ташкилотлари партия аъзоларининг яшаш ва иш жойлари, касбий ва жамоатчилик фаолиятлари бўйича аъзоларининг фикрини ҳисобга олган ҳолда, тегишли туман, шаҳар партия Кенгашлари Ижроия Қўмиталари қарори билан тузилади, қайта ташкил этилади ва тарқатиб юборилади.

4.15. Ҳудудий, туман ва шаҳар партия ташкилотлари партия Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси қарорига биноан Ўзбекистон Республикаси маъмурий-ҳудудий тузилишига қараб тузилади, қайта ташкил этилади  ва тугатилади.

4.16. Ҳудудий партия ташкилотини тузиш тўғрисидаги қарорни қабул қилиш билан бир вақтда ташкилий қўмита тузилади ва бир ой давомида таъсис конференцияси чақирилади.

4.17. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар партия ташкилотлари, шунингдек, улар таркибига кирувчи туман, шаҳар партия ташкилотлари қонунда белгиланган тартибда давлат рўйхатига олинганидан сўнг юридик шахс мақомини олади.

4.18. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида, ижодий уюшмалар, кўнгилли жамиятлар ва жамғармаларда ҳамда таълим муассасаларида бошланғич партия ташкилотлари ташкил этилишига йўл қўйилмайди.

5. ПАРТИЯГА АЪЗОЛИК

5.1. Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган, партиянинг Устав ва Дастурини тан олган, уни қўллаб-қувватлайдиган, партия Дастурида белгиланган тадбирларни амалга оширишда фаол иштирок этадиган Ўзбекистон фуқароси ўз хоҳиши ва иродаси билан Партия аъзоси бўлиши мумкин.

5.2. Партияга аъзолик ихтиёрий ва якка тартибда амалга оширилади.

5.3. Аъзолик бадалини тўлаш мажбурийдир. Аъзолик бадалини миқдорини белгилаш, тўлаш ёки тўлашдан озод этиш ва уни ҳисобини юритиш тартиби партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан белгиланади.

5.4. Партия аъзоси бошқа сиёсий партия аъзоси бўлиши мумкин эмас.

5.5. Партия аъзолигига қабул қилиш тўғрисидаги қарор, қоида тариқасида, фуқаронинг доимий ёки вақтинча яшаш ва ишлаш жойи ҳудудидаги бошланғич партия ташкилоти умумий йиғилишда очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади. Партия Қурултойи, Сиёсий Кенгаш Пленуми, Сиёсий Кенгаш Ижроия Қўмитаси мажлиси, ҳудудий, туман ва шаҳар партия Кенгашлари Пленумлари, шунингдек, ҳудудий, туман ва шаҳар партия Кенгаши Ижроия Қўмитаси мажлиси партия аъзолигига қабул қилиш ҳақида қарор қабул қилишга ҳақли, шу билан бирга, фуқаронинг партияга қабул қилиш тўғрисидаги аризасини кўриб чиқиш учун тегишли қуйи органига кўрсатма бериши мумкин.

5.6. Партия аъзоси бўлиш Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг ёзма аризаси асосида бошланғич партия ташкилотининг йиғилиши томонидан ҳал қилинади. Партияга қабул қилиш партиянинг тегишли туман, шаҳар ташкилотлари томонидан амалга оширилиши мумкин.

Бунда Ўзбекистон Республикаси фуқароси ўзининг доимий ёки вақтинча яшаш жойидаги туман, шаҳар партия Кенгаши раиси номига партияга аъзо бўлиш ҳақидаги аризасини шахсан топширади.

5.7. Фуқаронинг партияга аъзо бўлиш ҳақидаги аризасини кўриб чиқиш ва унга асосан қарор қабул қилиш муддати ариза партиянинг тегишли таркибий органи бўлинмасига топширилганидан кейин ўн беш кундан ошмаслиги лозим.

5.8. Фуқародан партияга аъзо бўлиш ҳақидаги аризани қабул қилиб олган партия органи ёки унинг таркибий бўлинмаси томонидан аризани кўриб чиқиш муддати талаби бузилган тақдирда фуқаро партиянинг юқори раҳбар органларига ариза билан мурожаат этишга ҳақли. 

5.9. Партия аъзосининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари партиянинг ваколатли органи ёки унинг таркибий бўлинмаси томонидан партия аъзолигига қабул қилиш ҳақидаги қарор чиққан кундан эътиборан кучга киради.

5.10.  Партия аъзоларига партия аъзолик билети берилади.

6. ПАРТИЯ АЪЗОСИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

6.1. Партия аъзолари тенг ҳуқуқлидир.

6.2. Партия аъзоси қуйидаги ҳуқуқларга эга:

- партиянинг турли даражадаги партия ташкилотлари ўтказадиган тадбирларда иштирок этиш, ўз фикр-мулоҳазаларини эркин билдириш ҳамда партия фаолиятини яхшилаш бўйича таклифлар киритиш;

- партия раҳбар органларини сайлаш, уларга сайланиш, ариза ва таклифлар билан мурожаат этиш;

- партия номидан давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи ва вакиллик органларига номзод сифатида тавсия этилиш;

- партиянинг қуйи ва юқори органларига мурожаат қилиш ва улардан ўз вақтида саволларга жавоб олиш, ўзининг мулоҳазаларини билдириш;

- партия йиғилишларидаги масалалар муҳокамасида, партия матбуотида фаол иштирок этиш;

- Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунлари, партия Устави ва Дастурига, халқаро меъёрлар талабларига зид бўлмаган жамоат ташкилотлари ва ҳаракатларининг ишларида қатнашиш;

- партияга аъзолигини вақтинча тўхтатиш ёки ундан ўз аризасига кўра ихтиёрий равишда чиқиш.

6.3. Партия аъзоси партия Уставини, Одоб-ахлоқ қоидаларини бузган ёки Устав талабларини, партиявий мажбуриятларини бажармаган тақдирда, шунингдек, партия шаънига доғ туширгани ёки унга зиён етказадиган хатти-ҳаракатларни содир этганда унга нисбатан қуйидаги таъсир чораларидан бири қўлланилиши мумкин:

- танбеҳ бериш, Устав талаблари ва Одоб-ахлоқ қоидаларини бузиш мумкин эмаслиги тўғрисида огоҳлантириш, бундай ҳолат яна қайтарилмаслигини қатъий талаб қилиш;

- партия мажлисларида қатнашиш (сўз олиш) ҳуқуқини вақтинчалик чеклаш;

- номақбул хатти-ҳаракат содир этган партия аъзосига жамоатчилик олдида кечирим сўраш талабини қўйиш;

- ушбу Уставнинг 6.5-бандида назарда тутилган ҳолларда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ёки партиянинг тегишли ҳудудий Кенгаши қарори билан Ўзбекистон “Адолат” СДП аъзосини партия сафидан чиқариш.

Вакиллик органлари депутатларини партия сафидан чиқариш фақат Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан амалга оширилади.

6.4. Партия аъзолигидан чиқарилган ҳолларда  бир ой муддат ичида юқори партия органларига  шикоят аризаси билан мурожаат этиш ҳуқуқига  эгадирлар. Шикоят аризаси узоғи билан 15 кунлик муддатда кўриб чиқилиши ва қабул қилинган қарор ҳақида ариза берувчига уч кун муддат ичида маълум қилиниши керак.

6.5. Партия аъзоси қуйидаги ҳолларда партия сафидан чиқарилади:

- ўз аризасига кўра;

- партия Уставини мунтазам равишда бузган ёки Устав талабларини, партиявий мажбуриятларини бажармаган тақдирда;

- партиянинг Одоб-ахлоқ қоидаларини қўпол равишда бузганда ёхуд партия шаънига доғ туширувчи ёки унга зиён етказувчи хатти-ҳаракатларни содир этганда;

- бошқа сиёсий партияга аъзо бўлганда;

- бошқа сиёсий партия ҳамда у томонидан илгари сурилаётган номзоднинг сайлов кампаниясида иш бошласа, шу жумладан, унинг ишончли вакили сифатида фаолият юритса;

- Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тугатилганда;

- ҳарбий хизматга, давлат хавфсизлик хизматига,  прокуратура, ички ишлар органлари, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси органларига ишга ўтганда, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг мансабдор шахси ёхуд судья этиб тайинланганда (сайланганда);

- вафот этганда, суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки вафот этган деб топилганда.

Партия аъзоси партия сафидан чиқарилганда партиядаги сайланган лавозимидан маҳрум бўлади.

Партия сафидан чиқариш ҳақидаги қарор партиянинг туман (шаҳар) ташкилоти томонидан қабул қилинади ва ҳудудий партия ташкилотига тасдиқлаш учун тақдим этилади.

6.6. Партияга аъзоликни тугатиш ёки тўхтатиш тўғрисидаги қарор бошланғич партия ташкилоти умумий йиғилиши ёки туман, шаҳар партия ташкилоти Кенгаши Ижроия Қўмитаси томонидан қабул қилинади.

Партия аъзолари таркибидан чиқариш ҳақидаги қарор тегишли бошланғич партия ташкилоти умумий йиғилиши ёки туман, шаҳар партия ташкилоти ёки партиянинг юқори органи томонидан қабул қилинади.

6.7. Партия аъзоларининг ҳуқуқлари Ўзбекистон Республикаси қонунлари доирасида партиянинг бошланғич партия ташкилотлари, туман, шаҳар, ҳудудий ва марказий органлари томонидан ҳимояланади.

7. ПАРТИЯ АЪЗОЛАРИНИНГ МАЖБУРИЯТЛАРИ

7.1. Партия аъзосининг мажбуриятлари:

- Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунлари, ахлоқ принциплари ва жамиятнинг маънавий мезонларига риоя қилиш;

- партиянинг Устави ва дастурий ҳужжатлари талабларини бажариш, партиявий интизомга қатъий риоя қилиш, партия раҳбар органлари қарорларини бажариш;

- муҳокамаларда фикр ва мулоҳазаларини эркин баён этиш ҳамда партиянинг дастурий вазифалари ва асосий ғоялари асосида шакллантирилган якуний коллегиал позициясини якдиллик билан қўллаб-қувватлаш;

- ўз фаолияти билан партиянинг дастурий ҳужжатларини амалга оширишга ҳамда мақсад ва вазифаларига эришишга ҳар томонлама кўмаклашиш;

- инсонлар ва уларнинг муаммоларига тушуниш ва эътибор билан ёндашиш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва тиклашда ўз ваколати доирасида ёрдам кўрсатиш;

- инсон ҳуқуқ ва эркинликлари бузилишига сабаб бўлиши мумкин бўлган ҳаракат ва чиқишлардан тийилиш, инсон шаънини камситувчи баёнотлар бермаслик;

- оммавий баёнотлар билан чиқишда, танқидий фикрларга муносабат билдиришда камтарлик ва босиқлик принципларига қатъий амал қилиш;

- партиянинг дастурий ҳужжатларида, юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатларида кўтарилган масалаларни амалга ошириш учун ҳаракат қилиш; 

- партия манфаатларини ҳимоя этиш, партия ўтказадиган сайлов кампанияларида фаол иштирок этиш;

- партиянинг ғоя, мақсад ва вазифаларини тарғиб қилиш ҳамда уларни ҳаётга татбиқ этишда фаол қатнашиш, шунингдек, партия сафига янги аъзоларни жалб этиш чораларини кўриш;

- аъзолик бадалларини ўз вақтида тўлаб бориш;

- партия органлари фаолиятида ва мажлисларида иштирок этиш, партиянинг раҳбар органи ёки ҳудудий ташкилоти белгилаган тартибда партиявий ўқувларда мунтазам равишда қатнашиш;

- давлат ҳокимиятининг вакиллик органига депутат этиб сайланган тақдирда партиянинг депутатлик бирлашмаси (фракцияси, партия гуруҳи) таркибига кириш, вакиллик органларида партиянинг ягона коллегиал позициясини ифодалаш ва қўллаб-қувватлаш, партия ва электорат манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш;

- ўзини ва партияни обрўсизлантирувчи ҳаракатларни содир этишдан тийилиш.

Партия аъзоси  ушбу  Устав  меъёр  ва  талабларига  зид  бўлган  хатти-ҳаракатлар  содир этган тақдирда, унга нисбатан  партия ташкилотлари томонидан то партия аъзолигидан чиқаришгача  бўлган чоралар кўрилиши мумкин.

8. БОШЛАНҒИЧ ПАРТИЯ  ТАШКИЛОТЛАРИ

8.1. Бошланғич партия ташкилоти партиянинг негизи ҳисобланади. Бошланғич партия ташкилоти камида уч нафар партия аъзоси бўлган тақдирда ташкил этилиши мумкин ва ушбу тузилма тегишли туман, шаҳар партия Кенгашлари томонидан белгиланган тартибда рўйхатга олинади. Ишлаб чиқариш принципига биноан, корхона, муассаса, ташкилотда ишлаб турган партия аъзоларини бирлаштирган бошланғич партия ташкилотлари тузилади. Шунингдек, ҳудудий принцип асосида маҳалла, кўп қаватли уй ва бошқа шунга ўхшаш тузилмаларда яшовчи партия аъзоларидан иборат таркибда бошланғич партия ташкилотларини тузиш мумкин. Бошланғич партия ташкилотлари мазкур Устав ҳамда партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан тасдиқланган низомга асосан фаолият юритадилар.

8.2. Бошланғич партия ташкилотлари ўзларининг ваколатлари доирасида иш кўришда мустақил бўлиб, барча масалалар юзасидан ўз мулоҳаза ва таклифларини юқори партия органларига билдириш ҳуқуқига эгадирлар. Улар юқори партия органларининг қарорларини ҳаётга татбиқ этиш учун ўз аъзоларини сафарбар қиладилар. Ўз аъзолари бўлмиш халқ депутатларига ёрдам беришда асосий таянч куч бўлиб хизмат қиладилар.

8.3. Бошланғич партия ташкилотининг раҳбар органи умумий йиғилиш ҳисобланади. Умумий йиғилиш қоида тариқасида йилнинг ҳар чорагида бир маротаба ўтказилади. Зарур ҳолларда навбатдан ташқари йиғилишлар ўтказилиши мумкин.

8.4. Бошланғич партия ташкилоти умумий йиғилишида унинг раиси ва ўринбосари бир йил муддатга сайланади.

8.5. Умумий йиғилиш ваколатлари:

- бошланғич партия ташкилотининг раиси ва унинг ўринбосарини сайлаш, уларнинг ҳисоботларини тинглаш ва тегишли қарорлар қабул қилиш;

- партиянинг тегишли туман, шаҳар ташкилоти Конференциясига делегатларни сайлаш;

- партиянинг тегишли туман, шаҳар ташкилоти Кенгаши таркибига киритиладиган бошланғич партия ташкилоти вакилини сайлаш ва уни чақириб олиш;

- бошланғич партия ташкилоти Кенгашини зарурат бўлганда сайлаш, унинг таркибини белгилаш, Кенгаш ҳисоботини тинглаш ва тегишли қарорлар қабул қилиш;

- партиянинг тегишли туман, шаҳар ташкилоти Конференцияси ва Кенгаши томонидан тақдим этилган бошқа ваколатларни амалга ошириш.

8.6. Умумий йиғилишлар оралиғидаги даврда бошланғич партия ташкилоти фаолиятига раис раҳбарлик қилади. Бошланғич партия ташкилоти раисининг битта ўринбосари бўлади.

8.7. Аъзолари сони 30 кишидан ортиқ бўлган бошланғич партия ташкилотларида жорий фаолиятга раҳбарлик қилиш учун, заруратга кўра, бошланғич партия ташкилоти раиси, унинг ўринбосари ва бошқа аъзолари таркибида камида беш кишидан иборат Кенгаш сайланиши мумкин.

Бошланғич партия ташкилоти Кенгаши ваколати ва ваколат муддатлари қабул қилинган низом асосида белгиланади.

8.8. Бошланғич партия ташкилоти Кенгашига бошланғич партия ташкилоти раиси раҳбарлик қилади. Бошланғич партия ташкилоти раиси:

- бошланғич ташкилот жорий фаолиятига раҳбарлик қилади ва унинг вакили бўлиб, унинг номидан ишончномасиз иш юритади;

- умумий йиғилишларни (Кенгаш мажлисларини) олиб боради, улар томонидан қабул қилинган қарорларни имзолайди;

- тегишли юқори турувчи партиянинг туман, шаҳар ташкилоти Конференцияси, Кенгаши, раиси ва бошланғич партия ташкилотининг умумий йиғилиши томонидан берилган ваколатларни амалга оширади.

8.9. Бошланғич партия ташкилотлари партия интизомини – партия фаолиятида иштирок этмаслик, партия билан алоқани узиш, қонунларни бузганликлари учун партия аъзоларини ўз йиғинларида муҳокама қилади ва зарур бўлса, уларни партия сафидан чиқаришгача бўлган жазо чораларини қўллаш бўйича партиянинг туман (шаҳар) ташкилотига мурожаат қилади. Партия аъзоларига кўрилган жазо йиғилишда иштирок этганларнинг ярмидан кўпроғи овоз бергандагина ҳақиқий ҳисобланади.

8.10. Бошланғич партия ташкилотида ҳисобга олинмаган партия аъзолари туман, шаҳар партия Кенгаши ҳисобида рўйхатга олинади.

9. ПАРТИЯ РАҲБАР ОРГАНЛАРИНИНГ ТУЗИЛМАВИЙ ТАРКИБИ

9.1. Партия бошқарув таркиби қуйидаги тузилмалардан иборат: Қурултой, Сиёсий Кенгаш, Сиёсий Кенгаш Ижроия Қўмитаси, Сиёсий Кенгаш Ижроия Қўмитаси Марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар партия ташкилотлари конференцияси, улар сайлаб қўядиган Кенгашлар ва уларнинг Ижроия Қўмиталари ҳамда бошланғич партия ташкилотлари йиғилишлари.

9.2. Зарур бўлиб қолганда, партия Устав фаолиятининг айрим йўналишлари бўйича партия Сиёсий Кенгаши аъзолари ва партиянинг бошқа ташкилотлари аъзоларидан Сиёсий Кенгаш комиссиялари, ишчи гуруҳлари ёки бошқа вақтинчалик ишчи органлари тузилиши мумкин.

10. ҚУРУЛТОЙ

10.1. Қурултой партиянинг Олий органидир. Навбатдаги Қурултой партия Сиёсий Кенгаши томонидан 5 йилда камида бир марта чақирилади. Қоида тариқасида, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига ёки Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига ўтказиладиган сайлов кампаниясидан олдин чақирилади. Партиянинг навбатдан ташқари Қурултойи Сиёсий Кенгаш ташаббуси билан ёки партия аъзолари умумий сонининг камида учдан бир қисмини бирлаштирган партия ташкилотларининг талабига мувофиқ чақирилади. Қурултой белгиланган миқдордаги делегатларнинг ярмидан кўпи қатнашгандагина ваколатли бўлади. Қурултой чақирилишидан қоида тариқасида камида бир ой муддат аввал Сиёсий Кенгаш қарори қабул қилиниб, унда Қурултой чақириш муддати ва жойи, кун тартиби лойиҳаси, вакиллик нормалари аниқ кўрсатилган бўлиши керак.

10.2. Қурултой ўз ваколатлари доирасида қуйидагиларни амалга оширади:

- делегатларнинг ваколатларини текширади, ўзининг иш тартибини белгилаб, раёсат аъзолари, котибият ва бошқа ишчи гуруҳларини ташкил этади;

- партия Дастури ва Уставини қабул қилади, уларга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритади. Республиканинг ички ва ташқи сиёсатига оид ўзининг таклиф, тадбирларини ишлаб чиқади. Сайловолди дастурларини, ҳужжатларни, кўрсатмаларни қабул қилади;

- Партия Сиёсий Кенгаши аъзоларининг сонини белгилайди ва уларни 5 йил муддатга сайлайди (Уставнинг 11.3 бандида кўрсатилган ҳолатлар бундан мустасно);

- Марказий Назорат-тафтиш комиссиясини 5 йилга сайлайди (Уставнинг
11.3 бандида кўрсатилган ҳолатлар бундан мустасно);

- Сиёсий Кенгаш, Марказий Назорат-тафтиш комиссияси, Қурултой томонидан сайланган бошқа раҳбар органлар ва раҳбарларнинг ҳисоботларини эшитади ва улар ҳақида тегишли қарорлар қабул қилади;

- партия фракциясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фаолияти ҳақидаги ҳисоботларини эшитади ва партия фракцияси фаолияти тўғрисида қарорлар қабул қилади;

- Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатади;

- Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар кўрсатади (Уставнинг 11.3-бандида кўрсатилган холатлар бундан мустасно);

- Партия Сиёсий Кенгашига сайлов мавсуми даврида қонун доирасида партия номзодлари рўйхатига ўзгартиришлар киритиш ваколатини беради;

- Партияни қайта ташкил этиш ва тугатиш тўғрисида қарор қабул қилади.

11. СИЁСИЙ КЕНГАШ

11.1. Партия Сиёсий Кенгаши Қурултойлар оралиғидаги даврда партиянинг марказий раҳбар органи ҳисобланади. Сиёсий Кенгаш партия манфаатларини ифодалайди ва унинг номидан иш юритади.

У Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар партия ташкилотлари вакилларидан ҳамда Қурултойда сайланган бошқа аъзолардан ташкил топади. Қурултой унга қўшимча ваколатлар беришга ҳақлидир.

11.2. Сиёсий Кенгаш ўз Пленумида ўзининг таркибидан Сиёсий Кенгаш раиси, ўринбосарлари ва Сиёсий Кенгаш Ижроия Қўмитаси таркибини 5 йилга сайлайди ҳамда унинг вазифалари ва ваколатларини белгилайди.

Партия Сиёсий Кенгаши раиси партия Сиёсий Кенгаши Пленумларида раислик қилади. Партия Сиёсий Кенгаши раиси ваколатлари партия аъзолигидан чиққанида ёки аъзоликни тўхтатганида, ўз ихтиёри билан лавозимини топширганида, унинг фаолияти мазкур Уставга зид ва партияга зарар етказиши аниқланганида партия Сиёсий Кенгаши йиғилиши (пленуми) партия Сиёсий Кенгаши Раисининг муддатидан олдин ваколатларини тугатиш ҳақида қарор қабул қилиши мумкин.

11.3. Сиёсий Кенгаш Пленумлари ҳар йилда камида икки марта ўтказилади. Сиёсий Кенгаш ўз Пленумларида:

- ижтимоий-сиёсий ташкилотлар, партиялар, ҳаракатлар ва сиёсий бўлмаган ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги келишув, битим, шартнома ва бошқа кўринишдаги ҳамкорлик ҳужжатларини қабул қилади;

- Партиянинг ахборот органларини (газета, журнал, радио ва телевидение дастурларини) таъсис этади ва уларнинг фаолият йўналишларини белгилаб беради;

- Пленум партия Қурултойлари оралиғида зарур бўлиб қолган ҳолларда Қурултойда сайланган партия Сиёсий Кенгаши, унинг Ижроия Қўмитаси ва Марказий Назорат-тафтиш комиссияси аъзолари таркибини қисман янгилаш ҳуқуқига эга;

- Қурултойлар оралиғида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар кўрсатади;

- Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига номзод кўрсатади;

ҳар йили партия Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси фаолияти тўғрисида ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси фаолияти ҳақидаги ҳисоботларни эшитади;

- партия Уставининг айрим қоидаларини қўллаш тартибига аниқлик киритувчи меъёрий ҳужжатларни тасдиқлайди;

- Қурултойни чақириш муддати ва жойи, кун тартиби лойиҳаси, вакиллик нормасини белгилайди;

- Партия Қурултойи берадиган бошқа ваколатларни амалга оширади, шунингдек, мазкур Уставда назарда тутилмаган ва тегишли органлар ваколатига киритилмаган муҳим масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилади.

Партия Сиёсий Кенгашининг Пленумлари ва Ижроия Қўмитаси қарорлари, Дастур, белгиланган чора-тадбирлар ва иш режалар ижросини лозим даражада  бажармаган,  меҳнат ва ички тартиб  қоидаларни бузган ҳудудий партия ташкилоти раҳбарларини эгаллаб турган лавозимидан озод этиш ҳақида қарорлар қабул қилиши мумкин. Қабул қилинган қарор ҳудудий партия Кенгаши Пленумига тасдиқлаш учун киритилади.

11.4. Сиёсий Кенгаш Пленумида Кенгаш аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинган қарорлар барча партия ташкилотлари ва аъзолари учун мажбурийдир.

11.5. Партия Сиёсий Кенгаши Раиси:

- Партия Сиёсий Кенгаши Раиси партияга раҳбарлик қилади, мазкур Уставга асосан партиянинг мафкуравий фаолияти ва бошқа саъй-ҳаракатларини бошқаради;

- Партиянинг ахборот-таҳлил, тарғибот-ташвиқот, молия-хўжалик, ҳуқуқий, ҳужжатлар юритиш, ташкилий-техник ва бошқа таъминотларини ташкил этади, партия марказий органларининг ва таркибий бўлинмаларининг ўзаро ҳамкорлигини ташкил этади;

- Партия стратегияси бўйича таклифлар ишлаб чиқилишини ташкил этади;

- Партиянинг ички ва ташқи сиёсати бўйича баёнотлар беради, партия номидан расмий чиқишлар қилади;

- Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига партия томонидан тавсия этилаётган номзодларни саралаш ишларини партия Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси билан ҳамкорликда ва келишилган ҳолда  ташкил этади;

- республика давлат ҳокимияти органларида, маҳаллий органларда, жамоатчилик, халқаро ва хорижий ташкилотлар ва уларнинг шахслари, фуқаролар билан муносабатларда, шунингдек, фуқаролик-ҳуқуқий ва меҳнат муносабатларида ишонч қоғозисиз Партия номидан иш юритади;

- Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасига ҳисобот йилида кирим ва чиқим маблағлари тўғрисида молиявий ҳисоботни Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартиб ва муддатда тасдиқлайди ҳамда тақдим этади;

- Партия томонидан ўтказилган оммавий тадбирлар ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси ижро ҳокимияти органларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига партия номидан амалдаги қонунчиликда белгиланган тартибда хабар беради, бошқа ҳужжатларни имзолайди ва тақдим этади ёки шундай тадбирларни ўтказиш учун партия номидан ишонч қоғози беради;

- мазкур Уставда белгиланган ваколатлари доирасида Партия Сиёсий Кенгаши қарорларини имзолайди, мазкур Уставга мувофиқ Қурултой баённомаси ва Партиянинг бошқа ҳужжатларидан кўчирмаларни тасдиқлайди, Партия муҳри, штампи, баланкалари, тимсоллари ва реквизитларидан фойдаланади;

- ўзининг қарори билан партия Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосарлари ўртасида хизмат ваколатларини тақсимлайди, уларга Раис йўқ пайтида унинг барча ваколатларидан ёки бир қисмидан фойдаланиш юзасидан топшириқ ва ишонч қоғозлари беради;

- банкда партиянинг ҳисоб рақамларини очади ва ёпади, партия ҳисоб рақамидаги пул маблағларини тасарруф қилади;

- Партиянинг молиявий ва бирламчи ҳисоб ҳужжатларида биринчи имзо ҳуқуқига эга бўлади;

- Партия Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси Марказий аппарати фаолиятига умумий раҳбарлик қилади;

- қонунчиликка мувофиқ равишда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Партиянинг молиявий фаолияти ҳақида йиллик ҳисобот беради;

- Партия номидан партиянинг бошқа юридик шахслар билан муносабатини мувофиқлаштирадиган шартномалар, келишувлар, аризалар ва бошқа ҳужжатларни имзолайди;

- Пленумларни, партия Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси йиғилишларини олиб боради, уларда қабул қилинган қарорларни имзолайди;

- Партия Сиёсий Кенгаши ва Қурултой берган бошқа ваколатларни амалга оширади.

12. СИЁСИЙ КЕНГАШ  ИЖРОИЯ  ҚЎМИТАСИ

12.1. Партия Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси партиянинг марказий ижроия ва мувофиқлаштирувчи органидир. Ижроия Қўмита партия Сиёсий Кенгаши Пленумлари оралиғидаги даврда партия Қурултойи ва Сиёсий Кенгаши унга берган ваколатлар доирасида партиянинг манфаатларини ифода этади ва унинг номидан иш юритади.

12.2. Ижроия Қўмита Сиёсий Кенгаш Пленумида 5 йилга сайланган аъзолардан иборат бўлади.

Партия Сиёсий Кенгаши раиси партия Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси раисидир.

12.3. Ижроия Қўмита мажлислари заруриятга қараб, лекин икки ойда камида бир марта ўтказилади ва унинг аъзолари ярмидан кўпи қатнашган тақдирда ваколатли ҳисобланади.

12.4. Партия Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитасининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари партиянинг барча бошланғич ташкилотлари ва ҳудудий, туман, шаҳар ташкилотлари учун мажбурийдир.

12.5. Партия Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси:

- сиёсий партиялар, давлат, ижтимоий-сиёсий ташкилотлар ва ҳаракатлар билан муносабатларда Партия номидан иш юритади;

- партия Қурултойи ва Сиёсий Кенгашининг Пленумлари қарорлари бажарилишини ташкил этади;

- партия оммавий ахборот воситалари таҳририятларининг аъзоларини тасдиқлайди;

-  партиянинг  муассасаларини,  корхоналарини  ташкил  этади,  уларнинг  уставини  тасдиқлайди,  раҳбарларини  тайинлайди  ва  фаолиятини  назорат  қилади;

- партия рамзий белгилари, шу жумладан, байроғи, эмблемаси (белги), вимпелини ва унинг низомларини тасдиқлайди;

- партия Сиёсий Кенгаши ишчи органи - Партия Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси Марказий  аппаратини тузади, унинг тузилмасини белгилайди ва унга раҳбарлик қилади;

- партия  мулки  ва  маблағларини  амалий  бошқаришни ташкил этади;

- ҳудудий, туман ва шаҳар партия ташкилотларини тузиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш, шунингдек, уларнинг тузилмаси тўғрисида қарор қабул қилади ҳамда ҳудудий туман, шаҳар партия ташкилоти тўғрисидаги Низомни тасдиқлайди;

- бошланғич партия ташкилотлари тўғрисида низом қабул қилади;

- партия Сиёсий Кенгашининг Пленуми ва Ижроия қўмитаси қарорлари, Дастур, белгиланган чора-тадбирлар ва иш режалар ижросини лозим даражада бажармаган, меҳнат ва ички тартиб қоидаларини бузган партия тизимида фаолият олиб бораётган ходимларига нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаши мумкин;

- Партиянинг йиллик иш режасини тасдиқлайди ва унинг бажарилиши юзасидан белгиланган масъуллар ҳисоботини эшитади;

- Партиянинг ҳаражатлар сметаси ва штат жадвалини тасдиқлайди;

- Сиёсий Кенгашнинг навбатдаги ва навбатдан ташқари Пленумлари ҳақида қарорлар қабул қилади, уларнинг ўтказилиш муддати ва кун тартибини белгилайди;

- Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларни саралаш ишлари билан шуғулланади ва улар бўйича партия Қурултойига таклиф тайёрлайди;

- Партия Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси Марказий аппарати ва ҳудудий партия Кенгашлари Ижроия Қўмиталари томонидан партиянинг бюджети ижроси ҳамда моддий ва пул маблағларидан фойдаланиш юзасидан ахборотни эшитади;

- доимий даромадга эга бўлмаган партия аъзолари учун минимал миқдордаги аъзолик бадалини тасдиқлайди.

12.6. Партия Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитасининг мазкур Устав билан белгиланган ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари барча партия аъзолари, партиянинг масъул шахслари ва таркибий бўлинмалари учун мажбурийдир.

13. СИЁСИЙ КЕНГАШ ИЖРОИЯ  ҚЎМИТАСИ МАРКАЗИЙ  АППАРАТИ

13.1. Партия Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси Марказий аппарати партиянинг доимий ишчи органидир. Ижроия Қўмитаси Марказий аппарати партия Устав фаолиятининг ахборот, назорат-таҳлил, социологик тадқиқот, молиявий-хўжалик, ташкилий-кадрлар ишлари юзасидан масъулдир.

13.2. Марказий аппарат ходимларининг меҳнат  фаолияти меҳнат қонунчилигига мувофиқ  ташкил  этилади.

13.3. Марказий аппарат Сиёсий Кенгаш ва унинг Ижроия Қўмитаси қарорларининг бажарилишини таъминлаш бўйича тадбирларни амалга оширади ва уларнинг бажарилиши назоратини олиб боради.

13.4. Партия Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси Марказий аппарати партиянинг мулки ва маблағлари билан боғлиқ ишларни амалга оширади. Партия бюджети бажарилишини таъминлайди.

13.5. Марказий аппарат партиянинг ҳудудий, туман ва шаҳар ташкилотлари билан доимий алоқада бўлиб, уларга ташкилий-партиявий, тарғибот-ташвиқот ва бошқа шунга ўхшаш Устав фаолиятларига тегишли ишларни олиб боришда амалий ёрдам кўрсатади.

13.6. Партия Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси Раиси йўқ пайтларида унинг вазифасини партия Сиёсий Кенгаши Пленумида сайланган ўринбосарларидан бири бажаради.

14. ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ, ВИЛОЯТ, ТУМАН, ШАҲАР ПАРТИЯ ТАШКИЛОТЛАРИ

14.1. Ҳудудий  партия ташкилоти – партиянинг узвий бўғини бўлиб, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри маъмурий ҳудудларида ташкил этилган. Ҳудудий партия ташкилоти партиянинг туман ва шаҳарларда ташкил этилган партия ташкилотларини бошқариш, улар фаолиятини мувофиқлаштириш ва бирлаштириш мақсадида тузилган.

Ҳудудий партия ташкилотини ташкил этиш ва тугатиш тартиблари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳудудий партия ташкилотлари тўғрисидаги Низомда белгиланади.

14.2. Партия Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси қарорига кўра ҳудудий партия ташкилотларига уларнинг белгиланган тартибдаги мурожаатига кўра юридик шахс мақоми берилиши мумкин.

14.3. Ҳудудий Партия ташкилотлари – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, маҳаллий Партия ташкилотлари - туман ва шаҳар партия ташкилотларининг раҳбар органи – Конференциядир. Ҳудудий партия ташкилотининг навбатдаги конференцияси партия Сиёсий Кенгаши Пленуми томонидан белгиланган муддатларда – камида беш йилда бир марта чақирилади. Навбатдан ташқари конференция ҳудудий партия ташкилоти Кенгашининг қарорига, юқори партия органининг таклифига ёки ушбу партия ташкилоти аъзоларининг камида учдан бир қисми талабига биноан чақирилиши мумкин.

14.4. Конференция ваколатлари доирасига қуйидагилар киради:

- тегишли ҳудудий партия Кенгаши аъзолари сонини белгилаш ва уларни 5 йил ваколат муддатига сайлаш (Уставнинг 14.6-бандида кўрсатилган холатлар бундан мустасно);

- ҳудудий партия ташкилоти Назорат-тафтиш комиссияси аъзолари сонини белгилаш ва уларни 5 йил ваколат муддатига сайлаш (Уставнинг 14.6-бандида кўрсатилган холатлар бундан мустасно);

- Партия Қурултойига белгиланган миқдордаги делегатларини сайлаш;

- ҳудудий партия Кенгаши, Назорат-тафтиш комиссияси ҳисоботларини эшитиш ва улар юзасидан қарорлар қабул қилиш;

- Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар Кенгашлари депутатлигига номзодлар кўрсатиш (Уставнинг 14.6-бандида кўрсатилган холатлар бундан мустасно);

- Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар Кенгашларидаги партия депутатлари гуруҳлари ҳисоботларини эшитиш ва улар юзасидан қарорлар қабул қилиш;

- тегишли ҳудудий партия ташкилоти фаолиятининг устувор йўналишларини белгилаш;

- ҳудудий партия ташкилоти фаолиятининг бошқа муҳим масалаларини кўриб чиқиш.

14.5. Ҳудудий партия ташкилотининг конференциялари оралиғида конференцияда
5 йилга сайланган ҳудудий партия Кенгаши ташкилотнинг раҳбар органи бўлиб ҳисобланади, унинг манфаатларини ифодалайди ва унинг номидан иш юритади.

  Партия Кенгашларига сайлаш учун меъёр, тегишли Кенгаш Пленуми томонидан ҳудудий партия ташкилоти конференциясини чақириш тўғрисидаги қарорни қабул қилиш билан бир вақтда белгиланади.

  Ҳудудий партия Кенгашлари Пленумлари заруриятга қараб, аммо ҳар йили камида икки марта ўтказилади. Пленумларда Кенгаш аъзоларининг ярмидан кўпроғи иштирок этганда, у томонидан қабул қилинган қарорлар қонуний кучга эга бўлади.

14.6. Ҳудудий партия Кенгаши ўз Пленумларида:

- ўзининг таркибидан Кенгаш раиси ва раис ўринбосарларини сайлайди, зарур бўлган ҳолларда конференцияда сайланган ҳудудий партия Кенгаши, Назорат-тафтиш комиссияси аъзолари таркибини қисман янгилайди;

- ҳудудий партия ташкилоти фаолиятига доир молиявий ҳужжатларни имзолаш ҳуқуқини раисга ёки унинг ўринбосарларидан бирига юклайди;

- ҳудудий партия Кенгаши Ижроия Қўмитаси аъзолари сонини белгилайди ва уларни сайлайди ҳамда унинг асосий фаолият йўналишларини белгилайди;

- ҳудудий партия Кенгаши Ижроия Қўмитаси ҳисоботини тинглайди ва унга кўрсатмалар беради;

- тегишли давлат ҳокимияти маҳаллий вакиллик органларидаги партия депутатлик гуруҳининг ва (ёки) депутатининг ҳисоботини эшитади;

- халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳлари фаолиятини мувофиқлаштиради;

- конференциялар оралиғида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларида бўшаб қолган депутатлик ўринларига номзодлар кўрсатади;

- партия Сиёсий Кенгашининг Пленуми ва Ижроия қўмитаси қарорлари, Дастур, белгиланган чора-тадбирлар ва иш режалар ижросини лозим даражада бажармаган, меҳнат ва ички тартиб қоидаларини бузган туман, шаҳар партия ташкилоти раҳбарларини эгаллаб турган лавозимидан озод этиш ҳақида қарорлар қабул қилиши мумкин. Қабул қилинган қарор туман, шаҳар партия ташкилоти Кенгаши тасдиғига киритилади;

- ҳудудий партия ташкилоти конференцияси томонидан берилган бошқа ваколатларни амалга оширади.

14.7 Ҳудудий партия Кенгаши раиси бир пайтнинг ўзида ҳудудий партия Кенгаши Ижроия Қўмитаси раиси ҳисобланади.

Ҳудудий партия Кенгаши раиси йўқлигида унинг вазифаларини ўринбосарларидан бири бажаради.

14.8. Ҳудудий партия Кенгашларининг Ижроия Қўмиталари ҳудудий партия ташкилотларининг мувофиқлаштирувчи органидир.

Ҳудудий партия Кенгашлари Пленумлари оралиғида Ижроия Қўмита, унга берилган ваколатлар доирасида, қайд этилган ҳудудий партия ташкилотларининг манфаатларини ифода этади, унинг номидан иш юритади.

Ҳудудий Партия Кенгашларининг Ижроия Қўмиталари ҳудудий партия Кенгашининг Пленумида 5 йилга сайланган Кенгаш раиси, раис ўринбосарлари ва Ижроия Қўмитанинг бошқа аъзоларидан ташкил топади. Ушбу Ижроия Қўмитанинг мажлислари заруриятга қараб ўтказилади ва уларда ижроқўм аъзоларининг ярмидан кўпи қатнашган ҳолда мажлис қарорлари қонуний кучга эга бўлади.  

14.9. Ҳудудий партия Кенгаши Ижроия Қўмитаси ўз мажлисида:

- маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат, нодавлат нотижорат ташкилотлари билан муносабатларда ҳудудий партия ташкилоти номидан ҳамкорлик йўналишларини белгилайди, ҳамкорлик ҳужжатларини қабул қилади;

- ҳудудий партия ташкилоти конференцияси ва ҳудудий партия ташкилоти Кенгаши Пленумлари қарорлари бажарилишини ташкил этади;

- ҳудудий партия ташкилотининг корхоналарини  ташкил  этади,  уларнинг  уставини  тасдиқлайди,  раҳбарларини  тайинлайди  ва  фаолиятини  назорат  қилади;

- ҳудудий партия ташкилоти Кенгаши ишчи органи – ҳудудий партия Кенгаши Ижроия Қўмитаси  аппаратини тузади ва унга раҳбарлик қилади;

- ҳудудий партия ташкилоти мулки  ва  маблағларини  амалий  бошқаришни ташкил этади;

- ҳудудий партия ташкилотининг йиллик иш режасини тасдиқлайди ва унинг бажарилиши юзасидан белгиланган масъуллар ҳисоботини эшитади;

- ҳудудий партия ташкилоти Кенгашининг навбатдаги ва навбатдан ташқари Пленумлари ҳақида қарорлар қабул қилади, уларнинг ўтказилиш муддати ва кун тартибини белгилайди;

- тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўғорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар Кенгашлари депутатлигига номзодларни саралаш ишлари билан шуғулланади ва улар бўйича партия конференциясига ёки Пленумига таклиф тайёрлайди.

14.10. Ҳудудий партия Кенгашлари Ижроия Қўмиталарининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари барча қуйи ташкилотлар ва партия аъзолари учун мажбурийдир.

14.11. Туман, шаҳар партия ташкилоти – Партиянинг туман ва шаҳарларда ташкил этилган таркибий бўлинмасидир. Туман, шаҳар партия ташкилоти бошланғич партия ташкилотларининг фаолиятини бошқариш, мувофиқлаштириш ва бирлаштириш мақсадида ташкил этилади. Туман, шаҳар партия ташкилоти ўз фаолиятини тегишли маъмурий-ҳудудий тузилма доирасида амалга оширади.

Туман, шаҳар партия ташкилотларининг юридик шахс сифатида фаолият юритиш масаласи ҳудудий партия Кенгаши Ижроия Қўмитаси қарори билан ҳал этилади.

14.12. Партиянинг юқори турувчи раҳбар органлари – Партия Сиёсий Кенгаши ва унинг Ижроия Қўмитаси ҳудудий, туман, шаҳар, бошланғич партия ташкилотларининг қарорларини бекор қилиш ёки уларнинг ижро этилишини тўхтатиб туришга ҳақлидир.

14.13. Туман, шаҳар партия ташкилотини ташкил этиш ва тугатиш тартиблари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари туман, шаҳар партия ташкилотлари тўғрисидаги Низомда белгиланади.

14.14. Туман, шаҳар партия ташкилотининг раҳбар органи унинг ҳисобот-сайлов Конференциясидир. Ташкилотнинг ҳисобот-сайлов Конференцияси туман, шаҳар партия ташкилоти Кенгаши томонидан беш йилда камида бир марта чақирилади.

14.15. Туман, шаҳар партия ташкилотининг навбатдан ташқари Конференцияси туман, шаҳар партия ташкилотининг Кенгаши таклифига кўра ёки туман, шаҳар партия ташкилоти аъзолари учдан бир қисмининг талабига биноан туман, шаҳар партия ташкилоти Кенгаши қарори билан чақирилади.

14.16. Туман, шаҳар партия ташкилоти Конференциясининг ваколатлари қуйидагилардан иборат:

- партиянинг дастурий мақсадлари, партия Қурултойи, Сиёсий Кенгаши, Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси, тегишли ҳудудий партия ташкилотининг қарорларидан келиб чиқадиган вазифаларни бажариш юзасидан чора-тадбирларни белгилаш;

- туман, шаҳар партия ташкилоти Кенгаши, Назорат-тафтиш комиссияси ҳисоботларини эшитиш ва улар бўйича қарорлар қабул қилиш;

- Халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи ҳисоботларини эшитиш ва унга кўрсатмалар бериш;

- туман, шаҳар партия ташкилоти Кенгаши, Назорат-тафтиш комиссияси аъзолари сонини белгилаш ва уларни5 йил ваколат муддатига сайлаш(Уставнинг 14.20-бандида кўрсатилган холатлар бундан мустасно);

- Халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгаши депутатлигига белгиланган тартибда номзодлар кўрсатиш (Уставнинг 14.20-бандида кўрсатилган холатлар бундан мустасно);

- тегишли юқори ҳудудий партия ташкилоти Конференциясига делегатларни сайлаш;

- халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи ва аъзоларининг ҳисоботларини эшитиш;

- партия Уставида белгиланган бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

14.17. Туман, шаҳар партия ташкилоти Кенгаши 5 йилга сайланади ва тегишли туман, шаҳар партия ташкилотининг Конференциялари орасидаги даврда раҳбар орган ҳисобланади, унинг манфаатларини ифода этади ва унинг номидан иш кўради.

14.18. Туман, шаҳар партия ташкилоти Кенгашининг мажлислари зарур бўлган ҳолларда, лекин бир йилда камида икки марта ўтказилади. Туман, шаҳар партия ташкилоти Кенгашининг қарорлари ҳисобдор партия органлари учун мажбурийдир. Алоҳида ҳолларда, мазкур Уставда белгиланган ҳолатларда Кенгашнинг қарорлари тегишли ҳудудий партия ташкилоти томонидан тасдиқланганидан кейин кучга киради.

14.19. Туман, шаҳар партия ташкилотининг жорий фаолиятига раҳбарлик қилиш учун туман, шаҳар партия ташкилотининг Кенгаши Пленумида унинг таркибидан тегишли Кенгашнинг Раиси ва унинг ўринбосарлари сайланади.

Туман, шаҳар партия ташкилотининг Кенгаши Раиси бир пайтнинг ўзида туман, шаҳар партия Кенгаши Ижроия Қўмитаси раиси ҳисобланади. Раис йўқлигида унинг вазифасини ўринбосарларидан бири бажаради.

Ҳудудий, туман ва шаҳар партия ташкилотларини ташкил этиш, тугатиш тартиби ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шу жумладан мол-мулкни бошқариш борасидаги ҳуқуқлари уларнинг низомларида белгиланади.

14.20. Туман, шаҳар партия ташкилоти Кенгаши:

- туман, шаҳар партия ташкилоти Конференциясини чақириш ва ўтказишни ташкил этади;

- Конференциялар оралиғида халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашлари депутатлигига номзодлар кўрсатади;

- туман, шаҳар партия ташкилоти Кенгаши Ижроия Қўмитаси аъзолари сонини белгилайди ва уларни сайлайди;

- ўзининг таркибидан Кенгаш раиси ва раис ўринбосарларини сайлайди, зарур бўлган ҳолларда конференцияда сайланган партия Кенгаши, Назорат-тафтиш комиссияси аъзолари таркибини қисман янгилайди;

- туман, шаҳар партия ташкилоти фаолиятига доир молиявий ҳужжатларни имзолаш ҳуқуқини раисга ёки унинг ўринбосарларидан бирига юклайди;

- партия раҳбар органларининг қарорларини бажаришни ташкил этади;

- партия иштирок этадиган сайлов кампанияларининг ўтказилиши учун масъул бўлади, партиянинг кузатувчи ва ваколатли вакиллари рўйхатини шакллантиради;

- партиядан барча даражадаги давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатлигига кўрсатилган номзодларнинг ҳамда депутатларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этади;

- партиянинг ходимлари ва фаоллари малакасини ошириш ишларини ташкил этади;

- тегишли ҳудуддаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, сиёсий партиялар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорликни амалга ошириш доирасида махсус дастурлар ва режаларнинг қабул қилиниши ва бажарилишини таъминлайди;

- тегишли туман, шаҳар бўйича партия аъзоларининг ҳисобга олинишини ташкил этади;

- бошланғич партия ташкилотининг тузилиши тўғрисида қарор қабул қилади;

- туман, шаҳар партия ташкилоти сметасининг лойиҳасини ишлаб чиқади ва юқори турувчи партия ташкилотига тасдиқлаш учун тақдим этади;

- партия аъзолик бадаллари келиб тушишининг ҳисобини ташкил этади;

- Халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳининг  фаолиятини мувофиқлаштиради, уларнинг ҳисоботларини эшитади ва тегишли қарорлар қабул қилади;

- конференциялар оралиғида туман, шаҳар партия ташкилоти Кенгаши ва Назорат-тафтиш комиссияси аъзолари таркибига қисман ўзгартириш киритади;

- туман, шаҳар партия ташкилоти Конференцияси томонидан берилган бошқа ваколатларга ҳам эга бўлиши мумкин.

14.21. Туман, шаҳар партия ташкилоти Кенгашининг Ижроия Қўмитаси тегишли туман, шаҳар партия ташкилотининг доимий ишловчи органидир.

Туман, шаҳар партия ташкилоти Кенгаши мажлисларининг орасидаги даврда Ижроия Қўмита ўзига берилган ваколатлар доирасида тегишли туман, шаҳар партия ташкилотининг манфаатларини ифода этади ва унинг номидан иш кўради.

14.22. Туман, шаҳар партия ташкилоти Кенгашининг Ижроия Қўмитаси:

- партия раҳбар органларининг қарорлари бажарилишини ташкил этади ва шу мақсадда бошланғич партия ташкилотларининг фаолиятини мувофиқлаштиради;

- партия аъзолигига қабул қилиш тўғрисида қарор қабул қилади;

- партия аъзоларининг ҳисоби, аъзоликка қабул қилиш, аъзоликнинг тўхтатиб турилиши ва аъзоликдан чиқариш юзасидан чораларнинг амалга оширилишини таъминлайди;

- маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат, нодавлат нотижорат ташкилотлари билан муносабатларда туман, шаҳарпартия ташкилоти номидан ҳамкорлик йўналишларини белгилайди, ҳамкорлик ҳужжатларини қабул қилади;

- туман, шаҳарпартия ташкилоти конференцияси ва туман, шаҳар партия ташкилоти Кенгаши Пленумлари қарорлари бажарилишини ташкил этади;

- туман, шаҳар партия ташкилоти Кенгаши ишчи органи – туман, шаҳар партия Кенгаши Ижроия Қўмитаси  аппаратини тузади ва унга раҳбарлик қилади;

- туман, шаҳар партия ташкилоти мулки  ва  маблағларини  амалий  бошқаришни ташкил этади, шунингдек, мулки ва маблағлари юзасидан  раҳбар органларига белгиланган тартибда ҳисобот бериб борилишини ташкил этади;

- туман, шаҳар партия ташкилотининг йиллик иш режасини тасдиқлайди ва унинг бажарилиши юзасидан белгиланган масъуллар ҳисоботини эшитади;

- туман, шаҳар партия ташкилоти Кенгашининг навбатдаги ва навбатдан ташқари Пленумлари ҳақида қарорлар қабул қилади, уларнинг ўтказилиш муддати ва кун тартибини белгилайди;

- халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашлари депутатлигига номзодларни саралаш ишлари билан шуғулланади ва улар бўйича партия конференциясига ёки Пленумига таклиф тайёрлайди.

- туман, шаҳар партия ташкилоти Кенгаши томонидан берилган бошқа ваколатларни амалга оширади.

14.23. Туман, шаҳар партия ташкилоти Кенгаши Ижроия Қўмитаси ўз ваколатларига кирувчи масалалар бўйича туман, шаҳар партия ташкилоти Кенгашининг Раиси ёки унинг ўринбосарлари томонидан имзоланадиган қарорлар қабул қилади.

Туман, шаҳар партия ташкилоти Кенгаши Ижроия Қўмитасининг қарорлари бошланғич партия ташкилотлари учун мажбурийдир.

14.24. Туман, шаҳар партия ташкилоти Кенгашининг раиси:

- туман, шаҳар партия ташкилотининг жорий фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади;

- туман, шаҳар партия ташкилоти Кенгаши ва унинг Ижроия Қўмитаси мажлисларини олиб боради, ушбу мажлисларнинг қарорларини имзолайди;

- Партия аъзоларининг ҳисоби, аъзоликка қабул қилиш, аъзоликнинг тўхтатиб турилиши ва аъзоликдан чиқариш юзасидан чораларни амалга оширади;

- ҳудудий партия ташкилоти, туман, шаҳар партия ташкилотининг Конференцияси, Кенгаши ва Кенгаш Ижроия Қўмитаси томонидан берилган бошқа ваколатларни амалга оширади.

15. ПАРТИЯ НАЗОРАТ ОРГАНИ

15.1. Партия раҳбар ва ижроия органлари фаолиятини назорат қилиш уларнинг вақти-вақти билан тегишли партия ташкилотлари ва юқори партия органлари олдида ҳисобот беришлари билан таъминланади.

15.2. Партия раҳбар органлари ва ташкилотларининг молиявий-хўжалик фаолияти, партия бюджетининг тўғри шаклланиши ҳамда маблағларнинг сарфланиши устидан назорат Партия Марказий Назорат-тафтиш комиссияси (МНТК) ва ҳудудий, туман ва шаҳар партия ташкилотларининг Назорат-тафтиш комиссиялари томонидан амалга оширилади.

16. МАРКАЗИЙ НАЗОРАТ-ТАФТИШ  КОМИССИЯСИ

16.1. Партия Марказий Назорат-тафтиш комиссияси партиянинг марказий назорат органи бўлиб, Партия Сиёсий Кенгаши ва унинг Ижроия Қўмитаси, Марказий аппарат, қуйи партия ташкилотлари молиявий-хўжалик фаолияти ва партия бюджетининг тўғри шакллантирилиши ҳамда сарфланиши устидан назорат олиб боради.

16.2. Партия Марказий Назорат-тафтиш комиссияси партиянинг Қурултойида сайланади. Қурултойлар оралиғида зарурат туғилиб қолган ҳолларда Марказий Назорат-тафтиш комиссияси таркиби Сиёсий Кенгаш Пленумида қисман янгиланиши мумкин.

16.3. Партия Марказий Назорат-тафтиш комиссияси аъзоси бир вақтнинг ўзида Партия Сиёсий Кенгаши ва Ижроия қўмитаси аъзоси бўлиши мумкин эмас.

16.4. Партия Марказий Назорат-тафтиш комиссияси ўз фаолиятида партия Уставига ва партия Қурултойида тасдиқланган Партия Марказий Назорат-тафтиш комиссияси Низомига амал қилади.

16.5. Ҳудудий, туман ва шаҳар партия ташкилотлари Назорат-тафтиш комиссиялари фаолияти тартиби ҳудудий, туман ва шаҳар партия ташкилотлари Низомида белгиланади.

Ҳудудий, туман ва шаҳар партия ташкилотлари Назорат-тафтиш комиссиялари Партия Марказий Назорат-тафтиш комиссияси, ҳудудий, туман ва шаҳар партия ташкилотлари конференциялари олдида ҳисобдордир.

17. ОДОБ-АХЛОҚ ҚОИДАЛАРИ

17.1. Партия аъзолари Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси томонидан тасдиқланадиган Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этишлари лозим. 

17.2. Ўзбекистон “Адолат” СДП Одоб-ахлоқ комиссияси

17.2.1. Комиссия партия аъзоси, ходимлари ҳамда маҳаллий кенгашларга партиядан сайланган депутатлар томонидан Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этишини назорат қилиш, уларнинг ахлоқ нормаларига зид бўлган хатти-ҳаракатларини олдини олиш ва Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш билан боғлиқ низоларни кўриб чиқиш мақсадида тузилади.

17.2.2. Комиссия раиси, котиби ва аъзоларидан иборат бўлиб, умумий сони ўн бир нафардан кам бўлмаслиги ва тоқ сонда бўлиши лозим.

17.2.3. Комиссия таркибига тажрибали, партиявий фаолиятда обрў-эътиборга сазовор бўлган партия фаоллари киритилади.

17.2.4. Комиссия таркиби Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси қарори билан тасдиқланади ва доимий равишда фаолият юритади.

17.2.5. Комиссиянинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

- партия аъзоси, ходимлари ҳамда маҳаллий кенгашларга партиядан сайланган депутатларнинг партиявий Одоб-ахлоқ қоидаларини ишлаб чиқиш;

- партия аъзоси, ходимлари ҳамда маҳаллий кенгашларга партиядан сайланган депутатлар томонидан Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши масалаларини кўриб чиқиш, хизмат текширувларини ўтказиш;

- партия аъзоси, ходимлари ҳамда маҳаллий кенгашларга партиядан сайланган депутатлар ўртасида ахлоқ нормаларига зид бўлган хатти-ҳаракатларнинг олдини олишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

- партия аъзоси, ходимлари ҳамда маҳаллий кенгашларга партиядан сайланган депутатларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш;

- партия аъзоси, ходимлари ҳамда маҳаллий кенгашларга партиядан сайланган депутатларнинг Одоб-ахлоқ қоидаларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

- партия аъзоси, ходимлари ҳамда маҳаллий кенгашларга партиядан сайланган депутатлар томонидан Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши ҳолатини таҳлил қилиш, натижалари ҳақида партия раҳбарияти ва жамоатчиликни хабардор қилиб бориш.

17.2.6. Комиссия ўз ваколатлари доирасида:

- партия аъзоси, ходимлари ҳамда маҳаллий кенгашларга партиядан сайланган депутатлар томонидан Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади;

- партия аъзоси, ходимлари ҳамда маҳаллий кенгашларга партиядан сайланган депутатлар томонидан Одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилиши билан боғлиқ масалалар юзасидан хулосалар тайёрлайди;

- партия аъзоси, ходимлари ҳамда маҳаллий кенгашларга партиядан сайланган депутатларнинг Одоб-ахлоқ қоидалари билан боғлиқ масалаларини кўриб чиқиш жараёнида зарур ахборотни сўраб олади;

- кўриб чиқиш учун киритилган масалаларни ҳал этиш учун Комиссия мажлисларига экспертлар ва мутахассисларни жалб қилади;

- Одоб-ахлоқ қоидаларига оид масалалар юзасидан партия аъзоси, ходимлари ҳамда маҳаллий кенгашларга партиядан сайланган депутатларга тегишли маслаҳат ва тушунтиришлар беради;

- зарур ҳолларда, Комиссияда кўриб чиқилган масалалар бўйича давлат хизматчисини интизомий жавобгарликка тортиш юзасидан тегишли партия ташкилоти раҳбарига таклиф киритади.

17.2.7. Ўзбекистон “Адолат” СДП Одоб-ахлоқ комиссияси ўз фаолиятини ушбу қоидалар ва Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси томонидан тасдиқланадиган алоҳида Низом талаблари асосида амалга оширади.

17.3. Партия ҳудудий Кенгашлари ҳузуридаги Одоб-ахлоқ комиссияси

17.3.1. Комиссия партия аъзоси, ходимлари ҳамда маҳаллий кенгашларга партиядан сайланган депутатлар томонидан Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этишини назорат қилиш, уларнинг ахлоқ нормаларига зид бўлган хатти-ҳаракатларини олдини олиш ва Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш билан боғлиқ низоларни кўриб чиқиш мақсадида тузилади.

17.3.2. Ҳудудий партия ташкилотларида комиссия Комиссия раиси, котиби ва аъзоларидан иборат бўлиб, умумий сони 7 нафардан кам бўлмаслиги ва тоқ сонда бўлиши лозим.

17.3.3. Комиссия таркиби партия ҳудудий Кенгашлари қарори билан тасдиқланади ва доимий равишда фаолият юритади.

17.3.4. Комиссияларнинг асосий вазифалари ва функциялари Ўзбекистон “Адолат” СДП Одоб-ахлоқ комиссияси тўғрисидаги Низомда белгиланган бўлиб, Комиссиялар партия Устави ва Ўзбекистон “Адолат” СДП аъзоларининг Одоб-ахлоқ қоидаларида белгиланган талаблар доирасида фаолият олиб боради.

18. ПАРТИЯНИНГ САЙЛОВЛАРДАГИ ИШТИРОКИ   ВА  ПАРТИЯ ДЕПУТАТЛИК  БИРЛАШМАЛАРИ ФАОЛИЯТИ

18.1. Партия ўзининг сиёсий фаолиятини Олий Мажлис  Қонунчилик  палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда халқ  депутатлари  вилоят,  шаҳар  ва туман Кенгашлари  орқали амалга оширади.

18.2. Партия ўзининг аъзоларини, шунингдек, хайрихоҳларини Ўзбекистон Республикаси Президентлигига, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўладиган сайловлар вақтида номзодлар этиб кўрсатади ва давлат ҳокимияти вакиллик органларининг барча бўғинларида иштирок этади. Номзодларнинг сайланиши учун қонунга биноан йўл-йўриқлар кўрсатиб, уларни қўллаб-қувватлайди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига партиядан кўрсатилаётган номзодлар партия Сиёсий Кенгаши томонидан партия Қурултойига ёки партия Сиёсий Кенгаши Пленумига кўриб чиқиш учун тақдим этилади.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга партиядан кўрсатилаётган номзодлар  тегишинча ҳудудий, туман, шаҳар партия Кенгашлари томонидан ҳудудий, туман, шаҳар партия конференцияларига ёки ҳудудий, туман, шаҳар партия Кенгашлари Пленумларига кўриб чиқиш учун тақдим этилади.

18.3. Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловларида партиянинг иштироки тўғрисидаги қарор, сайлов кампанияси эълон қилингандан кейин қонунда кўрсатилган муддатларда партия Сиёсий Кенгаши ёки тегишли ҳудудий Кенгашлар томонидан партия Сиёсий Кенгаши билан келишилган ҳолда қабул қилинади.

18.4. Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган депутатлар партия фракциясини ташкил этиб, қонун чиқарувчи органда партия сиёсатини амалга оширадилар.

18.5. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси партия Қурултойлари, Сиёсий Кенгаш Пленумлари қоидаларига амал қилиб, улар олдида ўз ишлари юзасидан белгиланган тартибда ҳисобот беради.

18.6. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси бошқа сиёсий партияларнинг фракциялари билан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига зид бўлмаган айрим масалалар бўйича ҳамкорликда иш кўришлари ҳамда блок тузишлари, янгидан шакллантирилган ҳукуматнинг тутган йўли ва дастурига ёки унинг айрим йўналишларига ўзини мухолифат деб эълон қилиши мумкин.

18.7. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳлари ўз фаолиятларини партия дастурий ҳужжатлари, тегишли ҳудудий партия ташкилотлари конференциялари томонидан белгиланган вазифалари, юқори партия органлари қарорлари ва кўрсатмалари, тегишли ҳудудий партия Кенгашлари тавсиялари асосида ташкил этадилар.

18.8. Партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари раиси тегишли халқ депутатлари Кенгашига депутат этиб сайланганида партия Кенгаши пленуми томонидан мазкур халқ депутатлари Кенгашидаги партия гуруҳига раҳбарликка тавсия этилиши мумкин.

18.9. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳлари фаолиятлари партиянинг тегишли Кенгашлари ва уларнинг Ижроия Қўмиталари томонидан мувофиқлаштирилади.

18.10. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракциясининг, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳларининг кундалик ва истиқболдаги ишлари режалари Сиёсий Кенгашнинг ҳамда тегишли ҳудудий, туман ва шаҳар Кенгашлари режаларининг ажралмас қисмидир.

18.11. Сиёсий Кенгаш, Сиёсий Кенгаш Ижроия Қўмитаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳлари раҳбарларининг ҳамда алоҳида депутатларнинг партиянинг у ёки бу дастурий йўналишлари бўйича фаолиятлари юзасидан маълумотларини тинглашга ҳақли.

18.12. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, туман ва шаҳар партия Кенгашлари, шунингдек, уларнинг Ижроия қўмиталари партиянинг у ёки бу дастурий йўналишлари бўйича фаолиятлари юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳлари раҳбарлари ва (ёки) депутатларнинг ахборотларини тинглашга ҳақли.

18.13. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракциясининг раҳбари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳларининг раҳбарлари ва (ёки) депутатлари фракция, партия гуруҳлари фаолияти ҳақида тегишли партия органига йиллик ҳисобот беришлари мажбурийдир.

18.14. Партия ва унинг ҳудудий, туман, шаҳар Кенгашлари Ижроия Қўмиталари партия депутатларига ва депутатлик бирлашмаларига уларнинг фаолиятида ҳар томонлама кўмак беришлари лозим.

19. ПАРТИЯНИНГ БОШҚА СИЁСИЙ ПАРТИЯЛАР ВА  НОДАВЛАТ  НОТИЖОРАТ ТАШКИЛОТЛАРИ БИЛАН ҲАМКОРЛИГИ

19.1. Партия Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳаракат қилувчи бошқа сиёсий партиялар ва нодавлат нотижорат ташкилотлари (жамоат бирлашмалари, ҳаракатлар, жамғармалар ва ҳоказолар) билан ҳамкорликда ҳаракат қилиши мумкин. У бошқа сиёсий партиялар билан иттифоқ (блок) тузиши ёки бошқа шартномавий муносабатлар ўрнатиши мумкин.

19.2. Бошқа сиёсий партиялар, ҳаракатлар билан иттифоқ (блок) тузиш тўғрисидаги қарор партия Қурултойи ёки Сиёсий Кенгаши Пленумида  қабул қилиниши лозим. Сиёсий партиялар ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан бошқа турдаги муносабатлар тўғрисида тузилган шартнома ва битимлар ҳақида Сиёсий Кенгаш Пленумига ахборот берилади.

19.3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги партия фракциясининг бошқа сиёсий партиялар билан блоклар тузиш, умумий нуқтаи назар бўйича келишувлари ёки уларга нисбатан мухолифатда бўлишлари тўғрисидаги қарорлари Сиёсий Кенгаш Пленумида ёки Сиёсий Кенгаш Ижроия Қўмитаси мажлисида кўриб чиқилади.

19.4. Партия ҳудудий ташкилотлари – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, туман ва шаҳар ташкилотлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳаракат қилувчи сиёсий партиялар, жамоат бирлашмалари, жамғармалар ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳудудий ташкилотлари билан шартнома, келишув, битим тузиб,  муносабатлар ўрнатишлари мумкин. Шартнома ва битимлар Партия ҳудудий ташкилоти номидан тегишли ҳудудий партия Кенгаши раиси томонидан имзоланади. Ҳудудий партия ташкилотларининг ҳамкорлик ҳақида тузган шартнома ва битимлари Сиёсий Кенгаш Ижроия Қўмитаси билан келишилади ва шу ҳудудий партия ташкилоти Кенгаши Пленумида тасдиқланади.

19.5. Партия демократик характердаги чет мамлакатлар партиялари ва оммавий ҳаракатлари билан маданият, фан, техника ва сиёсий бўлмаган бошқа соҳаларда ҳамкорлик қилиш, улар билан тажриба алмашиш ҳуқуқига эгадир.

20. ПАРТИЯНИНГ МОЛИЯВИЙ МАБЛАҒЛАРИ  ВА  МУЛКИ

20.1. Партиянинг пул маблағлари партияга аъзолик бадалларидан, Ўзбекистон Республикаси юридик ва жисмоний шахслари хайрияларидан, давлат бюджетидан ажратилган маблағлардан, шунингдек, ноширлик, тадбиркорлик фаолиятидан келадиган даромадлар ва қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа тушумлардан ташкил топади.

Бу маблағлар партиянинг Уставида назарда тутилган вазифаларни бажариш учун сарфланади.

20.2. Бинолар, иншоотлар, асбоб-ускуналар, нашриётлар, транспорт воситалари, шунингдек, партиянинг уставида назарда тутилган вазифаларни амалга ошириш учун зарур бошқа мол-мулк Партия мулки бўлиши мумкин.

20.3. Партия Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, туман ва шаҳар партия ташкилотлари Кенгашлари, бошқа корхона ва муассасалари ўз ихтиёридаги мустақил балансида ҳисобга олинадиган алоҳида мол-мулкка, банк муассасаларида ҳисоб рақамига, ўз номи туширилган мухрга эга бўлишлари, ўз номидан мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларни олишлари ва амалга оширишлари, судда ўз зиммаларига мажбурият олишлари, жавобгар ва даъвогар бўлишлари мумкин.

20.4. Аъзолик бадалларини ўз вақтида ва мунтазам тўлаб бориш ҳар бир Партия аъзосининг асосий партиявий мажбуриятларидан биридир.

Қайд этилган барқарор даромадга эга бўлган Партия аъзолари ҳар ойда партия Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси томонидан белгиланган миқдорда аъзолик бадалларини тўлайди.

Чекланган даромадга эга бўлган Партия аъзолари (пенсионер, талаба ва шу кабилар)нинг аъзолик бадаллари миқдори ҳар йилнинг бошида Сиёсий Кенгаш Ижроия Қўмитаси томонидан белгиланади.

20.5. Партия аъзолик бадалларидан тушадиган маблағлар Партия Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси томонидан тасдиқланган Низомга мувофиқ Сиёсий Кенгаш Ижроия Қўмитаси Марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, туман, шаҳар партия ташкилотлари Кенгашлари ҳисоб рақамларига туширилади.

20.6. Туман, шаҳар Партия ташкилотлари Кенгашлари тасарруфларидаги бошланғич Партия ташкилотлари мурожаатига асосан ҳудудий Партия ташкилоти Кенгаши билан келишилган ҳолда ўз қарорлари билан моддий аҳволи туфайли Партияга аъзолик бадалларини тўлай олмайдиган Партия аъзоларини бадал тўлашдан муайян муддатга озод этишлари мумкин.

20.7. Ҳудудий партия ташкилотларининг аъзолик бадалларидан тушадиган ойлик ва йиллик маблағлари режаси ҳудудларнинг партия аъзолари сонидан ва уларнинг ижтимоий шароитидан келиб чиққан ҳолда Сиёсий Кенгаш Ижроия Қўмитаси томонидан белгиланади.

Ҳудудий партия ташкилотлари Кенгашлари томонидан аъзолик бадаллари тушумларининг 10 фоизи ҳар ойда Партия Сиёсий Кенгаш Ижроия Қўмитаси Марказий аппаратининг ҳисоб рақамига ўтказилади.

Аъзолик бадалларидан тушадиган маблағларнинг қолган қисми Партия Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси томонидан тасдиқланган ҳудудий Партия ташкилоти Кенгашлари, туман ва шаҳар Партия ташкилотлари Кенгашларининг харажатлар сметаси асосида  мазкур ташкилотларнинг устав фаолиятини молиялаштиришга сарфланади.

20.8. Партиянинг йиллик бюджети – Партиянинг даромадлари ва харажатларидан ташкил топади. Партиянинг йиллик даромади жорий йил мобайнида кириш ва аъзолик бадаллари, хайрия ёрдами, Давлат бюджетидан ажратилган ва қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа фаолият турларидан тушадиган маблағлардан шаклланиб, даромадлар сметасида ўз аксини топади. Партиянинг жорий йилдаги марказий ва ҳудудий органлари ҳамда ташкилотлари устав фаолиятини таъминлаш учун харажат соҳалари бўйича тақсимланган маблағлари харажатлар сметасида мужассамлашади.

Партия ташкилотлари аъзоларининг аъзолик бадаллари маблағларидан, давлат бюджети тушумлари ва бошқа манбалардан шаклланган Партиянинг даромадидан ҳамда Партия харажатлар сметасидан ташкил топган Партиянинг йиллик бюджети ҳар йили Партия Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси томонидан тасдиқланади.

Партия бюджетининг ижроси, Партия органлари ва ташкилотларига ажратилган ҳамда улар томонидан фойдаланилган маблағлар тўғрисидаги ҳисобот ҳар йили Партия Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитасида кўриб чиқилиб, партия Сиёсий Кенгаши Пленуми тасдиғига киритилади ва бу ҳақдаги Пленум қарори партия аъзоларига етказилади.

20.9. Ҳудудий  партия  ташкилотлари  бюджетлари  ва  уларнинг  ижроси ҳақидаги ҳисоботлар  тегишли  ҳудудий  Партия  Кенгашлари  Пленумларида тасдиқланади  ва  қуйи  партия  ташкилотлари  ва  Партия  аъзоларига  маълум  қилинади.

20.10. Партия мол-мулкини ва пул маблағларини жорий бошқариш Сиёсий Кенгаш Ижроия Қўмитаси Марказий аппарати томонидан амалга оширилади.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, туман, шаҳар партия ташкилотлари мол-мулкини ва пул маблағларини жорий бошқариш вазифаси, қоида тариқасида, тегишли Кенгаш раиси ёки (Кенгаш қарори билан) раис ўринбосарларидан бирининг зиммасига юклатилади.

Партия корхоналари ва муассасаларининг мол-мулклари ва пул маблағлари уларнинг Уставлари ва Низомларига асосланган ҳолда уларнинг раҳбарлари томонидан бошқарилади.

20.11. Бошланғич партия ташкилотлари партия Уставида белгиланган ишларни амалга оширишда тегишли Партия Кенгашларининг қарори билан Партияга ўтказилаётган маблағлар ва мулклардан фойдаланишлари мумкин.

21. ПАРТИЯ ФАОЛИЯТИНИ ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ТУГАТИШ ТАРТИБИ

21.1. Партияни қайта ташкил этиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Қурултой қарорига биноан амалга оширилади.

Партия фаолиятини тугатиш ушбу Уставда ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Қурултой қарорига биноан ёки Олий суд қарори асосида амалга оширилади. Партияни қайта ташкил этиш ёки фаолиятини тугатиш тўғрисидаги қарор Партия Қурултойида унинг барча ташкилотлари фикри ҳисобга олинган ҳолда қабул қилинади. Бу қарор Қурултойда делегатларнинг учдан икки қисми ёқлаб овоз берган тақдирда қонуний ҳисобланади.

Партия тугатилганда, унинг мол-мулки ва маблағларидан фойдаланиш тартиби қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

21.2. Партия фаолияти тугатилган тақдирда қолган мол-мулк аъзолар, шунингдек раҳбар орган аъзолари ёки Партия ходимлари ўртасида тақсимланиши мумкин эмас ҳамда ундан қонунчиликда белгиланган тартибда фойдаланилади.

22. ПАРТИЯ УСТАВИ ВА ДАСТУРИГА ЎЗГАРТИРИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР  КИРИТИШ

22.1. Партиянинг Устави ва Дастурига  ўзгартириш ва қўшимчалар Қорақалпоғистон Республикаси,  вилоятлар ва Тошкент шаҳар партия  ташкилотларининг фикр-мулоҳазалари ҳисобга  олинган ҳолда ишлаб чиқилган Сиёсий Кенгаш таклифига биноан партия Қурултойи қарори билан киритилади. Ушбу масалага оид қарор Қурултойда қатнашаётган делегатларнинг учдан икки қисмидан кам бўлмаган овози билан қабул қилинади.

22.2. Партия Сиёсий Кенгаши Қурултойдан сўнг Уставга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига маълум қилади ва қайта рўйхатдан ўтказиш учун унга барча зарур ҳужжатларни тақдим этади.

23. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР

23.1. Партиянинг давлат органлари ва бошқа юридик шахслар билан муносабатларига тегишли, ушбу партия Уставида назарда тутилмаган масалалар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг бошқа Қонун ва қонуности ҳужжатларига мувофиқ  ҳал  этилади.