“Адолат” - 25 ёшда” тантанасида фаол депутатлар тақдирланди

21.02.2020 17:02:52

Фарғона вилоятининг Фарғона шаҳридаги “Лаби ҳовуз” тантаналар уйида “Адолат” СДПнинг 25 йиллиги  муносабати билан  байрам тадбири бўлиб ўтди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП бундан 25 йил олдин 1995 йил 18 февраль куни мамлакатимиздаги илк социал-демократик партия сифатида  майдонга  кириб келди. Ўтган давр мобайнида партия сафлари  фидойи, шижоатли, етук, илғор замонавий фикрловчи кадрлар ҳисобига янада кенгайди. Вилоятимиз бўйлаб амалга оширилаётган ижобий янгиланиш ва ислоҳотларда партия ўзининг позициясини  илгари суриб, электорати сафини ошириш йўлида дадил қадам ташламоқда. Аҳолининг ҳуқуқий-сиёсий саводхонлигини оширишга қаратилган қатор лойиҳа ва ташаббуслари билан вилоятимизнинг ҳудудларида аҳолининг барча қатламлари  ичига кириб бормоқда.  Шунингдек, 2019 йилда бўлиб ўтган сайловда ҳам партия ўзининг ғоя ва таклифларини, Сайловолди дастурида кўзда тутилган  мақсадларини халқ олдида  кўрсата олди. Дарҳақиқат, бугун ишонч билан айта оламизки, “Адолат” партияси мамлакатимизда етакчи сиёсий куч сифатида шаклланмоқда. 

Тантана давомида  партия  фаолиятида  сидқидилдан меҳнат қилиб, унинг ривожи, истиқболи учун хизмат қилган фахрийлар, фаол депутатлар, партия кенгаши вакиллари,  фаоллар тақдирланиб, турли номинациялар бўйича дипломлар, ҳамкор ташкилотларга  партиянинг  ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди. 

“Энг содиқ партия Кенгаши раиси”, “Энг қадрли партия Кенгаши раиси”, “Энг интилувчан партия Кенгаши раиси”, “Энг фахрли партия Кенгаши раиси”, “Энг тажрибали партия Кенгаши раиси”, “Энг интизомли партия Кенгаши раиси” сингари номинацияларда ғолиблар аниқланди.   

-Партия фаолиятида йиллар давомида меҳнат қилиб, жамиятда ўз ўрним, жамоа олдида  ҳурмат топдим, – дейди Қувасой шаҳар Кенгаши раиси, Ўзбекистон “Адолат” СДП 25 йиллиги муносабати билан “Адолат фидойиси” кўкрак нишони соҳиби Дилобар  Мирзаева. –   Камтарона меҳнатларимни қадрлашганидан жуда хурсандман. Келгусида  янги-янги ғоялар, таклиф ва ташаббуслар билан  электоратимиз сафини кенгайтиришга ҳаракат қиламан.

Тадбир давомида  янграган куй-қўшиқлар, турли кўнгилочар дастурлар, интерактив ўйинлар  тантанага янада файз киритди. 

Камола ПОЛВОНОВА,

 Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши матбуот котиби          

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+