“Адолат” СДП фракциясининг биринчи таъсис йиғилиши ўтказилди

19.01.2020 16:01:58

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг таъсис йиғилиши ўтказилди. Унда партия Сиёсий Кенгаши ва Ижроия Қўмитаси аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган партия депутатлари, экспертлар ва партия фаоллари иштирок этдилар.

Тадбир аввалида партия Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров “Адолат” СДП Сайловолди дастурида белгилаб олинган устувор вазифаларни, партия сиёсатини тўлақонли ва уюшқоқлик билан ҳаётга жорий этишда Қонунчилик палатасига “Адолат” СДПдан сайланган депутатлар муҳим аҳамият касб этиши айтиб ўтилди.

Таъкидланганидек, 2019 йил 22 декабрь ва 2020 йил 5 январдаги сайлов натижаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига 24 нафар “Адолат” СДП номзодлари депутатлик мандатларини қўлга киритди. Бу эса, сайловчиларнинг “Адолат” СДП дастурий мақсадларига катта ишонч билан қараётгани ва бу барча партия фаоллари, айниқса Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП депутатлари зиммасига улкан масъулият юклаганлигидан далолат беради.

Йиғилишда шунингдек, “Адолат” СДП энг кўп ўсишга эга бўлиб, Парламентдаги депутатлар ўрнига нисбатан илк бор учинчи ўринга кўтарилиб, депутатлар сони бўйича сайловларда ўсишга эришаётган ягона партия эканлиги эътироф этилди.

Айниқса, “Адолат” СДП таркибида энг кўп аёл депутатлар сайланган партия сифатида ҳам ажралиб турибди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасига партиядан сайланган депутатнинг 55 фоизи аёллардир. Бу партия сайловолди дастурида устувор саналган вазифа – аёлларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, сиёсий жараёнларда пассив кузатувчи эмас, фаол иштирокчига айлантиришнинг амалий ифодасидир.

Таъкидлаб ўтилганидек, Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги Қонунида ҳамда “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги Қонунда белгиланган нормалардан келиб чиққан ҳолда ҳамда “Адолат” СДП Сайловолди дастурида белгилаб олинган устувор мақсад ва вазифаларни, партия сиёсатини тўлақонли ва уюшқоқлик билан ҳаётга жорий этиш мақсадида Қонунчилик палатасида “Адолат” СДПдан сайланган депутатлардан иборат партия фракциясини таъсис этиш лозимлиги қайд этилди.

Шу мақсадда тузиладиган фракция депутатлари, аввало Қонунчилик палатасида бўлиб ўтадиган ҳар бир масала юзасидан партиялараро тортушувларга дадил киришиш ва электорат манфаатидан келиб чиққан таклифларини илгари суриш ва ҳимоя қилиш лозимлиги алоҳида тўхталиб ўтилди. Чунки бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг суръати Парламентнинг ишини мутлақо янгича асосида ташкил этишни талаб қилади.

Алоҳида урғу берилганидек, Парламентни демократик ислоҳотларнинг локомотивига, сиёсий партиялар фракцияларини эса, ўз навбатида Парламент фаолиятини ташкил этишда етакчи кучига айлантириш лозим. Бунинг учун эса албатта “Адолат” СДПдан сайланган депутатлар Қонунчлик палатасида ўзининг мустаҳкам ва кучли фракциясини шакллантириш лозимлиги қайд этилди.

Йиғилиш иштирокчилари томонидан “Адолат” СДПдан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайланган 24 нафар депутатдан иборат партия фракциясини таъсис этиш бўйича таклиф ўртага ташланди. Ушбу масала атрофлича муҳокама қилингандан сўнг депутатлар томонидан якдиллик билан тасдиқланди.

Чинданда, янгиланган парламентда партия фракцияси кўпмиллатли депутатлар корпусига эга бўлгани эътироф этилиб, йиғилиш доирасида Қонунчилик палатасига сайланган барча депутатлар алоҳида таништирилиб ўтилди.

Шунингдек, таъсис йиғилишида фракциянинг ҳар бир депутати партия дастурини чуқур ва батафсил ўрганиши, том маънода партия ғояси учун ҳақиқий курашчига, электорат манфаатидан келиб чиқиб қонун ташаббусикорига айланиши лозимлиги айтиб ўтилди ва фракциянинг истиқболдаги муҳим вазифалари белгилаб олинди.

Хусусан, фракциянинг асосий вазифаси сифатида мамлакат Президентининг Конституция қабул қилинган куннинг 27 йиллигига бағишланган маърузасида Парламентга белгилаб берилган устувор йўналишларга эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.

Бунда, биринчи навбатда, қабул қилинажак қонунларни мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга ҳамоҳанглигини таъминлаш; иккинчидан, қонунларнинг ижтимоий-иқтисодий жараёнларга самарали таъсирини баҳолашнинг таъсирчан тизимини яратиш; учинчидан, қабул қилаётган қонунларни аҳолининг кенг қатламига етказиш, уларнинг ижроси ва қўлланилиши устидан парламент назоратини амалга ошириш; ва ниҳоят, фуқароларнинг ҳуқуқий билими ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш юзасидан депутатларнинг самарали иштирокини таъминлаш муҳимлиги айтиб ўтилди.

Шунингдек, сайловолди тарғиботида ҳар бир депутат сайловчиларга партия электорати манфаатларидан келиб чиққан ҳолда таълим, соғлиқни сақлаш, илм-фан ҳамда суд-ҳуқуқ соҳаларида бир қатор ваъдаларни бергани таъкидланди. Энди уларни амалга оширишга киришиш асосий вазифа сифатида белгиланди. Унинг учун ҳар йилги Давлат Дастурларига зарур қонунлар, Ҳукумат қарорлари ва бошқа чора-тадбирлар бўйича Парламент қўмиталари ва фракция ташаббуси билан таклифлар тайёрлаш белгилаб олинди.

Йиғилишда фракция раҳбарини сайлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди ва
“Адолат” СДП Ижроия қўмитаси таклифига биноан партия Сиёсий Кенгаши раиси Нариман Умаров Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари этиб бир овоздан маъқулланди.

Кун тартибидаги барча масалалар юзасидан тегишли фракция қарорлари қабул қилинди.

Анвар ЭГАМҚУЛОВ

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+