“Адолат” СДП сайловолди дастурида қандай йўналишлар устувор?

07.11.2019 22:11:46

2019 йил 2 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги Халқаро ҳамкорлик марказида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг IХ Қурултойи бўлиб ўтди.

Қурултойда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Н.Умаровнинг “Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг фаолияти ҳисоботи ва янги босқичда партия вазифалари тўғрисида”ги маърузаси тингланди. 

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси бугунги кунда 414 478 минг аъзога эга. Мамлакатнинг барча ҳудудларида 6313 та бошланғич партия ташкилот, 201 та ҳудудий бўлинма, парламент ва ҳокимиятнинг маҳаллий вакиллик органларида депутатлик гуруҳлари мавжуд.

04_21.jpg

Ўтган ҳисобот даврида депутатлик корпуси томонидан доимий комиссияларга киритилган масалалар жами 428 та, сессияларга киритилган масалалар жами 233 та, мансабдор шахс ҳисоботлари жами 470 та ва депутатлик сўрови 4214 тани ташкил қилган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Н.Умаров ўз маърузасида таъкидлашича, ҳисобот даврида фракция аъзолари 43 та қонун лойиҳасига ташаббускор бўлган. Шундан 9 таси яхлит қонунлар бўлса, 34 таси мавжуд қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишдан иборат бўлди.

Хусусан, “Парламент назорати тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги, “Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Сайлов кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги, “Конституциявий суд тўғрисида”ги, “Қайта тикланувчи энергия манбалари тўғрисида”ги, “Яйловлар тўғрисида”ги, “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги яхлит Қонунлар қабул қилинишга эришилган.

07_11.jpg

Ҳисобот даврида фракция ташаббуси билан 4 та Парламент сўрови мутасадди вазирликларга юборилди.

Жумладан, сувни тежовчи технологиялардан фойдаланиш ҳолати, таълим муассасаларида ўқувчиларнинг соғлом овқатланишини ташкил этиш, фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва модернизация қилишга ҳамда “Баркамол авлод” болалар марказлари фаолияти тўғрисида ҳукумат вакилларига Парламент сўровлари юборилди. Натижада Ҳукуматнинг мазкур соҳаларни тартибга солиш ва янада ривожлантиришга қаратилган тегишли қарорлари қабул қилишга эришилди.

Қурултой делегатлари муҳокамалар доирасида партиянинг давлат ҳокимияти, қонунчилик ва вакиллик органларига бўлажак сайловларда фаол иштирок этиши бўйича устувор йўналишлари бўйича таклифлар қайд этилди. Қурултой мамлакатни демократлаштириш ва янгилаш, ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича устувор вазифаларни ҳал этишда “Адолат” социал-демократик партиясининг ўрни ва роли белгиланган “Адолат – ҳаётимизнинг бош мезони” деб номланган сайловолди дастурининг асосий қоидаларини кўриб чиқди ва тасдиқлади.

Янги дастурда асосий эътибор суд-ҳуқуқ, соғлиқни сақлаш, таълим ва илм-фан соҳалари ҳамда ташқи ва ички сиёсатга қаратилди.

Жумладан, соғлиқни сақлаш соҳасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, “Ақлли тиббиёт” тизимини шакллантириш, жойларда аҳолига малакали тиббий ёрдам кўрсатиш, дори-дармонларнинг ноқонуний айланиши устидан партиянинг қатъий позицияни билдириш, таъсирчан қонунчилик механизмларини ишлаб чиқиш белгиланди.

Суд-ҳуқуқ соҳасида тергов органларининг ягона тизимини яратиш, турли йўналишларга бўлинган судларни умумлаштириш, адвокатура институти мустақиллигини таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий маданият ва билимларни ошириш, коррупцияга қарши курашишга фуқароларни кенг жалб қилиш вазифалари режалаштирилган.

08_6.jpg

Шу билан бирга, партия аъзоларининг 25 фоизи меҳнат қилаётган таълим тизимда — умумий таълим соҳасида сифатни кескин ошириш, олий таълимда қабул квоталаридан воз кечиш, илм-фаннинг иқтисодиётда ролини кучайтириш белгиланган.

Дастурда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатори блогерлик фаолиятини ҳам тегишли қонунларда ҳуқуқий асосларини шакллантириш кўзда тутилган.

Қурултойда Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексининг 70-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига кўрсатилган номзодлар маъқулланди. Қурултойда, шунингдек, партиянинг олий органи ваколатига кирувчи бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди. Сиёсий Кенгаш ва Марказий Тафтиш комиссиясининг янги аъзолари сайланди. Партия Устави қабул қилинди. 

Манба: human.uz

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+