“Адолат” СДП депутатларининг илк иши шифокорлар ҳимоясига оид бўлади

09.01.2020 15:01:17

 

2020 йил 2 январь куни Наманган вилояти Учқўрғон туман шошилинч тиббий ёрдам бўлими жарроҳи О. Қ.га беморнинг тоғаси тажовузи оқибатида шифокор кўриш қобилиятини тўлиқ йўқотди.

2020 йил 5 январ соат 19.00 атрофида Сурхондарё вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида беморнинг бувиси томонидан Қабул бўлими ҳамшираси С.Б. шахсиятига тегадиган ҳақорат сўзлар билан бақириб, уни калтаклайди.

Афсуски, бу каби салбий ҳолатлар бугунги кунимизнинг одатий воқелигига айланиб қолди.

Янги парламентда Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси томонидан кўриб чиқиладиган илк қонун лойиҳаси шу каби тажовузларни олдини олишга қаратилган қонун лойиҳаси бўлади. Бу ҳақида “Адолат” СДП Сиёсий кенгаши раиси Наримон Умаров сайлов якунларига бағишлаб ўтказилган брифингда маълум қилди.

Қайд этиш лозимки, “Адолат” СДП фракцияси депутатлари ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Тиббий хизмат кўрсатиш билан боғлиқ касбий фаолиятини амалга ошираётган тиббиёт ходимларини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси 2019 йилда Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинган эди.

Унда бу каби нохуш ҳолатларни содир этган шахсларга нисбатан маъмурий ва жиноий жавобгарлик муқаррарлиги назарда тутилмоқда.

Жумаладан Маъмурий кодексда бундай маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олиш жазолари кўзда тутилган.

Жиноят кодексида эса, айни вазиятда уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоларини қўллаш илгари суриляпти.

Мазкур қонун лойиҳасида муҳокамалар жараёнида ушбу нормаларга нисбатан айрим депутатлар “умумий тартибда жавобгарлик бор-ку?!”, деб муносабат билдирди, яна бошқалари “ундай бўлса, ўқитувчилар ҳимояси учун ҳам қўшимча киритайлик”, деган фикрни илгари сурди.

Ушбу баҳс-мунозаралар натижасида ўтган чақириқ депутатлари мазкур қонунни охирига етказа олишмади. Аммо ушбу қонунни қабул қилиш қанчалик заруратга айланганини бугунги куннинг ўзи кўрсатиб турибди.

Бундан ташқари ушбу қонуннинг қабул қилиниши партия сайловолди дастурида ўрин олган ва сайловолди чиқишларда дебатларда бот-бот янграган “таълим, илм-фан, тиббиёт соҳаси ходимлари ҳамда зиёлиларнинг ижтимоий нуфузи, мақомини ошириш ва уларни ҳимоя қилишнинг самарали механизмларини яратиш” вазифасининг ижроси йўлидаги қадам бўлиб хизмат қилади.

 

“Адолат” СДП Матбуот хизмати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+