“Адолат” СДП: ЕОИИ аъзоликнинг ижобий ва салбий тўрт жиҳати

31.03.2020 13:03:54

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш масаласига бағишланган йиғилиши видеоконференция тарзида бўлиб ўтди. Йиғилишда онлайн тарзда депутатлар, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири маслаҳатчиси, Инвестиция ва ташқи савдо ва Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирликлари маъсул вакиллари иштирок этишди.

Олий Мажлисга Мурожаатномада Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш масаласи бўйича қарор қабул қилишда энг аввало халқимизнинг манфаатларидан келиб чиқиб, уларнинг хоҳиш-иродасига таяниш лозимлигига алоҳида урғу берилганди.

Таъкидланганидек, “Адолат” СДП фракцияси томонидан махсус ишчи гуруҳи тузилди. Улар қуйидаги йўналишларда таҳлиллар олиб боришмоқда:

  • ЕОИИга аъзо бўлиш мамлакат учун нима манфаат бериши ёки қандай салбий оқибатларга олиб келиши;
  • қисқа, ўрта ва узоқ муддатли истиқболдаги миллий иқтисодиётимиз ривожланишининг устувор йўналишларини иттифоқ билан муосабтлардаги кесишмалари;
  • ЕОИИ билан ҳамкорликнинг Ўзбекистонинг бошқа халқаро ташкилотлар, хорижий мамлакатлар билан ҳамкорлигига таъсири.

Йиғилишда “Адолат” СДП фракцияси махсус ишчи гуруҳининг дастлабки хулосалари тингланди.

Депутатлар ЕОИИга аъзо бўлиш Ўзбекистон иқтисодига нима беришига эътибор қаратишди.

Биринчидан, аъзолик ЕОИИ давлатларидаги мигрантлар масаласида айрим ижобий натижаларни келтириб чиқаради (2,5 миллиондан ортиқ фуқароларимиз мигрант сифатида меҳнат қилишмоқда). Улар ишлаш ва яшаш ҳужжати билан боғлиқ турли тўловлар учун чет давлатлар ҳисобига миллиардлаб доллар атрофида маблағ сарфламоқда. Аъзоликдан сўнг фуқароларимиз ушбу давлатларда патент олмасдан ишлаш имкониятига эга бўладилар ва пул жўнатмалари ҳозирги 4-5 млрддан 7-8 млрд АҚШ долларига етиши кутилмоқда.

Иккинчидан, аъзо давлатлар билан энергетика соҳасидаги ҳамкорлик яхши натижа беради, чунки улар газ қазиб олиш ва уни қайта ишлашда дунёда етакчи ҳисобланади.

Учинчидан, туризм соҳасида ҳам катта имкониятлар очилади. Халқаро юк ҳамда пассажир ташувлари соддалаштирилади.

Тўртинчидан, Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси ортади. Катта бозорга чиқиш ва ўзининг маҳсулотларини экспорт қилиш орқали айрим тадбиркорларимиз фаолияти янада кенгаяди.

Депутатлар аъзолик қуйидаги салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини таъкидлашди.

Биринчидан, ЕОИИга аъзо бўлиш натижасида мамлакатимиз саноати (автомобилсозлик, озиқ-овқат, фармацевтика ва бошқ) 2 млрд. АҚШ доллари атрофида йўқотишга учрайди.

Иккинчидан, ЕОИИ давлатлари ташқи савдо сиёсатини етарлича мустақил мувофиқлаштириш имкониятига эга эмас.

Учинчидан, депутатлар томонидан Евроосиё иқтисодий иттифоқи олдиндан белгиланган қоидалар орқали бошқариладиган ва низолар келишилган қоидаларга кўра ҳал эта оладиган ташкилотга ҳали айланиб улугурмаганлиги танқидий баҳоланди (таҳлилларга кўра, давлатларнинг муҳим манфаатлари тўқнаш келганда иттифоқ қоидаларини бир томонлама бузилиши кузатилмоқда).

Тўртинчидан, ЕОИИнинг энг асосий аъзоси (Иттифоқ иқтисодий потенциалининг салкам 85 % ташкил этувчи) Россия ҳозирги кунда халқаро санкциялар ва босим остида. Бу унинг иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатмоқда, охирги 2 йилда рубл бир неча баравар қадрсизланган. Ушбу мамлакат билан битта Иттифоқ доирасида ҳамкорликка киришиш келгусида бизнинг иқтисодиётимизга салбий таъсири мавжуд.

Фракция йиғилишида депутатлар ЕОИИга Ўзбекистонни аъзо бўлиб куриши натижасида вужудга келувчи оқибатларнинг дастлабки сарҳисобига таянган ҳолда ҳозирча фақат кузатувчи давлат сифатида киришини мақуллашди. Шунингдек, Парламентнинг Ишчи гурухи доирасида кенг қамровли таҳлиллар олиб бориш орқали маъсул мутахассислар билан муҳокамалар ўтказиш, уларни мунтазам равишда оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини ташкил этишга келишиб олинди.

“Адолат” СДП

Матбуот хизмати

Улашинг!

Билдирилган фикрлар

Хомидов Дилйор Жума Угли
2020-04-05 11:36:59
Bu ittifoqqa kirish O'zbekistonga juda katta imkoniyatlar beradi Rassiya bilan Qozog'iston bilan iqtisodiy aloqalarimiz kuchayib farmaseftika kon metalurgiya qishloq xo'jaligi eksporti zamonaviy robots texnalogiyalar ishlab chiqarish bizga rassiyadan import mahsulotlar kirishi arzonlashish transit sohasi va og'ir sanoat uchun bu ittifoq judda yaxshi kelishuv
Тошматов Шерали Хайдаралиевич
2020-03-31 19:39:53
Фойдаси билан зарарини хисоблаб курилар. Кай бири огир келади.. Мигрант сифатида кушилмаган макул бу мени фикрим. Бу ташкилот купрог россияни фойдасига ишлиди.

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+