“Адолат” СДП фракцияси қаршилигига учраган қонун лойиҳаси рад этилди

05.11.2020 18:11:45

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг Давлатимиз раҳбари бошчилигида ўтказилган мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштириш масалалари, “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақидаги, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳалари муҳокамаларига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди.

Видеоконференция шаклида бўлиб ўтган йиғилишда Президентимиз бошчилигида ўтказилган мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилиниб, мазкур ташаббуслар партия сайловолди дастурида белгилаб олинган вазифаларга ҳамоҳанглиги таъкидлаб ўтилди.

Сўзга чиққан депутатлар томонидан сўнгги йилларда Ўзбекистонда таълим тизимини комплекс ривожлантириш, малакали кадрлар тайёрлаш мақсадларига катта куч ва маблағлар йўналтирилаётганлиги, мактабгача таълим, мактаб ва олий таълим тизимлари, илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятида сифат ўзгаришлари рўй бераётганлиги ижобий ҳолат сифатида баҳоланди.

Фракция аъзолари томонидан партия сайловолди дастуридаги устувор вазифаларни ўзда акас эттирган мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштириш мақсадида ишлаб чиқилиб кенг жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилган Президент фармони лойиҳасига барча ҳудудий маҳаллий кенгашларда ҳамда бошланғич партия ташкилотларида соҳа ходимлари иштирокида муҳокамаларни ташкил этиб,ҳаётий таклифларни киритиш зарурлигига келишиб олинди.

Шунингдек, депутатлар томонидан Қонунчилик палатасига янги таҳрирда биринчи ўқишда киритилган “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонун лойиҳаси ҳам атрофлича муҳокама қилинди.

Қонун лойиҳасида илгари сурилган ташаббуслар муҳокамасида суғурта соҳасидаги истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган моддаларга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, қонун даражасида тўғридан-тўғри ҳаракат қоидаларини белгилаш ва суғурта фаолияти соҳасидаги муносабатларни бошқаришнинг ягона механизмини яратиш, суғурта соҳалари, синфлари ва турларини аниқлаш, суғурта бозорини тартибга солиш, суғурта (қайта суғурта) ташкилотлари лицензиялаш, тартибга солиш ва тугатиш хусусиятлари, суғурта брокерлари, бошқа жисмоний ва юридик шахсларнинг суғурта бозорида фаолият шароитлари, шунингдек, суғурта бозорини давлат томонидан тартибга солиш вазифалари бугунги ислоҳотларнинг талаби бўлиб қолаётганлиги таъкидланди.

Шуҳрат Полвонов, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси;

— “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биздаги амалдаги қонунни янгиланган варянти сифатида кириб келяпти. Қонунларни қабул қилишнинг ўз тартиб-қоидаси бўлади. Ҳозир сизлар олиб кирган “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг айрим нормалари Фуқаролик ва Меҳнат кодекслари орқали тартибга солинади. Агар биз ҳозир бу қонунни қабул қиладиган бўлсак, иккита ҳуқуқий ҳужжатда икки хил ҳолат вужидга келади. Шу боис “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси билан биргаликда юқоридаги икки кодекснинг қайси моддаларига ўзгартириш киритилади ана ўша солиштирмалар билан иккиси паралел ҳолатда Қонунчилик палатасига киритилиши керак эди.

Олтиной Мамирова, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси;

“Суғурта фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳасида суғрта кампаниялари ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратиш борасида аниқ механизимлар очиб берилмаган. Сайловчилар билан ҳудудларда бўлиб ўтган мулоқотлар жараёнида суғурта соҳаси билан боғлиқ ҳам кўплаб мурожаатлар келиб тушади. Жумладан, бугунги кунда кўпчилик тижорат банклари ўзларининг суғурта компанияларини очиб олган. Мижозларга эса фақатгина ўзларининг суғурта компанияси орқали суғурта қилдирсагина ҳужжатларни қабул қилишини билдиришади. Қонун қабул қилингач бу соҳада тўлақонли рақобат муҳити вужудга келиб юқоридаги каби ҳолатлар тўлиқ бартараф этилиши зарур.

Депутатлар томонидан қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлашда тавсифловчи характерга эга ҳамда замон талаблари ва воқеликларига тўлиқ жавоб бермайдиган моддалардан қочиш кераклиги, қонун лойиҳаси суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари ўртасидаги маъмурий муносабатларнинг барча жиҳатларини қамраб олиши, бевосита таъсир кўрсатиш хусусиятига эга бўлиши лозимлиги айтиб ўтилди.

Шунингдек, фракция йиғилишида Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақидагиқонун лойиҳаси ҳам қизғин бахс-мунозараларга сабаб бўлди.

Қонун ташаббускори бўлган Ички ишлар вазирлиги томонидан мазкур қонун лойиҳаси қабул қилиниши билан айрим тоифадаги ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш жараёнида ҳуқуқбузар содир этган қоидабузарлигига иқрор бўлиб, белгиланган жаримани судгача бўлган муддатда тўлаш истагини билдирса ёки жабрланувчининг ҳуқуқбузарлик субъектига нисбатан даъво аризалари йўқлиги маълум бўлса, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати маъмурий судлардан ички ишлар органлари профилактика инспекторлари ваколатига ўтказилиши назарда тутилмоқда.

Бундай ваколатларнинг маъмурий судлардан ички ишлар органлари профилактика инспекторларига ўтказилишига асос сифатида вазирлик вакиллари томонидан ҳудудлардаги маъмурий судларнинг аҳоли яшаш пунктларига узоқлиги ҳамда айрим ички ишлар органлари профилактика инспекторлари томонидан тузилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги баённомалар ўз вақтида судлар томонидан кўриб чиқилмаётганлиги айтиб ўтилмоқда.

Дилмурод Исмоилов, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси;

— Мазкур қонун лойиҳасининг ишлаб чиқилишига асос сифатида “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президен Фармони асос сифатида келтирилмоқда. Аммо қонун лойиҳасида мақсад бошқа тарафга қараб ўзгариб кетган. Шунингдек, қонун моддаларининг нега айнан биринчи қисмига ўзгартириш киритилиб, иккинчи қисмидаги мансабдор шахсларга тааллуқли қисми очиқ қолдирилмоқда?

Азизбек Икромов, Ички ишлар вазири ўринбосари;

— Бугунги кунда айрим турдаги ҳайвонларга озор бериш, фермерлик ҳудудларида ўсган ёввойи нашаларни ўз вақтида йўқ қилмаслик каби ҳолатларда юзасидан профилактика катта инспекторлари ва инспекторлар томонидан тузилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги баённомаларни судга тақдим этиш учун айрим ҳудудларда 100 км.дан ортиқ масофани босиб маъмурий судларга қатнаб оввора бўлишига тўғри келмоқда. Шунингдек, кўплаб шу ҳолатдаги судларга тақдим этилган ишлар ўз вақтида кўриб чиқилмасдан қолиб кетмоқда.Агар мазкур ҳолатда фуқаро инспектор томонидан тузилган маъмурий баённомага эътироз билдирса судга мурожаат қилишлари ҳам мукин бўлади.

Шуҳрат Полвонов, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси;

— Биринчидан, “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодексига бу ҳолатдаги ўзгартиришни киритиш учун аввал Олий суднинг хулосасини олиш лозим. Бу каби ваколатнинг инспекторларга ўтказилиши уларда имтиёзнинг кўпайиши ҳисобига коррупцияга мойилликни ошириши мукин. Иккинчидан, қонун лойиҳаси билан 100 кмдаги судларга сарсон бўлаётган профилактика инспекторларини бу ҳолатдаги сарсонгарчиликдан озод қилиб, фуқароларни агар тузилган маъмурий баёномадан норози бўлса ўша 100 кмдаги судларга қатнашга мажбур қилиб қўймаймизми?

Бу қонун лойиҳаси инсон ҳуқуқларини таъминлашда одил судловни амалга оширишга зид келишиҳамда фуқароларда эътирозлар пайдо бўлишига сабаб бўлади. Мазкур қонунлойиҳасини Ялпи мажлис кун тартибида Олий Суд вакиллари ва барча партия фаркцияси аъзолари иштирокида кўриб чиқишлозим.

Инсон ҳуқуқлари ҳамда адолат тамойилларидан келиб чиқан ҳолда “Адолат” СДП фракцияси аъзолари қаршилигига сабаб бўлган Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақидагиқонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида кўпчилик депутатларнинг этирози ва қарши овоз бериши натижасида рад этилди.

Муҳокамалар жараёнида фракция кун тартибида бўлган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасига ҳам партия ва фракция позициясидан келиб чиққан ҳолда бир қатор таклифлар билдирилди.

Қизғин бахс ва мунозаралар тарзида ўтган фракция йиғилиши якунида кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

“Адолат” СДП фракцияси ижрочи котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+