25 йил адолат йўлида

18.02.2020 16:02:57

 

Чорак аср кўҳна тарих учун киприк қоққунчалик оз фурсат бўлиб туюлар. Аммо вақтнинг шиддатли суръатини янада бойитадиган, унга кўламдор моҳият-мазмун бағишлайдиган шундай воқеликлар борки, улар хусусида алоҳида тўхталиб ўтмаса бўлмайди. Бундан йигирма беш йил муқаддам халқчил ғоялари билан янги сиёсий куч сифатида майдонга чиққан партиямизнинг ўзига хос тараққиёт йўли, танилиш, юксалиш босқичлари ҳам шундай эътиборга молик воқеликлардан биридир.       

Маълуки, ривожланишни истаган жамиятда битта шахснинг эмас, кўпчиликнинг овози янграши ва тингланиши лозим. Қарама-қарши фикрлар, баҳс-мунозаралар натижасида аксарият учун энг мақбул йўл танланади. Доно халқимиз билиб айтганидек, ҳақиқат баҳсларда туғилади. Бунда, айниқса, сиёсий ранг-барангликнинг алоҳида ўрни бор. Албатта, бу жараёнда адолатни таъминловчи энг асосий восита – ўз ғояси ва йўналишига эга сиёсий партиялардир.

Ривожланган кўппартиявийлик тизими, сиёсий партиялар ҳамда фуқаролик институтларининг етуклиги ва фаоллиги жамиятда амалга оширилаётган демократик янгиланишлар муваффақиятининг муҳим омили ҳисобланади. Қайси давлат ёки жамият мана шу табиий қонуниятлар ва сиёсий жараённи инобатга олмасдан, давлат ва ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни сунъий равишда тезлаштирса, у давлатчилик асосларини бузадиган, тартибсизликларга олиб келадиган ҳамда демократик қадриятларга путур етказадиган муаммоларга дуч келади ва охир-оқибат таназзулга юз тутади. Бунга ўтган асрнинг сўнгги ўн йиллигида инқирозга учраб, бутунжаҳон харитасидан ўчиб кетган шўролар давлатини мисол қилиб келтириш мумкин.

Шу боис Ўзбекистонда мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ кўппартиявийлик тизимини шакллантириш бўйича табиий шароитлар яратишга ҳаракат қилинди. Энг аввало, соҳанинг ҳуқуқий асослари яратилди. Дастлаб, 1991 йил 15 февралда “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Мазкур Қонун сиёсий партиялар ва жамоат бирлашмалари фаолиятини тубдан ислоҳ қилишга, жамоат бирлашмаларини давлат ва ҳукумат тизимидан ажралган ҳолда мустақил фаолият юритишига ҳуқуқий шароит яратиб берди. Шу тариқа Ўзбекистонда кўппартиявийликка йўл очилди ва жамиятда турли қарашлар, нуқтаи назарлар шаклланишига, уларни эркин ифода этиш, тарғиб қилиш, сиёсий плюрализмга замин ҳозирланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва унинг асосида қабул қилинган “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги ҳамда “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги ва бошқа бир қатор қонун ҳужжатлари аҳолининг турли қатламлари манфаатларини ифода этувчи жамоат бирлашмалари, сиёсий партиялар ташкил этилиши ҳамда уларнинг эркин ривожланиши учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлди.

Мазкур тарихий шароит ва имкониятлардан фойдаланган ҳолда бундан роппа-роса 25 йил аввал, янаям аниқроғи, 1995 йилда – мамлакатимизда илк социал-демократик йўналишдаги “Адолат” сиёсий партияси ташкил этилди.

Ўзбекистонда социал-демократик партия тузиш ғояси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида 44 нафар депутатни ташаббускорлар гуруҳига бирлаштирди. Бу депутатлар социал-демократик йўналишдаги  партия  тузиш заруриятини тушунган инсонлар эди. Ташаббускор гуруҳ ўзагини йирик жамият арбоблари: ўша йилларда «Халқ сўзи» газетаси бош муҳаррири Анвар Жўрабоев, Тошкент давлат университетининг ректори, академик Тўхтамурод Жўраев, Андижон давлат университети ректори, профессор Акмал Қосимов, Тошкент давлат юридик институти ректори, профессор Ҳалимбой Бобоев, 1-Тошкент давлат тиббиёт институти ректори, академик Турғунпўлат  Даминов, Олий Мажлис депутати Улуғбек Дониёров, Тошкент давлат техника университети проректори, профессор Содиқжон Қосимовлар ташкил этди.

1995 йил 18 февралда бўлиб ўтган партиянинг илк Таъсис Қурултойида 187 нафар делегатдан 185 нафари иштирок этди. Унда Ўзбекистон мустақиллигини мустаҳкамлаш, республикада демократияни ривожлантириш, ҳуқуқий давлат қуриш жараёнларини янада такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш мақсадларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясини тузиш ҳақидаги қарор, партиянинг дастури ва Устави қабул қилинди. Партиянинг Ўзбекистон фуқароларига мурожаати эълон қилинди. Республиканинг обрўли ва ўз таъсир доирасига эга бўлган 57 вакилидан иборат таркибда партия Сиёсий Кенгаши тузилди. Партиянинг бош шиори “Куч – адолатдадир!” деб белгиланди.

Шу куни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг биринчи пленуми бўлиб ўтди. Унда, асосан, ташкилий масаллар кўрилиб, партия Сиёсий Кенгаши ҳайъати ва Котибияти сайланди.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг биринчи котиби этиб Анвар Жўрабоев, иккинчи котиби этиб Абдували Ғуломмуҳамедов сайланди. Нажмиддин Комилов, Ҳалимбой Бобоев ва Улуғбек Дониёровлар партия Сиёсий Кенгашининг котиблари этиб сайландилар.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси шаклланиши ҳамоҳанг ривожланаётган социал-демократиянинг “ўзбек модели” ғарб социал-демократик партияларининг мафкурасини кўр-кўрона кўчиришдан мутлақо узоқдир. У, бир томондан, социал-демократия ғояларини қарор топтиришнинг илғор мамлакатларда синовдан ўтган тажрибасига, иккинчи томондан эса, улуғ бобокалонларимизнинг адолат, эзгулик, инсонийлик меҳр-мурувват ва саховат каби қарашларига, учинчи томондан, халқимиз, айниқса, электоратимизни қийнаб келаётган муаммолар ечими бўйича ташаббусларга таянади.

Ишонч билан таъкидлаш мумкинки, Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳозирда ўз тараққиётининг янги сифат босқичида турибди. Бу партия сафларининг минтақалардаги сони ортиши ва ташкилий жиҳатдан мустаҳкамлашувида намоён бўлмоқда. Агар 1995 йилда партия аъзоларининг сони 3400 кишига бўлган бўлса, 2000 йилда уларнинг сони 39 минг, 2005 йилда 52 минг, 2010 йилда 76 мингдан ошди. Ҳозирда Ўзбекистон “Адолат” СДП таркибидаги 6 мингдан ортиқ бошланғич партия ташкилотлари ўз сафига 400 мингдан зиёд аъзоларни бирлаштирган. Бу, ўз навбатида, партиянинг халқимиз орасида обруси ошиб, ижтимоий базаси кенгайиб бораётганлигидан далолат беради.

Партиямизнинг ташкилий жиҳатдан мустаҳкамланишида 2003 йилда Ўзбекистон  Байналминал Жангчи фахрийлар бирлашмаси билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида имзоланган шартнома катта аҳамиятга эга бўлди. Ўз сафларига 65 мингдан ортиқ фуқарони бирлаштирган бу ташкилот жойларда партия ташкилотларимизнинг фаоллигини оширишда мадад бериб келмоқда.

Бугун партия ўндан ортиқ жамоат, нодавлат нотижорат ташкилотлари, вазирликлар билан ҳамкорлик тўғрисида шартномаларни имзолаган бўлиб, кўплаб масалаларни улар  билан ҳамкорликда ҳал этиб, қонун лойиҳаларини такомиллаштиришда уларнинг салоҳияти ва кўмагидан фойдаланиб келмоқда. Ўз навбатида партия ҳам ушбу ташкилотларнинг фаолиятини амалий жиҳатдан қўллаб-қувватлайди.

Яна шуни таъкидлаб ўтишни истар эдимки, ҳар қандай мамлакатда аёллар ва ёшлар жамиятнинг энг асосий ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланади. Шу боис партиямиз ҳам улар билан ишлашни янги босқичга кўтариш мақсадида 2003 йилдан партия тузилмасида “Аёллар” ва “Ёш адолатчилар” қанотларини ташкил этди. Ана шундан кейин партия манфаатлари, мақсад ва вазифаларини амалга оширишда уларнинг иштироки ва таъсир доираси орта бошлади. Хусусан, бугунги кунда  партия сафида 190 минг нафардан ошиқ хотин-қизлар ва 160 минг нафардан кўп ёшлар бор.

Шубҳасиз, ҳар бир сиёсий партиянинг жамиятдаги ўрнини, халқ орасида қай даражада ишончга сазовор бўлаётганини сайловлардаги иштироки белгилаб беради. Бежизга сайловларни сиёсий партиялар учун ғалвир сувдан кўтариладиган пайт, дейишмайди. Чунки, айнан сайлов натижалари ва унда сайланган депутатлар фаоллиги сиёсий партияларни қайси йўлдан кетаётганини белгилаб беради. Ўзбекистон “Адолат” СДП Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига 1999, 2004, 2009, 2014 ва 2019 йилларда ўтказилган сайловларда фаол иштирок этиб, парламентдаги фракциясини тузиб, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларида ҳам ўз депутатлик гуруҳларига эга бўлиб келмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтишни истар эдимки, Адолат” СДП – ўзбек парламенти тарихидаги ҳар сайловда ўсишга эришаётган ягона партия ҳисобланади.

Жумладан, икки палатали парламентга ўтилган 2005 йилда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари 10 кишини ташкил этган бўлса, 2009 йилги сайловларда партиядан кўрсатилган 19 нафар номзод ғалаба қозонди. Партия депутати Дилором Тошмуҳамедова Олий Мажлис Қонунчилик палатаси тарихида илк марта аёл депутат сифатида Спикер лавозимини эгаллади ва партия аъзолари, хайрихоҳларимиз бу билан ҳақли равишда фахрланадилар. 2014 йилги сайловларда эса 20 нафар номзодимиз Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутат этиб сайланди.

2019 йил 22 декабрдаги сайловлар мамлакатимиз тарихи билан бирга Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фаолиятида ҳам алоҳида из қолдирди.

“Янги Ўзбекистон — янги сайловлар” шиори остида ташкил этилган сайловлар 2017 йилда бошланган очиқлик, ошкоралик, давлат идоралари халқ учун хизмат қилади каби кўплаб демократик қарашларни ўзида жамлаган ислоҳотларнинг узвий давоми бўлди. Амалда ҳам гувоҳи бўлдикки, мазкур сайловлар ўтган сайловлардан мазмун жиҳатидан ҳам, шакл жиҳатидан ҳам бутунлай фарқ қилди. Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам ушбу жараёнларнинг фаол иштирокчисига айланди.

Партиямиз томонидан олиб борилган тарғибот-ташвиқот ишлари ҳам ранг-баранглиги билан аввалгилардан мутлақо бошқача кўриниш касб этди. Бунда асосий эътибор телевидение ва босма нашрлар билан бир вақтда ижтимоий тармоқлар, веб-сайтлар, блогерлик каналларида постер, карикатура, видеоролик, блогпост каби ноанъанавий шаклларга қаратилди.

Тарғибот тадбирлари ҳам аввалгидек, ёпиқ биноларда мажлис форматида эмас, очиқ ҳавода, одам гавжум жойларда акция, митинг, учрашув шаклида ташкил этилди. Депутатликка номзодлар уйма-уй юрди, бозорларга, вокзалларга ташриф буюриш орқали тарғиботнинг халқона усулларидан фойдаланди.

Сайловолди жараёнларида оммавий ахборот воситалари ва блогерларнинг иштироки ҳам алоҳида аҳамият касб этди. Айниқса, партиялараро дебатларнинг жонли эфирда берилиши, партиялараро баҳслар кўпчиликнинг онгида қотиб қолган “барча партиялар бир хил” деганга ўхшаш стереотипларни бутунлай йўққа чиқарди ва фуқаролар партиялар ва уларнинг ғояларини бир-биридан ажратиб, улар билан ҳамнафас яшай бошлади.

Блогерлар иштироки эса ҳар бир партиядан ўзига бўлган талабчанликни ва ўз устида ишлашни талаб қилди. Чунки уларнинг танқидий нигоҳлари ҳар бир гапимизни ўйлаб гапиришга ундади.

Аҳамиятлиси, жорий сайловларда партиялар ва халқ бир тилда гаплашишга ўтди. Бунинг сабабини “Адолат” СДП мисолида айтадиган бўлсам, Сайловолди дастурини шакллантиришда аввалги қолип гаплардан, ҳаётдан узоқ назариялардан воз кечилди. Сайловолди дастуримизда халқимизни қийнаб келаётган муаммолар, уларнинг ечимлари аниқ кўрсатилгани туфайли бизни эшитишни ва тушунишни бошлашди. Ва энг асосийси, халқимизнинг бизга ишончи ортди, ўз муаммоларини, дардларини айта бошлади. Бу ишонч бизга янада кўпроқ масъулият юклаши билан бирга, келгусидаги ишларимизни аниқ мақсадлар асосида режалаштириб олишимизга ҳам хизмат қилди.

Партия томонидан кўрсатилган 24 нафар номзодимизнинг халқимиз Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайлади. Аҳамиятлиси, "Адолат" СДПдан сайланган депутатларининг 54 фоизини аёллар ташкил этди. Шу ўринда Олий Мажлис депутатлари орасида аёллар сони бўйича бундай юқори натижага ҳали парламентимиз тарихида бирор партия эришмаганини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтишни истар эдим. 

Партиямиз дастурида "Иқтидорли ҳамда юқори малакали хотин-қизларни давлат бошқаруви ва сиёсатга фаол жалб этиш асосий мақсад"ларимиздан бири сифатида кўзда тутилган. "Адолат" СДП сайлов олдидан берган ваъдаларни бажаришни бошлади. Сўзда эмас, амалда.

Бундан ташқари, “Адолат” СДП 2019 йилги сайловларда энг кўп ўсишга эришган партияга айланди. Тарихда илк бор учинчи ўринга кўтарилиб, депутатлар сони бўйича икки сиёсий партияни ортда қолдирди.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳлари ҳам анча фаоллашди. 2004 йилда маҳаллий Кенгашларда партия депутатлари сони 169 нафарни ташкил этган бўлса, 2009-2010 йилларда бўлиб ўтган сайловлар натижасида маҳаллий Кенгашларга партиядан 431 нафар депутат сайланди. 2014 йилда уларнинг сони қарийб икки бараварга кўпайиб, 871 нафарни етди. 2019 йилда эса маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимиз сони 842 нафарни ташкил этди. Бугун улар партия ва электоратимиз манфаатлари йўлида депутатлик фаолиятининг турли даражаларида фаолият юритиб, мақсад ва вазифаларимизни амалга ошириб келишмоқда.

Умуман олганда, партия 1995 йилда сиёсий майдонга чиқиб, барча даражада бўлиб ўтган давлат ҳокимияти органлари сайловларида ўз номзодлари билан иштирок этиб келмоқди. Яна шуни мамнуният билан қайд этиб ўтишни истар эдимки, партиямиз томонидан 2007 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлиб ўтган сайловларда мустақил Ўзбекистон тарихида биринчи бор аёл номзод Президентлик лавозимига кўрсатилди. 2007 йилги сайловда Дилором Тошмуҳамедова Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод сифатида иштирок этди. 2015 йилги ва 2016 йилги сайловларда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига партия Сиёсий кенгаши раиси Наримон Умаров номзоди кўрсатилиб, сайловлар жараёнида партия мавқеи ва обрўсини оширишга ўз муносиб ҳиссасини қўшди.

Партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси фаоллиги ҳам йилдан йилга ошиб бормоқда.

Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси парламентда кўриб чиқилаётган қонун лойиҳалари юзасидан партия позициясини ифодалаб, қонун лойиҳалари бўйича ўз амалий таклиф ва тавсияларини бериб келмоқда. Алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, ўтган йиллар мобайнида партия ташаббуси билан бир қатор ҳаётий қонунлар қабул қилинди ва амалиётга самарали жорий этилди. Жумладан, “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги, “Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги, “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонунлар партия сайловолди дастурларида ҳам ўз аксини топган эди.

Албатта, партиянинг дастурий мақсадлари ижроси халқ орасида танилувчанлигида маҳаллий кенгаш депутатларининг алоҳида ўрни бор. Президентимиз 2017 йил 12 июлда депутатлар ва сиёсий партиялар билан учрашувда барча даражадаги депутатларнинг халқ билан мулоқот қилиши лозимлигини асосий вазифа сифатида белгилаб берганларидан сўнг маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳам ўз фаолиятларини тубдан қайта кўриб чиқди ва кескин жонлантиришга эришди. Бу далил ва рақамларга мурожаат қилганимизда яна ҳам ёрқинроқ намоён бўлади. Мисол учун, 2009-2014 йилларда маҳаллий Кенгаш депутатлари томонидан жами 95 та масала сессияларга, 532 та масала доимий комиссияларга киритилган бўлса, 2014-2019 йилларда 677 та масала сессияларга, 1146 та масала доимий комиссияларга киритилди.

Партия депутатлари ва фаоллари томонидан 2014-2019 йилларда ўрганилган масалалар мазмун-моҳиятига кўра, мактабда тиббий хизмат, ўқувчиларнинг дарсликлар билан таъминланиши, таълим муассасаларида ижтимоий тенглик масалалари, соғлиқни сақлаш муассасаларининг ташкил этилиши, ички йўлларнинг таъмирланиши каби масалалар устуворлик касб этади.

Бугун партия нафақат давлат ҳокимияти қонунчилик ва вакиллик органларида, балки ижроия ҳокимият органлари таркибида ҳам ўз аъзоларига эга. Хусусан, Адлия вазири Русланбек Давлетов, Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов, Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов, Жаҳон тиллари университети, Тошкент техника университети, Архитектура ва қурилиш институти, Жиззах педагогика ва Жиззах политехника институти ректорлари, Самарқанд ва Қашқадарё вилояти ҳокими ўринбосарлари Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг фаол аъзоларидир.

Маълумки, мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги босқичига қадам қўйган ҳозирги вақтда барча соҳа ва тармоқларда чуқур демократик ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Ҳаракатлар стратегияси асосида жамиятимизда кўппартиявийлик, сиёсий плюрализм, фикрлар ранг-баранглиги, очиқлик ва ошкоралик тамойилларини кучайтиришга алоҳида эътибор берилмоқда.

Тўғри, 25 йил давомида партиямиз ташкилий жиҳатдан ва сиёсий томондан жипслашди, сиёсий майдонда ўз обрў ва эътиборига эга бўлди.

Бироқ, шу ўринда ҳали партиямиз олдида бир қанча долзарб вазифалар турганлигини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим, деб биламан. Давлатимиз раҳбарининг Парламент палаталарининг биринчи йиғилишидаги маърузаси ҳамда Олий Мажлисга Мурожаатномаси бундан буён партиялар ҳам, парламент ҳам янгича услубларда ишлашга ўтиши лозимлигини кўрсатиб берди. Биз партиямиз ва фракциямиз томонидан келгуси фаолиятимиз учун ечимини кутаётган зарур вазифалар сифатида бир қатор масалаларни белгилаб олдик. Хусусан:

– суд-ҳуқуқ соҳасидан норозиликлар кўп учраётгани боис партиямиз бу соҳада ислоҳотларни давом эттириш лозим деган хулосага келди. Жумладан, ҳар бир ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоранинг ўз тергов органи бор. Ёки вилоятлар ва туманларда турли йўналишларга белгиланган бир неча суд идоралари бор. Одамлар уларнинг қай бирига боришни билмайди. Шунинг учун тергов органларини бирлаштириш ҳамда жойларда ягона суд органини ташкил этиш таклифи билан чиқмоқдамиз. 

Иккинчи муҳим йўналиш бу тиббиёт соҳасида “Ақлли тиббиёт”ни жорий этиш. Шифохоналарга бюджетдан маблағ ажратилишини даволанган беморлар сони асосида амалга ошириш, маблағларни касалликлар профилактикасига кўпроқ йўналтириш, таълим муассасаларида тиббий хизматни йўлга қўйиш (болалар стоматологик, ясситовонлик хасталиклари) каби ташаббусларини илгари суряпмиз.

Шунингдек, дорилар ҳар бир ҳудудда ҳар хил нархда сотилмоқда. Ёки қалбаки дори воситаларининг ноқонуний айланиши ва унинг инсонлар саломатлигига зарари ҳаммамизга маълум. Шунинг учун юртимизга кираётган ва ўзимизда ишлаб чиқарилаётган ҳар бир дори воситасининг нархи, ишлаб чиқарувчиси ва бошқа маълумотларни ўзида акс эттирган электрон база яратиш таклифини илгари сурмоқдамиз.

Мактаб таълими соҳасида эса дарсликларни ишлаб чиқиш бўйича мутлақо янги тизим – “Дарсликлар бўйича илмий-тадқиқот институти” ташкил қилиш, ўқитувчиларнинг ҳуқуқий мақомини янада кўтариш, уларни судьялар, прокурорлар, депутатлар сингари дахлсиз бўлиши тарафдоримиз. Шу мақсадда “Ўқитувчининг мақоми тўғрисида” алоҳида қонун қабул қилишни таклиф қилаяпмиз.

Олий таълим соҳасида эса ўқув юртлари учун умумий қабул квоталарини давлат томонидан белгилаш тажрибасидан воз кечишни таклиф этмоқдамиз. Ушбу мақсадни амалга ошириш механизми сифатида сиртқи, кечки ва масофавий таълим шаклини кенг жорий этиш чораларини амалга оширамиз.

Сайловолди дастуримизда коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этишимиз лозимлиги ҳам белгилаб қўйилган. Ушбу жараёнга кенг халқ оммасини жалб этиш ва уларнинг коррупция ҳолатларини маълум қилганда рағбатлантириш, дахлсизлик ҳуқуқини кучайтириш бўйича чора тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш белгиланган.

Партия ўз олдига қўйган ана шундай вазифаларнинг аксарияти бугунги кунда халқимиз томонидан кенг муҳокама этилаётган 2020 йил –  “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга ошириладиган Давлат дастури лойиҳасидан ўрин олгани бизни қувонтиради, албатта. Шунингдек, мамлакатимиз раҳбарининг партиялар кўтариб чиқаётган муаммоларга алоҳида эътибор қаратаётгани, партияларга ишонч билдираётгани бизга фахр бағишлаши билан биргаликда зиммамизга улкан маъсулият ҳам юкламоқда.

Хулоса ўрнида шуни айтиб ўтишни истардимки, жамиятда адолат тантанаси учун курашаётган “Адолат” социал-демократик партияси, унинг депутатлик корпуси ҳамда 400 мингдан ортиқ аъзолари бундан буён ҳам “Адолат ҳар бир инсон учун”, “Куч – адолатда” каби ҳаётбахш ғоялар ижроси йўлида хизмат қилишда давом этаверади.

Наримон УМАРОВ,

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси

 

Улашинг!

Билдирилган фикрлар

Болтабоев Баходир Тошпўлатович
2020-02-19 11:03:35
Мақолани қисқа муддатда ҳар томонлама ўқиб-ўрганиб чиқдик. Хақиқатдан хам, мақолада келтирилганидек, ахоли саломатлиги, шубҳасиз, жамиятнинг барқарор ривожланиши гаровидир. Мамалакатимизда тиббиёт соҳасига эътиборни кучайганини бюджетдан ажратилаётган маблағларнинг йилдан йилга ошиб бораётганида хам кўришимиз мумкин. Шунингдек, мамлакатимизда ёшлар спортини ривожлантириш, уларни мунтазам спорт биланшуғулланиб боришлари учун хам эътибор кучаймоқда. Ушбу тизим йўлида спорт иншоотларини барпо этишни кучайтириш ва уларни замонавий инвентарлар билан жихозлаш учун барча зарур шароитлар яратилмоқда.Бу эса уларни хам манан хам жисмонан соғлом авлод бўлиб вояга етишлари учун асосий бўғиндир. Энг асосийси ушбу мақола партиямизнинг барча қатлами вакилларида катта ва унутилмас таассурот қолдираётганлиги диққатга сазовордир.

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+