“Адолат”нинг ғоя ва мақсадлари ҳар бир инсон учун!

22.11.2019 17:11:44

Хабарингиз бор, шу кунларда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши томонидан соғлиқни сақлаш тизимида мавжуд  муаммоларни, хато ва камчиликларни ўрганиш ва уларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни белгилаш мақсадида юртимиз бўйлаб митинг-номайишлари мунтазам ташкил этилмоқда.

Жорий йилнинг 18 ноябрь куни “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши томонидан вилояти маркази - Янгийўл шаҳридаги Алишер Навоий номидаги истироҳот боғида  “Адолат ҳар бир инсон учун!” шиори остида сайловолди митинги ўтказилди. Унда партиянинг вилоят Кенгаши вакиллари, туман, шаҳар  Кенгашлари раислари, Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутатлари, депутатликка номзодлар, партия фаоллари, ОАВ вакиллари, шунингдек Янгийўл  шаҳри  аҳолиси  иштирок этишди.

Маълумки, партиямизнинг янги сайловолди дастурида асосий эътибор  аҳолига қулайликлар яратиш ва фуқароларимиз ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган. Хусусан, суд тизимини янада такомиллаштириш, соҳада очиқлик ва ошкораликни таъминлаш,  шунингдек, аҳолининг иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат ва бандлик, даромадларнинг адолатли тақсимланиши, ижтимоий хавфсизлик ва меҳнат муҳофазаси каби долзарб малалаларга алоҳида эътибор қаратилган. Партия томонидан соғлиқни сақлаш тизимига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Соҳага ақлли тиббиёт механизмини жорий этиш, пулли тиббий хизматлар  учун нархларни ҳудудлар бўйлаб бир хил белгилаш, сифатсиз ва қалбакилаштирилган дори-дармон воситаларининг олдини олиш шулар жумласидандир. Шу билан бирга олий таълим муассасаларига қабул квоталарини бекор қилиш, шартнома бўйича ўқиш имконига эга бўлган ёшларни олий ўқув муассасаларига кириш имтиҳонларисиз қабул қилиш ҳамда ўғил-қизларимизнинг олий маълумотга эга бўлишлари учун барча  қулайликларни яратиш, бундан ташқари хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини кучайтириш, ижтимоий фаоллигини ошириш ва уларни ҳақ-ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоя этиш каби масалаларни илгари сурмоқда.

Янгийўл шаҳридаги  тарғибот-ташвиқот  тадбири ҳам янгича услубда маданий-кўнгилочар акциялар тарзида ўтказилди. Бу ўз навбатида  партиянинг танилувчанлигини янада ошириш, партия томонидан илгари сурилаётган ғояларни кенг жамоатчиликка етказиш,  аҳоли билан  самимий ва ишончли мулоқот ўрнатишга хизмат қилди.

Митинг иштирокчилари партиянинг тарғибот материаллари, шиорларига катта қизиқиш билдирдилар. Самимий мулоқот давомида йиғилганлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга партия фаоллари ҳамда номзодлар томонидан аниқ ва батафсил жавоблар олишди.

Айниқса, вилоятда таниқли санъаткорларнинг ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, улғайиб келаётган ўғил-қизларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни турли ёт ғоялар, гиёҳвандлик, ичкиликбозлик каби зарарли иллатлардан ҳимоя қилиш, аҳоли ва айниқса ёшларда ижтимоий-сиёсий ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини юксалтириш руҳидаги чиқишлар барчага кўтаринки кайфият улашди.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон “Адолат СДП Тошкент вилояти Кенгаши раиси Умид Шоумаров партиянинг амалий ишлари, эришаётган натижалари ҳақида маълумот берди. Айни кунларда мамлакатимиз муҳим сиёсий жараён - Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови арафасида партиянинг жиддий тайёргарлик кўраётганини таъкидлаб, янги Сайловолди дастурида белгиланган лойиҳаларни таъсирчан ва ҳаётий мисоллар билан тушунтириб ўтди. Шунингдек, юртдошларимизнинг сиёсий билимларини ошириш, мамлакатимизда  олиб борилаётган ислоҳотларнинг нафақат иштирокчиси, балки фаол ташаббускорлари бўлишга чорлади.

Фотима САТТАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат”  СДП

Тошкент вилояти  Кенгаши

матбуот котиби

 

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+